Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:52

Вилоятларда бензин икки-уч кунлаб берилмаяпти


АЁҚШ шохобчалари олдида 150-200та автмобилларнинг тўпланиб кетишидан кўринаётган манзара расмийлар юрагига ғулғула солган кўринади.
АЁҚШ шохобчалари олдида 150-200та автмобилларнинг тўпланиб кетишидан кўринаётган манзара расмийлар юрагига ғулғула солган кўринади.

Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллиги аҳоли учун янги қийинчиликлар туғдирмоқда. Мамлакат барча вилоятларида бензин танқисилиги муаммоси кун сайин кескинлашиб бормоқда. Ҳайдовчилар соатлаб, кўп ҳолларда эса тун бўйи АЁҚШ шохобчалари олдида навбатда кутмоқда. Баъзи вилоятлардан олинган хабарларга қараганда, ДАН ходимлари навбатда турган ҳайдовчиларни тазйиқ остига олмоқда. Бензиннинг “қўлдаги” нархи эса 3000 дан 4000 сўмгача чиққани айтилмоқда.


Мамлакатнинг аксар вилоятларида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида машиналар навбатининг ўртача 150-200 тагача чўзилиб кетаётгани айтилмоқда.

Баъзи хабарларга кўра, навбатда турган ҳайдовчилар бензин тақчиллиги етмагандай бошқа муаммоларга ҳам дуч келмоқда.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Самарқанддаги фаоли Орзигул Худоёрованинг ташкилот Интернет сайтида берган хабарда айтилишича, "Самарқанд темирйўл вокзали яқинидаги АЁҚШда бензин келишини кутиб, тун бўйи навбатда турган ҳайдовчиларнинг 50 ка яқини ДАН ходимлари томонидан "йўқ бензинга навбатда тургани" учун жаримага тортилган".

Бу хабарни тасдиқлаш учун Худоёрованинг ўзи боғланиш имкони бўлмади. Лекин Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармасининг расмийси Озодлик билан ўзаро суҳбатда нафақат бу хабар, балки шаҳарда бензин тақчиллиги авж олгани тўғрисидаги хабарни инкор қилди.

“Бизда бензин бемалол сотилмоқда”, дея таъкидлади милиционер.

Самарқандлик Шакват ака навбатда турган ҳайдовчилар тазйиққа учраётгани ҳақида эшитгани йўқ, зотан унинг АЁҚШ шохобчасидан бензин сотиб олганига анча бўлган. Шохобчалар олдида тўпланиб турган автомобилларнинг кўплигидан у ерга яқинлашгани юрак бетламайди, дейи самарқандлик суҳбатдошимиз.

- Правосини олганидан хабарим йўғу, лекин бензин йўқ. Бензин бўлса, очеред турнақатор бўлиб кетади. Шунинг учун бензин, мана ҳозир марта қўлдан олдим. Мана бугун ҳам сўрадим. Литри 3500 сўм. Бу давлат курси билан икки доллар бўлаяпти. Бу дегани икки баробар қимматига дегани.

Шу сабабдан, дейди Шавкат ака, бензинни икки баробар нархда сотиб олишга тўғри келмоқда.

- Икки-уч қатор бўлиб камида 150-200 метр бўлиб кетмаса. Ўртасида турсангиз, охири кўринмайди очереднинг.

Бензин тақчиллиги Фарғонада ҳам муаммолигича қолмоқда. Ўзбекистондаги иккита нефтни қайта ишлаш заводларининг бири жойлашган бу вилоят марказида бензин АЁҚШларда икки-уч кунда бир пайдо бўлмоқда. Фарғоналик Абдулазиз гапиради:

- Бизда шаҳарда икки-уч кун бўлмаяпти. Чиқараяпти беш-олтита заправкага. Уже ҳамма жойда бўлаяпти. Чиқиб заправка қилишаяпти. Бир-икки кундан кейин яна беришаяптида. Қўлда эса нархи икки баробар қиммат, дейди Абдулазиз.

Нефт заводларининг яна бири Бухорода. Лекин бу вилоятда ҳам бензинни 3-4 минг сўмдан қўлдан қуйиш мумкин¸ холос. Ўзавтойўл корхонасининг Бухоро шўъбаси ходими Шамсиддин ака, вилоятнинг барча туманларида ҳайдовчиларнинг тунни АЁҚШлар олдида ўтказаётгани одатий ҳолга айланган, дейди.

- Бензин энди кечалари келаяпти. Бир-икки соатда тугатади. Яна бензин йўқ. Бухорода, районларда ҳам шундай. Кечқурун 12да келарканда. Ўша кеча сотиб тугатар эканда. Қўлда энди одамларнинг уйида.

Шамсиддин ака ДАН ходимлари навбатда турган ҳайдовчиларнинг гувоҳномаларини олиб қўйгани ҳақида эшитмагани, лекин вужудга келган вазиятда бундай ҳол рўй бериши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтади.

- Энди билмадим. Бу сиëсатларни тушунмаяпман. Нархи ошса, кўпаяди деб ўйладик. Мана нархи ошса ҳам кўпаймаяпти. Тушунмадик. Мумкин энди сиëсат бошқача бўлиб кетадими¸ деб одамлар қўзғалиб қолмасин деб биласизку сиëсатни сақлаш керакда энди. Иложи йўқ. Мумкин энди тўполон чиқарадими¸ деб тарқатиб юборган бўлса керакда, дейди бухоролик Шамсиддин ака.
XS
SM
MD
LG