Линклар

logo-print

Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган автомобил моторларини ишлаб чиқариш заводининг қиймати 522 миллион АҚШ долларига тенг. GM-Uzbekistan қўшма корхонаси учун моторлар етказиб бериши кўзда тутилган корхонанинг 52 фоиз улуши АҚШнинг GM ширкати, 48 фоизи "Ўзавтосаноат" давлат ширкатига қарашлидир.


GM-Uzbekistan қўшма корхонасидан олинган маълумотга кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги янги заводда 15 ноябр куни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳозирда завод тўла қувват билан ишламаяпти, заводнинг фақат битта блоки ишга туширилди, деди қўшма корхона вакили.

"Ўзавтосаноат" ширкатининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, қиймати 522 миллион АҚШ долларига тенг янги завод акцияларининг 52 фоизи GM га, қолган 48 фоизи эса, "Ўзавтосаноат" компаниясига қарашлидир.

Унга кўра, ҳозирда заводда фақат уч турдаги мотор ишлаб чиқариши режалаштирилган.

- Заводдан чиқадиган моторлар 1,2 Spark билан Matizга, 1,5 Нексияга чиқади,- деди суҳбатдош.

Янги заводда ишлаб чиқарилаëтган 1,2 ва 1,5 литр ҳажмдаги ëнилғи тежовчи Ecotec моторлари Ўзбекистондан ташқари Жанубий Корея ва Хитойда GM ширкатига қарашли заводларда ҳам ишлаб чиқарилади ва улар Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларига етказилади. Айни пайтда дунёнинг 18 та давлатида автомобиль двигателлари ишлаб чиқарилади ва Ўзбекистонда турдош корхонанинг иш бошлаши унинг мазкур рўйхатга киришидан далолатдир.

Суҳбатдошга кўра, айни пайтда завод қурилиши битган бўлса-да, унинг тўла қувват билан ишга туширилиши 2013 йилга мўлжалланган.

Бугунги кунда заводда техник асбоб ускуналарни ўрнатиш жараёни давом этаётганини айтган суҳбатдошга кўра, заводга хориждан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилмоқда.

- GM совместно қилинган. Бу ерга янги технология олиб кирилган. Заводнинг 55 гектар территорияси бўлса, 1200 нафар одам ишлайди. Бунча ишчи шундай катта заводга камда. Нима сабабдан 1200 одам ишлайди? Чунки янги технология бор. Компютерний оборудование бор,- дейди Ўзавтосаноат ходими.

Йилига 360 минг дона мотор ишлаб чиқариш қувватига эга янги завод келгусида GM нинг барча русумдаги машиналари учун моторлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

"Ўзавтосаноат" ширкати ходими янги завод махсулоти сифатли бўлишига ишонишини айтади.

- Сифатига ҳеч гап бўлиши мумкин эмас. Техникалар ҳаммаси Америкадан келтирилган, GM поставка қилаяпти. Заводга энг олди технология келтирилаяпти. Бизларнинг болалар ҳозир Германияда ўқишаяпти. Раҳбарлар, техник болалар ҳаммаси инглиз тилини мукаммал билишади,- деди Ўзавтосаноат ходими.

GM-Uzbekistan қўшма кўрхонаси Ўзбекистонда 2008 йилда ташкил қилинган.

2008 йилнинг мартида мазкур компания Андижон вилоятининг Асака шаҳрида жойлашган Daewoo Motor компанияси заводини сотиб олиб, унинг асосида “GM Uzbekistan” қўшма корхонасини барпо этди. Корхона капиталининг 25 фоизи GM, 75 фоизи эса – “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясига тегишли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG