Линклар

АҚШ Австралиядаги қўшинлари сонини оширади


АҚШ президенти Австралия Бош вазири билан.

АҚШ президенти Австралия Бош вазири билан.


Канберрада Австралия Бош вазири Жулиа Гиллард билан учрашган АҚШ президенти Барак Обама икки давлат раҳбари Австралиядаги Америка ҳарбийлари сафини кенгайтириш тўғрисида келишувга эришганини билдирди.

Мазкур келишувга кўра¸ келаси йилдан бошлаб АҚШнинг 250 нафар денгизчиси Австралия шимолига жойлаша бошлайди ва беш йил давомида Америка ҳарбий-денгиз флоти хизматчилари сони 2500 нафарга етади.

Обаманинг айтишича¸ икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш Тинч океан ҳавзасидаги хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

- Бу минтақанинг аҳамияти кун сайин ошиб бормоқда. Келаси йиллар ичи бу ҳудудлар иқтисоди жаҳон иқтисодий ўсишининг асосий моторига айланади. Тижорат ва савдо кўлами муттасил кенгайиб бормоқда. Шу боис¸ нафақат бизнинг иттифоқимиз¸ балки бутун минтақа хавфсизлик архитектурасини 21-аср талабига мувофиқ янгилаш лозим¸ деди АҚШ президенти Канберрада ўтказилган матбуот анжуманида.

Австралияга АҚШ қўшинларининг жойлаштирилиши минтақадаги Хитой таъсирининг камайишига хизмат қилиши айтилмоқда.

Бу келишувга эътироз билдирган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Австралия шимолига Америка денгизчиларининг жойлашувини “мақсадга кўп ҳам мувофиқ эмас”¸ деб баҳолади.

Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг 60 йиллигини нишонлаш мақсадида Австралияга сафар қилаëтган президент Обама эртага мамлакат парламенти олдида чиқиш қилади.
XS
SM
MD
LG