Линклар

“Баҳс майдони”: Ўзбекистоннинг қўшниларга муносабати қандай?

  • Садриддин Ашур

Қўшни ресупбликалар чегараларидаги нохуш воқеаларга давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги совучилик сабаб бўлиши айтилади.

Қўшни ресупбликалар чегараларидаги нохуш воқеаларга давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги совучилик сабаб бўлиши айтилади.

Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан тутаётган сиёсати ҳақида нима дейсиз? мавзусида тожикистонлик ва ўзбекистонлик тингловчилар Баҳс майдонида тортишади.


Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг қўшни давлатлар билан илиқ муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилди деб бўлмайди.

Зеро, сўнгги йилларда, айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегаралар янада мустаҳкамланди, чегардош ҳудудларга миналар кўмилди, тиканли симлар тортилди, хандақлар қазилди. Чегараларнинг у ва бу томонида яшаётган аҳолининг борди-келдиси жуда оғирлашди.

Ўзбекистон ҳукумати айни пайтда Тожикистон ва Туркманистон билан виза тартиби жорий қилган. Қирғизистон билан амал қилган виза тартиби икки йил аввал 60 кунлик визасиз бориб келиш тартиби билан алмаштирилди.

Куни кеча Тожикистоннинг Нов тумани ва Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри ўртасидаги халқ орасида “Плотина” деб юритиладиган назорат-ўтказув постида кўнгилсиз воқеа рўй берди. Чегарачилар ўртасидаги отишмада бир ўзбек аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистон ҳукумати виза тартиби террорчи-экстремистлар ўтишининг ва наркотиклар контрабандасининг олдини олиш мақсадида жорий қилинганини иддао қилади.

Бироқ Тожикистонда яшаётган ўзбеклар Ўзбекистон ҳукуматининг қўшниларга нисбатан тутаётган сиёсатини қўллаб-қувватламаслигини айтади.

Баҳс майдони иштирокчилари Сирдарё вилоятининг Ховос туманига қўшни бўлган Тожикистоннинг Зафаробод туманида истиқомат қилувчи 70 ёшли Бегали Ашурматов. У узоқ йиллар ҳукумат идораларида ишлаган, айни пайтда фермерлик қилади.

Бегали Ашурматовнинг оппоненти Жиззха вилоятининг Бахмал туманида яшовчи тадбиркор, 54 ёшли Очил Мирзаев.

Баҳсни Бегали Ашурматов бошлаб беради:

Бегали Ашурматов: Ўзбекистон қўшниларга нисбатан яхши сиёсат олиб бормаяпти. Ўртада виза жорий қилинган, бу бизга жуда оғир тушяпти. Мана темир йўлни у ёғида, Ховос туманида, 3 километр масофада қайнонам яшайди. Ўша оғир касал бўлиб қолди. Ўлаётганда ҳам, кейин ҳам маракаларига бора олмадик.... Бизнинг атрофимизда кўп отишмалар бўп туради, чегарада. Биласизми, шу пайтгача тожикистондан18 киши чегарачилар ўқидан ўлдирилди, буларнинг ҳаммаси ўзбеклар, ҳа, ўзбеклар.....

Очил Мирзаев: Биринчидан, сиз қонунни ўрганинг, қонунни билмасангиз, ҳеч ким сизга ёрдам бермайди. Агар загранпаспорт олишингиз қийин бўлса, у сизнинг ҳукуматингизни муаммоси. Энди қарангда, Тожикистон, Қирғизистонни ўзи 7-5 миллион аҳолиси бўлсаю, бир-бирини гўштини еб ётган бўлса. Энди инсоф юзасидан қарангда, биз 30 миллионлик тинч ва бахтли аҳолиси бор давлат чегараларни очиб қўйса, сизлардан келиб истаган ишини қилса ҳам бўлмайдида, ахир қонун-қоида бор....

Бегали Ашурматов: Мен бу қонун-қоидаларни яхши биламан. Чегарадан террорчи ўтишни истаса, шундай ҳам ўтади, наркотикларни ҳам ўтказадиган одамлари бор. Оддий халқни қийнашнинг нима кераги бор?

Очил Мирзаев: Менга қаранг, мен оддий бир фуқароман. Ўзбекистон бугун жаннат, ҳеч ким бундай қила олмаган. Мен ҳукуматимизнинг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайман. Ўзбекистон Тожикистон билан яхши бўларди, лекин буни сизлар истамаяпсизларку. Имомали Раҳмон Роғун ГЭСини қураман деб, Ўрта Осиё халқини бунчалик хавфга қўймаган бўларди...

Бегали Ашурматов: Бу ҳукуматлар ўртасида ҳал қилинадиган ишлар. Лекин оддий халқнинг айби нима? Нега чегаранинг икки томонида яшовчи аҳолига бир-бирига бориб келиши учун кичик-кичик постлар очиб қўймайди, нега Тожикистонни блокада қиласизлар. Ахборотингиз учун, чегаранинг бу томонида ҳам тожикистонлик ўзбеклар яшайди...

Очил Мирзаев: Тожикистон ҳукумати ўзининг хатоларини тан олиб, бизнинг президентимиз ҳузурига келсин, маслаҳат сўрасин...

Бегали Ашурматов: Давлат раҳбарлари ўзлари орасидаги ҳар қандай шахсий амбицияларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, бизга тинчлик яратиб берсин, чегараларни очиб қўйсин. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Германияни ҳам иккига бўлишганди ва кейин ўртадаги девор қулади. Бир кун келиб, мен ишонаман, икки қардош халқ ўртасига қўйилган бундай сунъий тўсиқлар ҳам олиб ташланади....

Очил Мирзаев: Бизнинг давлатимиз тенг ҳуқуқлилик асосида ҳар қандай алоқани яхши йўлга қўяди. Лекин бизни давлатимизга нисбатан ёмон муносабатда бўлган, сувни қисқартирган давлатларга нисбатан ўшанга яраша муомала қилинади....

Тожикистонлик Бегали Ашурматов билан ўзбекистонлик Очил Мирзаев ўртасидаги баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG