Линклар

Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради. Бировлар ҳафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу! Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни. Шундай қилиб, навбат “Телевизор” рукни остидаги навбатдаги эшиттиришга.


Бугун мақтамоқчиман “Ўзбекистон” телеканалидаги ҳамкасбларимни.

Киноя-пиноясиз, кесатиқ-месатиқсиз айтяпман бу гапни.

***

Сигаретни уйда бемалол пўриллатиб, телевизорни ёқдим.

Умуман чекишни ва хусусан уйда чекишни бир умр тақиқлаб келаётган келин(ой)ингиз уйда йўқ – ҳуррият – кўзининг қорачиғи – яккаю ягона неварасига сарпо олишга кетган.

“Ҳой хотин, кийим олаверасанми, ахир бу кетишда сенинг битта неварангни деб, прагаликларнинг болалари яланғоч қопкетади-ку!” десам, “Ишингиз бўлмасин!” дейди.

Мен хотинга мағоза кезишни тақиқлай олмадим ўттиз йилдан бери. Ўттиз йилдан бери хотин менга чекишни тақиқлай олмади.

Биру бир!

***

Ўпкага тутун кириши биланоқ миянинг фалсафа кафедраси эшиги очилиб кетади. Тақиқнинг табиати ҳақида ўйлай бошлаб, телевизорни ёқдим.

Экранда “Qorachiq” деган ёзув пайдо бўлди.

“Qora” сўзи оқ, “Chiq” сўзи қора фонда бўлгани учун амнистия тўғрисидаги кўрсатувмикан, деб ўйладим.

Йўқ, адашибман. Амнистия тўғрисидамасакан. Тақиқ тўғрисида экан кўрсатув.

Фарзанд тарбиясида тақиқнинг фойда-зарари тўғрисида экан.

Аввалига, мен катта бўпқолдим бунақа кўрсатув кўришга, дедим.

Яхшими-ёмонми, ишқилиб, болаларимни тарбиялаб бўлдим, дедим.

Энди боламнинг боши қотсин боласига ул-бул нарсани тақиқлаш устида, дедим.

Ва ўчириб қўймоқчи бўлдиму телевизорни, лекин бир дақиқа олдин ўзим ҳам тақиқнинг табиати устида ўйлай бошлаганим учун кўравердим.

Яхши кўрсатув бўпти. Кўримли. Енгилгина. Ҳатто кўрсатув эксперти – филолог домланинг панд-насиҳатлари ҳам анъанавий ўзбекча ўгитлардай малол келадиган даражада зил-замбил эмас.

Жасур Зиëмуҳаммедов - филология фанлари номзоди¸ доцент

Жасур Зиëмуҳаммедов - филология фанлари номзоди¸ доцент

Кўрсатувдан парча:

“Ота-оналаримиз керак нокерак, ўринли ва ўринсиз тақиқларга сабаб бўлиб қолаяпти. Бундай тақиқлар олган фарзандларимиз келгусида ўзларига нисбатан ишончни йўқотиш билан бир қаторда айниқса ўғил болаларимиз келгуси ҳаëтларида эмин-эркин ҳаëтларини давом эттиришда тўсиқларга дуч келиб қоладилар”.

Қизини футболга берган қаршилик онанинг гапларини эшитаркан, мен яхши ота бўлолмабман, деб ҳатто ҳижолат бўлдим.

Кўрсатувдан парча:

“Битта қизим жисмоний машқ қилишга қизиқади. Аввал ëшлигида уни 5-6 ëшлигида чекладим. Футболга кўп қизиқаëтганини сезиб қолдимда.

Кўрсатув бошловчиси: Тақиқладингиз.

Ҳа. Аввал тақиқладим. Кейин у ўша нарсага интилганлиги сабабли, қизиқиши кучлилиги сабабли кейин ўзим ўшанга тан бердим. Тан бердим ва фарзандимни Қарши шаҳридаги қизлар "Севинч" футбол клубига олиб бориб қўйдим”.

Бу гаплардан кейин кичик қизим Саида олдида айбимни тан олишга мажбурман: қизим, эсингдами, сен гитара чалишни ўрганмоқчиман, оберинг, деганингда, обермаганим – ўзбекнинг қизи гитара чалмайди, деб зарда қилганим?

Ўзбекнинг қизи ана, тўп тепяптийкану! Осмон узилиб тушмабдику!

Нима билан тугатишаркин кўрсатувни, қандай хулоса қилишаркин, деб қизиқиб, охиригача кўрдим.

Хулосаям ёмон бўлмади. Ҳар ҳолда, менимча, ёмон бўлмади.

Кўрсатувдан парча:

“Фарзандингизга кинога бормасликни таъкидладингиз. Унинг кинога бормаганлигига аминмисиз? Уларга тақиқ орқали чегара қўйманг”.

Тўғри, телевизордан “ундоқ қилинг, бундоқ қилинг”, деб ақл ўргатишларини ёқтиравермайману, лекин негадир, шу кўрсатувда қаҳрим қўзимади.

Қаҳрим қўзимаганига, балки кўрсатув муаллифининг мана бу таъкиди сабабдир:

Кўрсатувдан парча:

“Унутмангки, чегара, тақиқ қанчалик мустаҳкам бўлса, фарзандингиз уни бузиб, яширин фойдаланишга ҳаракат қилади. Ширин муомала, сабр билан дилбандингизни тинглай билишингиз, унга ишонишингиз муаммолар ечими. Қатъий тақиқ ижобий натижа бермаслигини эсда тутинг”.

Хўш, бу гапни Ўзбекистондаги оталарнинг ҳаммаси, хусусан, Энг Катта Ота ҳам эшитдимикан?

Ахир Энг Катта Отани Гулнорахону Лолахондан ташқари бошқа ўзбекистонликлар ҳам “отамиз”, дейди.

Масалан, куни кеча Озодликка мурожаат қилган марғилонлик келин ҳам шундай деди:

- Мен Ислом Абдуғаниевич Каримов отамизга ариза биламн мурожаат қилган эдим... деган эди марғилонлик келин.

Qorachiq кўрсатуви муаллифларининг ўгитларидан келиб чиқсак, Энг Катта Ота Яхши Ота бўлолмапти.

Яхши Ота бўлганида ўн мингдан зиёд боласини экстремистликда айблаб қамоқда сақламасди;

Яхши Ота бўлганида шаклан демократик, мазмунан коммунистик қарашларига шерик бўлмаган мухолифларини мамлакатдан қувиб чиқармасди...

...десам, менинг танқидчим, “кўрсатув оила тўғрисида, сиз эса, бутун бошли давлатдаги ишларни айтаяпсиз, аралаштирманг”, деб танбеҳ беради.

Вой-вой-вой, Оила жамиятнинг бир Ячейкаси эмасмиди?!

Ўша ячейкалардан ташкил топадиган Жамият Катта Оила эмасми?!

Хуллас, иккидан бири: ё Qorachiq кўрсатуви муаллифлари ўз хулосаларида янглишганлар, ёки Энг Катта Ота ўз сиёсатида янглишмоқда.

Мана шунақа зиддият!

***

Qorachiqни кўриб бўлдим. Ўқиб бўлаёзганингиз битиклар ҳам якунига етиб қолди.

Қарасам, хона тутунга тўлиб бўпти. Ҳадемай, кўзи қорачиғи – неварасига олган сарполарни кўтариб келин(ой)ингиз келиб қолади.

Шоша-пиша деразаларни очаман. Хонадан тутун чиқиб, ўрнига Праганинг совуқ ҳавоси киради.

Демак, барибир, хотиндан бугун гап эшитишим бор: деразани очмасам, тутун учун танбеҳ берган бўларди.

Очдим – уйни совутворганим учун гап эшитаман, энди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG