Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:27

Ню Йоркда намойишчилар йирик тадбир бошламоқчи


“Уолл-стритни босиб ол” ҳаракати намойишларидан бири, 2011 йилнинг 18 октябри
“Уолл-стритни босиб ол” ҳаракати намойишларидан бири, 2011 йилнинг 18 октябри

“Уолл-стритни босиб ол” ҳаракати аъзолари норозилик намойиши бошланганига икки ой тўлиши муносабати билан 17 ноябр куни йирик акция ўтказиш ниятидалар.

Намойишчилар бу санада учта катта “тадбир” ўтказишни режалаганлар.

Режага кўра, норозилар Зукотти боғидаги ўзларининг собиқ “штаб-квартира”сидан икки квартал нарида жойлашган Ню Йорк молия марказига қараб юрадилар. Мазкур тадбирдан мақсад молия муассасалари, шу жумладан, Ню Йорк фонд биржаси иши фалажлантириб, “Уолл-стритнинг террор ҳукмронлигига якун ясаш” экани айтилмоқда.

Шундан сўнг Ню Йорк ерости йўлида йиғилган намойишчилар кўча карнавалини ўтказиб, сўнгра мегополиснинг икки мавзеси - Бруклин ва Манҳэттанни боғлаб турувчи Бруклин кўприги устида марш уюштирмоқчилар. Ҳаракат аъзолари бу каби тадбирларни АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказиш режаланганини айтмоқдалар.

Ню Йорк расмийлари намойишчилар режасига жиддий ёндошаяптилар.

- Биздаги маълумотларга кўра, шаҳар кўчаларига ўн минглаб одам чиқиши мумкин. Норозилар мегаполисни фалажлантириб қўйишни мақсад қилган йирик акция ўтказишга чақирмоқдалар, - деди Ню Йорк мэри муовини Говард Вулфсон чоршанба куни ўтказилган махсус брифингда.

Эслатиб ўтамиз, “Уолл Стритни босиб ол” ҳаракати ўз акцияларини шу йилнинг 17 сентябр куни бошланган эди. Ҳаракат аъзолари оддий одамлар ҳисобидан бадавлат кишилар чўнтагини тўлдириш имконини бераётган молиявий тизимга қарши норозилик билдирмоқдалар. Икки ой муқаддам ижтимоий тенгсизликка қарши Ню Йоркда бошлаган акция аввал АҚШнинг бошқа шаҳарларига, кейинроқ эса дунёдаги бир қанча мегаполисларга ҳам ёйилди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур акция иштирокчиларидан юзлаб одам ҳибсга олинди. Хусусан, 15 ноябрга ўтар кечаси Қуйи Манҳэттанда жойлашган Зукотти боғини намойишчилардан тозалаш чоғида Ню Йорк полицияси томонидан камида 150 киши қўлга олинди. Намойишчилар бу боғда чодирлар қуриб, икки ой мобайнида ундан штаб-квартира ўлароқ фойдалангандилар.

Ню Йорк мэри Майкл Блумберг сентябрдан бери бу боғдаги аҳвол “чидаб бўлмайдиган даражага келган”ини айтиб, намойишчиларни бу ердан ҳайдаб чиқариш ва боғни тозалаш ҳақида буйруқ берганди. Норозилар ҳайдалганидан 16 соат ўтгач, уларнинг чодирларсиз ва кўрпа-тўшаксиз хиёбонга қайтишларига рухсат берилди.

Чодир ўрнатишнинг тақиқланиши ўзларининг фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишини таъкидлаган намойишчилар расмийлар жорий қилган янги қоидалар юзасидан норозилик билдирдилар.

Аснода Зукоттидаги намойишчилар лагери тарқатиб юборилганидан кейин улар хатти-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириш қийин бўлиб қолгани айтилмоқда. Бироқ норозилардан айримлари бундан тушкунликка тушмаяптилар.

- Бу бошланиши, холос! Биздан боғни тортиб олишлари мумкин, бироқ ғоямизни маҳв этолмайдилар, - дейди “Уолл-стритни босиб ол” ҳаракати аъзоларидан бири.
XS
SM
MD
LG