Линклар

logo-print

Янгийўлда 17 диндор "ваҳҳобийлик"да айбланмоқда


Қамалганларнинг яқинлари уларнинг айбсизлигини айтмоқда.

Қамалганларнинг яқинлари уларнинг айбсизлигини айтмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ кейинги уч ой ичида Ўзбекистонда камида 40 намозхон ҳибсга олинган ва улардан 17 нафари янгийўлликлардир.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Янгийўл туман Ички ишлар бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўлимдан икки ходим ва Раҳматулла исмли участка нозири 2011 йилнинг 13 сентябр куни Али Мадаминовнинг уйида тинтув ўтказган.

Қўшнилар гувоҳлигида ўтказилган тинтув натижасида ҳеч нарса топилмаган. Шунга қарамай орган ходимлари Алини ўзлари билан олиб кетган ва ҳозирда Янгийўл туман “Файзиобод” маҳалласининг Уйғур кўчасида яшовчи Али Мадаминовнинг иши юзасидан олиб борилган тергов жараёни тугаган.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилган Алининг онаси Хадича Мадаминовага кўра, 13 сентябр куни ўтказилган тинтувдан кейин Ички ишлар ходимлари, Али 2–3 соатдан кейин уйига қайтиб келишини айтиб, уни олиб кетишган.

Бироқ ўшандан бери Али Мадаминов ҳибсда сақланмоқда ва ҳозирда унинг иши бўйича тергов тугаган.

Суръат Икромовга кўра, ҳозир Тоштурманинг тергов изоляторида сақланаётган 1974 йилда туғилган Али Мадаминовга “Ваҳҳобийлик” диний оқимига аъзолик айби қўйилган.

- Ҳозирча менга маълум бўлишича, Али Мадаминовга Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 244-2-модда (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик, ëки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) қўйилган, дейди Суръат Икромов.

Али Мадаминовнинг рафиқаси Манзура Озодлик билан суҳбатда турмуш ўртоғи намозхон бўлганини ва шу пайтгача унинг бирор ножўя иш қилганини эслай олмаслигини таъкидлайди.

- Унақа мачит, мадрасаларга бормаган. Фақат намоз ўқиган холос. Намоз ўқиганини биламан. Қуръон ўқиган. Уларнинг устозлари ўлиб кетган. Эрталаб соат 5,30-6 ларда ишга кетади. Кечқурун соат 8,30-9 ларда келади. Фақат ишга боради, уйга келади. Жума намозига беш минут қолганда мачитга чиқиб кетади. Мачитда намоз ўқиб бўлиб қайтиб келади. Кейин фақат Ҳайит намозларида мачитга чиқади. Ҳадеб намозга чиқавермайди. Уйда бўш бўлса, у ëқ бу ëқларни қараб, тахта ишлари бўлса, уларни қилиб юради. Ëки бўлмаса фақат телевизор кўриб ëтади. Бўлмаса ухлайди. Бунақа ножўя ишларини ҳеч кўрмаганман¸дер экан Мадаминовнинг рафиқаси ўз эрининг нима учун ҳибсга олинганини тушунмаëтганини айтади.

- Билмасам мен унақа нарсаларни. Нима сабабдан олиб кетганини билмайман. Лекин ҳар ойда участка нозирига бориб бир нарсалар ëзиб келарди. Қанақадир хат ëзар экан. Ўшани ëзиб келарди, дейди “ваҳҳобийлик”да айбланаётган янгийўллик Али Мадаминовнинг рафиқаси Манзура.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка яна айтишича, Янгийўлда Али Мадаминовдан ташқари яна 17 киши қўлга олинган.

- Яна текшириб нима қилганимиздан кейин бизга маълум бўлдики, Али Мадаминов билан биргаликда сентябр ойида 17 нафар намозхон ҳибсга олинган. Буларнинг ичида тўртта аëл бор экан. Улар ҳам ҳозир Тоштурмадаги тергов изоляторида сақланмоқда, дейди Суръат Икромов.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, сўнгги ойларда Ўзбекистонда диний мотивлар асосида ҳибсга олиш воқеалари авж олган. Аммо бу расмийлар томонидан сир сақланмоқда.

- Ҳозирнинг ўзида маълум бўлаяптики, уч ой ичида 40 нафар намозхон ҳисга олинган. Ҳозирча бир қисми судланган. Буни бизлар ëзганмиз. Ҳозир энди мана шу 17 киши устидан суд маҳкамаси бўлиши керак. Янгийўлдан кўп мурожаатлар бўлган. Бизларнинг архивда 200дан кўп қамалганлар ҳозир қамоқхоналарда диний эътиқод бўйича. Бизлар ҳозир ҳисоблаб чиқсак, 180дан кўп Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларда инобатга олса, бу рақам ўзи келиб чиқади қанча одам ҳозир тахминан қамоқхоналарда. Ҳозирги бўлаëтган оммавий ҳибсларга олиш давом этаëтгани ва қанчалиги ўзи маълум бўлиб қолади. Лекин бу тўғрисида давлат сир тутаяпти. Ҳамма судлар ëпиқ ҳолда ëки сир тутилиб бўлаяпти. Шунинг учун буларни кузатиш ëки ахборот олиш жуда ҳам қийин бўлаяпти, дейди Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG