Линклар

logo-print

Мен вообше тушунмадим


УзА агентлиги сураткаши суратга олган суратлардан бири.

УзА агентлиги сураткаши суратга олган суратлардан бири.


Ўлай агар тушунмадим.

Ўзбекистонда қурилаётган янги типовой уйлар суратларини кўриб, кўзим қувнаб юраверган эканман.

Ўзбекманда – қуришни яхши кўраман. Тўғрироғи, бузиб-қуришни. Ҳадеб бузиб қуравериш яхши қурувчилик белгиси эмас, лекин бу -бошқа масала.

Муҳими, бузавериб бўлса ҳам, қураверадиган миллатмиз.
Эскидан янги, хунукдан чиройли яхши, албатта.

Ўша – янги, чиройли уйлар суратларини – ЎзАда чиқадиган, Ўзбекистон телевидениеси кўрсатадиган суратларни - кўриб қувнаб юраверибман.

Майли, дебман, бузиб қурилаётган уйлар эгалари бироз қийналса қийналгандир, лекин шаҳар обод бўлади, дебман.

Мукаммал қурилаяпти, дейишаяпти-ку, авлодларга қолади-да, дебман.
Аёл киши бўлганимда, “демай мен ўлай, тилларим кесилсин”, деган бўлардим.

Эркакчасини ёзиш мумкин эмас-да, ахир!

Мавзуга яқинроқ бормасам, юраверар эканман.

Анжаннинг Куйганёрида уйлар бузилаётгани тўғрисида ўзимиздан кетган материални эшитиб тепа сочим тикка бўлди – кал бўпқолганим яхшийди!

Нимаймиш, Куйганёрнинг марказий кўчасида бузилаётган уйлар учун товон пули тўланмаётганмиш. Товон пули тўлаш мумкин экану лекин кадастр нормалари бўйича ҳисобланса, жуда оз миқдорда чиқармиш. Шунинг учун умуман тўламасликка қарор қилишибди. Бунинг ўрнига бузилаётган уйдан чиқадиган қурилиш материалларини олиб кетишларига ёрдам беришаётганмиш.

Бу ҳоким ўринбосарининг айтганлари!

-Уй эски, бўлсачи, бузилганида яроқли материал чиқмасачи?

Мухбиримизнинг бу саволига ҳоким муовини “Бори-да, энди”, деб жавоб берди.

Мана бу саволларга у киши нима деб жавоб берардийкин:

-Уй янги бўлса-чи?

- Бузаётганингиз уйнинг бозор нархи 100 миллион сўмдир, лекин сизлар бир тийин тўламай бузаяпсизлар, чиқадиган қурилиш материаллари нархи ўша юз миллионнинг ярмига ҳам етмаслиги мумкин. Чунки, қайта тикланмайдиган материаллар бор, меҳнат бор, усталарнинг қорнини боқишга кетган сарф-ҳаражатлар бор, уйни уй қилгунча қақшаб тугаган асаблар бор ва ҳоказо, ва ҳоказо, ва ҳоказо...

Бу саволларни беришга мухбиримиз улгурмади. Улгурганида ҳам нима ўзгарар эди?! Каттадир, кичикдир, боши осмонга етса битта туман ҳокимининг ўринбосари-да!

Ахир у белгиламайди-ку мамлакатдаги сиёсатни!

Умуман тушунмаяпман.

Нимаймиш, президент топшириқ берганмиш. Тўғри гап бу. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг қарориям чиқди уч вилоят бўйича президент топшириқларини бажариш юзасидан.

Нима энди, президентнинг кўзи қувнасин, деб оддий ўзбек зарар кўриб қолавериши керакми?

Президентнинг кўзи қувнасин, деб оддий ўзбек қиш бошланаётган кунларда Пахтачилик институтининг ётоқхонасида саргардон бўлишини, қариндош-уруғиникида қисинди бўлишини ҳозир умуман гапирмоқчимасман.

Нима учун оддий фуқаро уч-тўрт сўм ўғирлаб қўйса, қулоғини ушлаб қамалиб кетаверадию давлат оддий фуқаронинг чўнтагига бемалол бежазо қўл солаверади?

Бу савол жавобини билар одам борми Ўзбекистонда?!

Бор.

Битта одам бор.

Лекин у киши банд.

Ўзбекистон деган учқур поездни бошқариб кетаяпти.

Ҳокимлар ўша поезднинг вагонларидаги проводниклар. Улар вагонларнинг деразаларию эшикларини тақа-тақ тамбалаб олган.

Худо кўрсатмасин, машинист ухлаб қолса нима бўлади?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG