Линклар

Ўзбекистоннинг 7 вилоятида пахта билан боғлиқ вазиятни видеокамера билан кузатган ҳуқуқ фаоллари мамлакатда болалар меҳнати билан боғлиқ вазият ўзгармаганлигини кўришди.

Терамиз пахта¸
Ëтамиз захда.
Қорнимиз оч¸
Домлалар дер:
"Пахтани тер".
Қорайиб юравер¸
Пахтазор Африка.

Бу қўшиқни 2011 йили ўқиш ўрнига пахтага юборилган ўқувчилар куйлашди.

Бу ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари бу йил пахтага борилмайди, деб умид қилишган эди.



Аммо Ўзбекистоннинг 7 вилоятидаги пахта билан боғлиқ вазиятни видеокамера билан кузатган инсон ҳуқуқлари фаоллари болалар меҳнати билан боғлиқ вазият ўзгармаганлигини кўришди.

2011 йилнинг сентябри.

Бу ўқув йилида ҳам ўзбекистондаги минглаб талаба ва ўқувчилар пахтага юборилди. Болалар ўқиш ўрнига Ўзбекистон ҳукумати учун пахта теришди.

Видеокамерага мунгли қараб турган бу боланинг исми Отабек. У 10 ëшда. У бу йил мактабга чиқмади. Отабек ўзи каби минглаб болалар қатори ўқиш ўрнига пахта терди.

Тасвирга олиш мосламалари билан қуролланган кузатувчилар 2011 йилги пахта мавсумининг ўтган йиллардан фарқи йўқлигини кўришди.

Мактаб¸ коллеж ва лицейлар ҳукуматнинг оғзаки буйруғи билан ëпилиб¸ болалар пахта далаларига ҳайдалди.

Аввалига билим юртлари талабалари, икки ҳафта ўтиб эса мактаб болалари этак тақиб, далага чиқишди.

15 сентябрдан мактабларнинг 5-синфидан бошлаб ҳаммани пахтага жўнатишди.

Бу болалар "нормани бажараман" деб, кунига 8-9 соат пахта теришди. Норма эса ëшига қараб кунига 30 килодан 70 килогача. Уларнинг терган пахтаси учун килосига 3-4 цент пул тўланди.

Ўзбекистон 2008 йилда мажбурий болалар меҳнатиини чекловчи конвенцияга қўшилган бўлса-да, вазият 2011 йил ҳам ўзгармагани кузатилди.

Ўзбекистан аввалгидай барча мактабларни ëпиб, болаларни пахтага чиқарадиган дунëдаги ягона давлат сифатида кўрилмоқда.

Бу ҳолат Ўзбекистонда пахта теришга лойиқ катталар ва механизация йўқлиги билан эмас¸ балки ҳукуматнинг пахтадан келаëтган ва ҳеч ким назорат қилмайдиган улкан фойдани тезроқ қўлга киритиш истаги билан изоҳланади.

Болалар мехнати ўзбек ҳукуматдорлари учун қўшимча даромад манбаига айланиб бўлгани айтилади.

Ўзбек болалари эса пахта тугаганига севиниб қўшиқнинг сўнги нақоратини куйлашмоқда.

Пахта тугади, ҳей-ҳей...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG