Линклар

logo-print

Қирғизистонда жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Қирғизистонда жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Бишкекдаги гей ва лесбиларнинг “Лабрис” жамоат ташкилоти ташаббуси билан ишлаб чиқилди. “Лабрис” ташкилотининг маълум қилишича, қонун лойиҳаси юзасидан ҳукумат билан муросага келинган.

- Қонун лойиҳаси тайёр бўлган. Уни 16 вазирликка жўнатганмиз. Вазирликларнинг кўпчилигидан ижобий жавоб олинди. Агар қонун қабул қилинса, трансгендер шахс Республика руҳий саломатлик маркази текширувидан ўтиб, у ердан транссексуалликка мойиллиги ҳақида маълумотнома олиш ҳуқуқига эга бўлади. Мана шу маълумотнома асосида паспортдаги исми ва фамилияси ва жинси ҳақидаги маълумотларни ўзгартира олади, -деди “Лабрис” ташкилоти вакили Елена Шарпилова.

Мазкур воқеа юзасидан тарқатилган расмий маълумотда айтилишича, бу каби қонун дунёнинг 30 та мамлакатида мавжуд. 2009 йилда бу каби қонун Қозоғистонда ҳам қабул қилинган, бироқ жамоатчилик босими остида кейинроқ у ўзгартирилган.

“Лабрис” ташкилоти фаолларига кўра, мазкур қонун жинсий озчилик вакиллари ҳаётини анчагина енгиллаштиради. Яъни, паспортидаги маълумотларни алмаштирган транссексуаллар ортиқча муаммоларсиз ишга жойлаша оладилар ва уларнинг асл жинси сир тутилгани учун жамиятдаги гомофобик зўравонликлардан сақлаб қолинади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Света Байтиқованинг айтишича, жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳозир вазирликлараро муҳокамага қўйилган.

- Ҳозир бошқа вазирликлар билан қонун лойиҳаси юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Қонун лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали ҳукуматга тақдим этилмоқда. Бу қонун лойиҳаси ҳозир муҳокама жараёнида, -деди Света Байтиқова.

Айни пайтда қирғиз матбуотида “Жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинса, у Қирғизистондаги диний жамоаларнинг кескин қаршилигига учрайди”, деган фикрлар айтилмоқда. Қирғизистон муфтиятининг Фатво бўлими раҳбари Жўрабой Шерғозиев ҳам бу фикрни тасдиқлайди:

- Тўлақонли, ҳар томонлама баркамол эркак ёки аёл ўз жинсини ўзгартириши шариатда тақиқланади ва ҳаром ҳисобланади, -деди Жўрабой Шерғозиев.

Бундан бир неча йил олдин Қирғизистондаги гейларнинг “Оазис” ташкилоти Голландия мутахасислари иштирокида тадқиқот олиб борганини ва тадқиқот натижасида мамлакатда камида юз мингдан ортиқ жинсий озчилик вакиллари истиқомат қилиши аниқланганини билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG