Линклар

logo-print

Олтиариқлик йирик тадбиркорга жиноий иш очилди


Ҳокимназар Маматов Олтиариқнинг "Имкон" футбол клубига ҳомийлик қилгани айтилмоқда.

Ҳокимназар Маматов Олтиариқнинг "Имкон" футбол клубига ҳомийлик қилгани айтилмоқда.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида йирик маҳаллий тадбиркор устидан жиноий иш қўзғатилди. Нафақат Олтиариқ¸ балки Ўзбекистоннинг энг бадавлат кишиларидан бири экани айтилаётган Ҳокимназар Маматовга қарши ҳаракатларнинг бир неча ой аввал бошлангани айтилмоқда. Унинг тадбиркорлик фаолияти расмийлар томонидан тўхтатилгани ҳақидаги гап-сўзлар июл ойи ўрталарида пайдо бўлган. Ҳафта бошида эса, Озодлик мухлисларидан бири "Олтиариқдаги маҳаллий футбол клуби ҳомийси бўлган тадбиркор қамоққа олинибди", деган хабарни суриштиришимизни илтимос қилди.


Ўтган сешанба куни ҳозирда Москвда меҳнат муҳожири бўлган олтиариқликлардан бири бизга мана бу хабарни етказди.

- Олтиариқда бир катта одам бор. Хўжайин одам. Олтиариқда кучли тадбиркор одам бор. Ўзбекистоннинг бойларидан биттаси. Шу одамни қамаб қўйибди¸ деб эшитдим. “Имкон Олтиариқ” деган футбол жамоаси бор. Бу жамоани молиялаëтган ўша эди. Тадбиркор одам эди. Ҳозир жамоа ҳам пастга қараб кетди, деди олтиариқлик хабарчимиз.

"Ўзбекистондаги энг бадавлат кишилардан бири" деб таърифланган Ҳокимназар Маматов, Озодликка маълум бўлишича, ҳақиқатан “Имкон-Олтиариқ” клуби ҳомийларидан бири бўлган ва туманнинг энг бадавлат кишиси бўлган.

Озодлик бир-биридан мустақил бўлган икки манбадан олган маълумотга кўра, Маматовнинг қамоққа олингани тасдиқланмаган. Айтилишича, у ҳозирда жиноий жавобгарликдан қочиб Россияга кетган.

“Унинг қамоққа олингани нотўғри бўлиб чиқди. Унинг Россияга қочиб кетганини айтишди”, деди Озодлик илтимосига кўра, Ҳокимназар Маматов шахси хусусида суриштирув ўтказган фарғоналиклардан бири.

Бу манбанинг айтишича, асли Олтиариқнинг Полосон қишлоғидан бўлган тадбиркор туманда етиштирилган мева-сабзавотларни Россияга экспорт қилиш билан шуғулланиб келган. Олтиариқ аҳолисининг катта қисми деҳқончилик билан шуғулланиши инобатга олинса, бу жуда сердаромад бизнес бўлган. У ўз туманида мева-сабзавот бизнеси учун зарур инфраструктурани ҳам йўлга қўйган эди, дейди суҳбатдошимиз.

- Олтиариқда мева сақлаб турадиган энг катта холодилник қурган ўша одам экан республикада.

Бундан ташқари, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз Маматовнинг 40-50 дона узоқ масофаларга ҳўл мевани ташишга мўлжалланган юк машинаси бўлган.

Ҳокимназар Маматовнинг ишлари орқага кетиши сабаблари тўғрисида икки версия илгари сурилмоқда.

Олтиариқлик тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда Ҳокимназар Маматовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши диний мотивларга асослангани ва уни Миллий хавфсизлик хизмати олиб бораётганини айтди.

“Унга нисбатан 159-модда бўйича жиноий иш очилган. Ҳозирда ўзи Россияга қочиб кетган, лекин унинг қўлида ишлаган ходимларининг бир нечтасини қамоққа олишган”, деди олтиариқлик тадбиркор.

Унинг айтишича, 1965 йилда туғилган Ҳокимназар Маматов тадбиркорлик фаолиятини юк машинаси ҳайдовчилигидан бошлаган. "Кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти анча юришиб қолгач, кўплаб одамлардан насияга олган узум, бодринг ва бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ҳаққини бермади", дейди суҳбатдошимиз.

Фарғоналик суҳбатдошимиз эса, ўзи олган маълумотларга таяниб, Маматов ҳуқуқ-тартибот идораларининг рейдерлик ҳаракатлари қурбони бўлди, деган версияни илгари сурди.

- Менинг тушунишим бўйича бунақа бўлганда. Кредит олмоқчи бўлсангиз, оборотингизни кўрсатишингиз керакда. Менимча, кредит олмоқчи бўлганми¸ нима қилмоқчи бўлган¸ пулларини счëтига ташлаб оборотини катталаштирганда¸ ўзининг пулларини ошкора қилиб юборганда. Кредит оламан¸ деб туриб оборотдаги счëтини кўрсатмоқчи бўлган бўлса, кейин унинг орқасидан тушишган.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка етказган олтиариқлик манба, Ҳокимназар Маматовнинг Россиядаги сиёсий доираларга яқинлиги тўғрисида гап-сўзлар борлигини айтди.

Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, олтиариқлик тадбиркор ҳақиқатан Россия вилоятларидан бирининг губернаторига куёв бўлиши мумкин. Лекин бу маълумотни мустақил манбадан тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Шунингдек, Озодлик мухбирининг Ҳокимназар Маматовни топиш уринишлари ҳам ҳозирча натижасиз қолмоқда. Агар у киши билан боғланиш имконини билганлар, ёки Маматовнинг ўзи биз билан алоқага чиқиш истагида бўлса, телефон рақамларимиз ва электрон почта адресларимизни Интернет саҳифамиздан топишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG