Линклар

logo-print

Тожик мардикорлари Беларусга кўчишлари мумкин

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларини Беларусга юбориш масаласи шу йил октябрида икки мамлакат президентлари ўртасида муҳокама қилинган ва бу ҳақда бир қарорга ҳам келинганди.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларини Беларусга юбориш масаласи шу йил октябрида икки мамлакат президентлари ўртасида муҳокама қилинган ва бу ҳақда бир қарорга ҳам келинганди.

Тожикистон Россиядан қувилган меҳнат муҳожирларини Беларусга сафарбар қилишга қарор қилди.


Россиядан депортация қилинаётган юзлаб тожикистонликларнинг кейинги тақдири Беларус билан боғланиши мумкинлиги ҳақида Тожикистон ҳукумати қошидаги Миграция хизмати раиси Сафиаллоҳ Девонаев маълум қилди.

Депортациядан чўчиманг

- Фуқароларимизнинг Беларусда фаолият қилишлари тўғрисида шу йил октябрида бу мамлакат билан давлатлараро келишув имзолаб, аллақачон йўл очиб қўйганмиз. Фуқароларимизнинг Россиядан депортация бўлаётганидан чўчимаслик лозим. Биз депортация бўлганларни тўплаб, Беларусга юборамиз, - деди 16 ноябр куни Душанбеда сўзлаган тожик расмийси Девонаев.

Айтиш лозимки, Беларус тожикистонлик меҳнат муҳожирлари учун янги кашф қилинган мамлакат эмас. Беларусга тожикистонликлар ўтган асрнинг 90-йилларида, яъни бу мамлакатда бошланиб кетган фуқаролик урушидан сўнг кириб борганлар. Лекин уларнинг Беларусда ишлаши бунгача Душанбе ва Минск ўртасида расмийлаштирилмаган эди.

Шу йил октябр сўнгида Беларус президенти Александр Лукашенконинг Тожикистонга расмий сафари чоғида икки давлат ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш ва такомиллаштириш мақсадида давлатлараро олтита шартнома имзолаганди. Улар орасида “Тожикистон фуқароларининг Беларус ҳудудида вақтинчалик фаолияти тўғрисида”ги шартнома ҳам бор.

Москва ва Душанбе орасидан қачон қора мушук ўтди?

Ноябр ойи бошида Россия ва Эстония фуқаролари бўлган икки учувчи Тожикистон жанубида қамалганидан кейин Россия ва Тожикистон муносабатлари таранглашди.

Икки орадаги кўплаб баҳслардан кейин Россияда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари “миграция қонунларига риоя этмаганлик” важидан қўлга олиниб, депортация қилина бошланди.

Кузатувчиларга кўра, бу тадбирлар рус учувчиларининг Қўрғонтепада қамалиши билан боғлиқдир.

Россия оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, айни пайтда мингдан ортиқ тожикистонлик юртига қайтарилиш арафасида турибди. Расмий Душанбе эса қайтиб келаётган фуқароларни иш ўринлари билан таъминлаш ва шусиз ҳам ёмонлашаётган ижтимоий аҳволни ўнглаш мақсадида турли чоралар кўрмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Беларус ҳукумати билан бу мамлакатга ишчи кучини сафарбар қилиш борасидаги келишувнинг амалга татбиқ қилинишидир.

Беларусда миллатчилар йўқ

Хўш, Душанбе ва Минск келишуви бугун Россиядан қувилаётган тожикистонликларга асқотадими? Бу ҳамкорликнинг истиқболлари қандай?

Иқтисодий таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров мулоҳазасича, бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик тожикистонлик меҳнат муҳожирларини муҳтожлик домидан сақлабгина қолмай, балки уларнинг Беларус ерида янги касбу ҳунар ўрганишларига ҳам йўл очади.

- Чунки Беларусда бизнинг фуқароларимиз ҳам саноат корхоналарида фаолият қила олади. Ўз фаолияти давомида улар малакасини ошириш баробарида бошқа касбу ҳунарларни ўрганишлари ҳам мумкин. Беларуснинг Россиядан афзал жиҳатлари жуда кўп. Масалан, у ерда Россиядагидек миллатчилар йўқ. Бошқа томондан, бу мамлакат бир йил давомида истаган кишига фуқаролик беради, - дейди мустақил таҳлилчи Умаров.

Таҳлилчининг айтганлари Беларуснинг Борисов шаҳрида фаолият юритаётган тожикистонлик Ҳусниддин билан суҳбатда тасдиқланди.

Ҳусниддин ўз оиласи билан 1995 йил у томонга кўчиб кетган экан. Ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланаётган бу йигит беларусларнинг марказий осиёликларга нисбатан жуда яхши муносабатда эканини айтди.

- Беларус халқи бизни жуда ҳурмат қилади. Бу ерда: “Сен у ерликсан, бу ерликсан”, деган таъна-дашном йўқ, ҳуқуқларимиз ҳимояланган. Фақат қонунни бузмасангиз бас, у ёғи ўз юртингизда яшагандек эркинсиз, - дейди Ҳусниддин.

Суҳбатдошимиз турмуш ўртоғи Наргисхоннинг Борисов шаҳридаги ун комбинатида ҳисобчи бўлиб ишлаётганини ва яхшигина маош ҳам олаётганини қўшимча қилди.

Беларусда муаммолар йўқ эмас

Аснода бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар тожикистонлик меҳнат муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам Беларусда яшаш ва ишлашга рози бўлишига шубҳа қилмоқдалар.

Таҳлилчи Бобожон Икромов бунинг сабабини Беларусда валюта алмаштиришдаги муаммолар билан изоҳлайди.

- Россияда ишлаётган юртдошларимиз ҳеч қачон бундай муаммо билан дуч келмайди. Чунки ҳар қадамда валюта алмаштириш шаҳобчалари бор. Беларусда эса бу операция фақат банкларда амалга оширилади, - деди таҳлилчи Икромов.

“Биргина бу эмас, - дея сўзида давом этади таҳлилчи, - тахминан 9,5 миллион аҳолига эга бўлган кичкина республика - Беларус миллионлаб меҳнат муҳожирларини қабул қилиш имкониятига эга эмас”.

Айни пайтда расмий Душанбе ўз фуқароларининг Россия ҳудудида қолиши учун барча имкониятларини ишга солаётгани маълум бўлди.

Тожикистон Миграция хизмати мулозимларининг билдиришларича, республика Ташқи ишлар вазири Ҳамрахон Зарифий бошлиқ тожик делегацияси яқин кунларда Москвага жўнайди. Сафари давомида ҳукумат делегацияси меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ равишда вужудга келган вазиятни юмшатиш учун Россиядаги тегишли давлат идоралари масъуллари билан музокаралар ўтказади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG