Линклар

Журналист тожик-ўзбек муносабатларининг тузалишига ҳисса қўшмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик журналист Сафват Бурҳонов.

Тожикистонлик журналист Сафват Бурҳонов.

Тожик журналисти Сафват Бурҳонов Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларини халқ дипломатияси воситасида яхшилаш ташаббуси билан чиқди.


Бурҳонов сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари муносабатида пайдо бўлган дарз минглаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик турмуш даражасининг ёмонлашишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

У ўзбек-тожик муносабатларидаги совуқчиликда Россия, АҚШ, Хитой ва Эрон каби йирик давлатларни айблайди.

- Ўзбек ва тожик халқининг бир тану бир жон бўлишини Жомий ва Навоий ҳам хоҳлаган. Бу ғоя бугун мендан чиққани йўқ. Бу ғоя асрлар давомида икки халқ зеҳниятида бўлиб келган. Тарих гувоҳ - биз ҳеч қачон бир-биримиздан бунчалик узоқлашиб кетмагандик. Бизни қудратли давлатлар ҳар йўл билан бегоналаштиришга уринаяпти. Лекин биз ўзлигимизни англашимиз керак. Президентларимиз, вазирларимиз дўппини ерга қўйиб, боши берк бу йўлдан чиқиш чораларини қидириши лозим, - дейди Сафват.

Акс ҳолда, тожик журналисти фикрича, ҳокимиятдан ағдарилган Каддафий ва Муборакнинг қисмати улар бошига ҳам тушиши мумкин.

Мақсадим – ахборот урушини тўхтатиш

Тожик жамятида илк бор тузиладиган “Халқ ҳаракати” ташкилоти бошқа нодавлат ташкилотларидан фарқли равишда давлат қайдидан ўтмаслиги маълум бўлди.

Чунки, тузилажак ташкилот ташаббускори Бурҳоновга кўра, давлат қайдидан ўтган ҳар қандай ташкилот ўз олдига сиёсий ёки иқтисодий мақсад қўяди.

- Бизнинг мақсадимиз эса ўзбек ва тожик халқининг бирлашишига холис хизмат қилиш, икки биродарни бир-бирига қарши қўяётган ахборот урушини тўхатишдир. Ўзбек ва тожик халқи бирлигини истаган ва “шунга хизмат қиламан” деган киши бизга эргашсин, - деди Сафват Бурхонов.

Сафват ўз ташкилоти халқ дипломатиясидан фойдаланган ҳолда фаолият юритишини билдирди. Яъни мазкур ташкилот Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг ички ва ташқи сиёсатига аралашмаган ҳолда, алоҳида ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан тўппадан-тўғри музокарага қилиб, мавжуд муаммолар ҳал қилишга уринади.

Сафват Бурхонов халқ дипломатияси ўртадаги тўсиқларни олиб ташлашига ишонишини айтди.

Халқ дипломатиясига эҳтиёж кучли

Аснода маҳаллий зиёлилар ва оддий фуқароларнинг кўпчилиги тожик жамиятида шундай бир ташкилотнинг ташкил топишини олқишламоқда.

“Нигоҳ” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Саймуддин Дўстов мулоҳазасича, бугунги шароитда халқ дипломатиясига эҳтиёж кучли.

- Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасида вужудга келган бўҳронли вазиятда, ҳукуматлар у ёки бу масалада бир келиша олмаётган айни пайтда, менимча, халқ дипломатиясининг фаоллашиши жуда зарурдир, - дер экан Дўстов ўзбекистонлик ва тожикистонлик зиёлиларни бу ҳаракатга бирикишга даъват этди.

Дўстов жаноблари кузатувларига кўра, ҳар иккала республика фуқаролари бир-бирининг дийдорига ташна.

- Бизнинг яқин қўшнимиз Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатимиз ҳар иккала томоннинг ҳам фойдасига бўлади, деб ўйлайман. Шуни назарга олган ҳолда, бир-биримизга яқинлашиш ва бирикишга урунишларни қувватлайман, - дейди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ масъулларидан бири Игор Сатторов.

Ўзбек ва тожик муаммоси фақат юқорида ҳал бўлади

Аммо бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар тожик журналисти Сафват Бурҳонов бошлаб берган иш кутилган натижалар беришига шубҳа билан қарамоқдалар.

- Халқ дипломатияси шунчаки ёрдамчи омил бўлиши мумкин. Лекин у ўз олдига қўйган мақсадларга эришишига ишониш қийин. Чунки икки республика муносабатларига боғлиқ ҳар қандай қарор фақат юқорида қабул қилинади. Бу ўринда халқ талаби, халқ назари эътиборга олинмайди, - дея мулоҳаза билдирди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.

Айни пайтда Тожикистондаги ўзбек дипломатлари ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларини яхшилашга хизмат қиладиган ҳаракатни қўллаб-қувватлаши маълум бўлди.

Бироқ, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида ишловчи аноним суҳбатдошимизга кўра, Тошкент ҳозирча бу ғояга эҳтиёткорлик билан ёндошишни афзал кўрмоқда.

“Лекин ғоя - яхши ғоя”, деди суҳбатдошимиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG