Линклар

logo-print

Ўтган йилнинг 4 июн куни Чирчиқ шаҳар жиноий ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, 16 нафар қувалик узоқ муддатларга қамалган.


Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи (ЎМИҲТГ) 16 ноябр куни эълон қилган баëнотга кўра, 2010 йилнинг 4 июн куни Чирчиқ шаҳар суди биносида ўтказилган мажлисда Тошкент вилояти Жиноий ишлар бўйича суди ҳайъати чиқарган ҳукм тафсилотлари маълум бўлган.

Махфий ва ëпиқ ўтказилган мазкур суд мажлисида 16 судланувчи 15 йилдан 17 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Фарғона вилоятининг Қува туманида яшаб келган судланувчилар, ЎМИҲТГнинг билдиришича, 2009 йил декабри ва 2010 йил январида Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний равишда ҳибсга олинган, тергов изоляторида қўлланилган шавқатсиз қийноқлар воситасида улар қилмаган айбига иқрорлик кўрсатмасига қўл қўйган. Тергов жараëнига адвокатлар мутлақ киритилмаган.

Қувалик судланувчилар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 127, 155, 159, 161, 216, 223, 242, 244-1, 244-2 ва 246 моддалари бўйича, терроризм, Ўзбекистон Республикаси констутуцион тузумига тажовуз, тақиқланган ижтимоий-диний гуруҳлар тузиш, чегарани ноқонуний бузиб ўтиш каби жиноятларда айбдор деб топилган.

Тергов хулосасининг қийноқлар асосида олинган иқроргагина асослангани¸ унда судланувчилар айбини исботловчи бирор жиддий далил йўқлигини таъкидлаган ЎМИҲТГ¸ айбланганлар орасида Мамлакат Қодирова деган аëл ҳам борлигини билдирди.

Айблов хулосасига кўра, Қодирова 1999 йилги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилган Шавкат Маҳмудов деган шахснинг учинчи хотини бўлган. Маҳмудов “Ислом жиҳодчилари” деган гуруҳ аъзоси сифатида 2009 йилнинг 29-30 август кунлари Тошкентда ўтказилган амалиëт пайтида ўлдирилган ва Қодирова “террорчининг хотини”деган айб асосида 15 йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Чирчиқдаги маҳкама жараëни махфий тарзда ўтказилгани учун унга судланувчиларнинг яқинлари чақиртирилмаган, унда қатнашган адвокатлардан эса, маҳкама ҳақида маълумот тарқатмаслик тўғрисидаги тилхатга қўл қўйиш талаб қилинган.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, қуваликлар 1999 йилдаги Тошкент портлашларига алоқадорлик ва Абдували қори ҳамда Обид қориларнинг издошлари сифатида айбланганлар.

Қуйида Суръат Икромов билан суҳбатни тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG