Линклар

Ўқитувчи жиноятга қўл урмагани учун жазога тортилди

  • Садриддин Ашур

Пахта мавсумида пахта тераётган ўқувчилар ўрнига парта ва портретлар дарс ўтади.

Пахта мавсумида пахта тераётган ўқувчилар ўрнига парта ва портретлар дарс ўтади.

Бухоронинг Олот туманидаги мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари пахта мавсуми давомида ўтилмаган дарс соатларини расмийлаштириб бермагани учун ҳайфсан олди.


Бухоро вилоятининг Олот туманидаги 4-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғайбулла Бектошевга Олот тумани халқ таълими бўлими мудири эълон қилган ҳайфсан почта орқали юборилди.

Ўқитувчининг айтишича, бу ҳайфсаннинг эълон қилинишига, унинг мактаб директори ва халқ таълими бўлими мудирининг ғайриқонуний топшириқларини бажармагани сабаб бўлган:

- Мана 19 сентябрдан ўқувчилар ҳеч қандай буйруқсиз, фармойишсиз пахтага чиқиб кетди. Кейин 17 октябрдан дарсга келдилар. Районо мудири мени мажбур этмоқчи бўлдики, пахта вақтида ҳам ўқилди деб, ўқитувчиларга иш ҳақи табелини ëзасан, деди. Мен ноқонуний иш қилмаслигимни айтганимдан кейин почта орқали менга ҳайфсан берди, “ўз ваколати доирасидаги вазифасини бажармади”, деб,- дейди Ғайбулла Бектошев.

Ўқувчи ва ўқитувчилар эса далада тер тўкади.

Ўқувчи ва ўқитувчилар эса далада тер тўкади.

Директор ўринбосарига кўра, “ўтилмаган дарслар учун табел ёзгин” деган талаб мактаб директори ва халқ таълими бўлими мудири томонидан бир неча бор қўйилган. Бироқ Ғайбулла Бектошев бунга асос талаб қилган:

- “Пахтанинг буйруғини бер қўлимга, дедим. Ўқитувчи ҳақиқатан пахтада юрибди. Пахтага чиққанлиги учун молия томондан ҳақ тўлансин ўқитувчига. Дарсини қачон бўлса ҳам ўтсинда, дарсининг ҳам пулини олсин” дедим. Шундай бўлса ҳам мана келиб журналларни ëздирди. Ҳамма жойда аҳвол шу. Ўқитувчига “тўлиқ дарс ўтилди” деб ойлик келади. Лекин биз болани алдаяпмизку. Эртага келажагимиз нима бўлади? Бир менинг мактабимнинг ўзида 1780 соат дарс қолдирилди, бу кўзбўямачилик,- дейди Ғайбулла Бектошев.

Ўзбекистон халқ таълими тизимида анъанага айланиб қолган тартибга қарши йиллар давомида норозилик билдириб келишини айтади у.

Ғайбулла Бектошев пахта терими мавсумида ўтилмаган дарс соатлари учун табел ва синф журналлари тўлдириш ғайриқонуний ҳаракат эканлиги ҳақида вилоят халқ таълими бўлими, республика Халқ таълими вазирлиги ва прокуратурага мактуб ёзди. Бироқ бу мактублар ҳар сафар кўриб чиқиш учун вилоят халқ таълими бўлимига қайтиб келаверди.

Қонунни талаб қилган директор ўринбосари Ғайбулла Бектошевнинг ўзига “ваколат доирасидаги ишни бажармади” деган айб қўйилиб, унга ҳайфсан эълон қилинди.

Ўқитувчининг туман халқ таълими бўлими назарда тутган “ваколат доирасидаги иш”и эса табел ва журналларни тўлдирмаганлик бўлди.

Олот тумани ва Бухоро вилояти халқ таълими бўлимларидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Мусаев бу масалани ўрганиб чиқишлари ва яқин кунларда бунга асосли жавоб берилишини билдирди.

Ғайбулла Бектошев кўтарган муаммо бугун нафақат Олот тумани мактаблари, балки барча пахтакор туманлар мактаблари учун ҳам хос экани айтилади.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Зиёдилло Раззоқовнинг айтишича, ўтилмаган дарслар учун синф журналларининг тўлдириши собиқ иттифоқ давридан қолган "касалликдир":

- Ҳар йили теккан касаллик. Пахтада бўламизми, бошқа жойда бўламизми шундай келамизда бизга "беркитилган" дарс соатлари бўлса, ўтсак ўтмасак журнални қайта тўлдириб қўямиз. Чунки шунга давлат пул тўлайдида. Мана бугун ҳам бизда педсовет бўлди. Педсоветда айнан шу масалани айтаяпти. “Пахтада бўласанми бу ҳар йилги традиция. Қаëққа борсанг боравергин. Мажбурсан. Ўшани қайд қилиб тўлдириб қўясан” деб айтилади. Бу тўғридан-тўғри жиноят. Лекин бундан кўз юмишга мажбурмиз,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Сурхондарё вилоятидаги мактаблардан бирининг исми сир қолишини истаган директори бу хусусда гапирар экан “бу ёлғонлар учун ўқувчининг кўзига қарашга ҳам одам уялади”, дея таъкидлади:

- Шу журнални ëзасан, дейди. Дарс ўтди, деб ëздиради. Ўқитувчи ўқувчининг олдида муттаҳам бўладида. Кимгадир таваккал баҳо қўядида. Баъзан ўқитувчи бўлганингга ҳам ачиниб кетасан-да. Болаларнинг кўзига қарашнинг ўзи оғир бўлади,- дейди мактаб директори.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG