Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:33

Ўзбекистон кашфиëтлари


Ўзбекистон фермерлари йилдан йилга сувсизликдан қийналмоқда...
Ўзбекистон фермерлари йилдан йилга сувсизликдан қийналмоқда...

Бу кашфиëтлардан бири қаршилик миробга тегишли бўлса¸ иккинчиси¸ йилига 1 миллион иш ўрни яратаëтган Ўзбекистон ҳукуматига...


Йўқчилик - кашфиëтлар дояси...

18 ноябр куни “Эркин микрофон”га мурожаат қилганлардан бири ихтирочи экан.

Қарши шаҳридан қўнғироқ қилган йигитнинг айтишича, унинг ҳозирча назария кўринишида бўлган ихтироси агар амалга оширилса, электр энергияси сарфламай ер тагидан сув тортиш мумкин.

Бу масалада мутахассис бўлмаганимиз учун йигитнинг гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмадик. Лекин “Қўйинг оғайни, аввал мутахассиларга кўрсатинг ихтиронгизни”, ҳам демадик.

Балки чиндан ҳам бу гапдан бир иш чиқар. Айниқса¸ бу йил қурғоқчиликдан катта зарар кўрган Қашқадарё учун бу ихтиронинг фойдаси тегиб қолар, дедик.

Қолаверса, ҳар куни ҳам ихтирочилар мурожаат қилавермайди, дедик-да, ўтказганимиз мулоқотни эшиттиришга қўйишга қарор қилдик.

- Исмим Дилшод. Қарши шаҳридан телефон қилаяпман. Ëшим 25да. "Мироб" агробизнес фирмасининг директори бўламан. Бизларнинг фирмамиз асосан фермерларга насоссиз ва электр энергиясиз сув чиқариб бериш билан шуғулланади.

Насос ҳақида маълумот бермоқчи эдим. Бизлар ҳисоблаб кўрдик. Битта насос 160 киловатт соатига истеъмол қилар экан. Агар биз буни олти ойга кўпайтирсак, тўхтамай ишлаган тақдирда бу 700 минг киловатт кеткизар экан. 700 минг киловаттни биз ҳозирги кундаги 105 сўмга кўпайтирсак, бу 70 қанчадир миллион бўлиб кетади. Бу бир йилда кетадиган электр энергиянинг ўзи. Бизлар шуни инобатга олган ҳолда электр эенргиясиз сув чиқариб беришни йўлга қўйдик.

Озодлик: Қандай бўлади бу?

- 100 кублик иншоот қурилади. Бу вакуум тизимида ишлайди. Жуда мустаҳкам қилиб қуриладида. Асосий конструкцияси бетондан иборат бўлади.

Озодлик: Сиғими 100 кубметр бўлади-а?

- Албатта. Шу иншоот ичида 100 кублик бўшлиқ ҳосил қилинадида ва натижада ҳавони сиқиб чиқариш эвазига ишлайди бу тизим. Бу зовурнинг устига қурилади. 30 метр қия баландликкача чиқариб бера оладиган ноëб иншоот деса ҳам бўлади.

Озодлик: Бу сизнинг ихтиройингизми?

- Албатта. Бу одамлар биласизми ҳозир ëмкостдан қилишган, лекин бизларникидай катта миқдорда сув чиқариб бера олмайди.

Озодлик: Сизнинг ихтиройингизни илмий жамоатчилик тан олганми? Ихтиро учун патент олганмисиз?

- Патент олиш учун аввал буни бир кўрсатиш керак. Кўрсатиш учун катта маблағ сарфланади.

Озодлик: Демак, ҳозир сиз айтаëтган янгилик фақат назарияда холос-а?

- Ҳозирча шундай.

Озодлик: Тажриба учун бирорта иншоот қурганингиз йўқ ҳали.

- Ҳали иншоот қурмадик.

Озодлик: Бу ҳақда Озодлик орқали тингловчиларга айтишдан мурод нима?

- Фермерларни шу нарсага жалб қилмоқчи эдимда. Мақсад фермерларга етказиш.

Озодлик: Фермерлар эшитсаю, сизга мурожаат қилса, биргаликда иншоот қурсанглар.

- Ҳа. Ҳам улар учун фойда¸ биринчи томондан. Иккинчи томондан¸ ҳозир биласиз фермерларга ҳам осон деб бўлмайди. Сувдан қийналади ëки токдан қийналади. Ток бўлса ҳам насос бузилиб қолиш эҳтимоллари бор.

Озодлик: Нима учун бу ҳақда маҳаллий телевидение, маҳаллий радиолар орқали эълон бермоқчи эмассизу Озодликка мурожаат қилаяпсиз?

- Биласизми, мен эълон берган эдим. Қашқадарë телевидениесидан 15 кунлик рекламамиз бўлиб ўтиб кетди. Одамлар кўп келаяптида, “Қаерда қурилган? Бирор жойда қурилган бўлса, кўрайлик” дейишаяпти. “Ака, бу ҳали янги иншоот. Ҳеч қаерда қурилгани йўқ” деяпман. Ëзмаган жойим қолмади.

Озодлик: Сизнинг ихтиройингиз ихтиро эканлигига, ихтиройингиздан фойда борлигига ишондик¸ дейлик. Тингловчиларимизнинг ишонганлари сизни излаб қаерга бориши мумкин?

- Қарши шаҳрига келишлари мумкин. Мустақиллик кўчаси 2-уй. Телефон рақамимни қолдиришим мумкин.

Озодлик: Қолдиринг.

- +998-93-909-50-50. Агар фермерларда хоҳиш бўлса, эртага бизларда семинар бўлиб ўтади.

Озодлик: 19 ноябр куни.

- Ҳа. 19 ноябр куни соат 11да Қашқадарë вилоят фермерлар уюшмасида семинар бўлиб ўтади. Ўшанда презентациямни намойиш қиламан.

Озодлик: Фамилиянгиз нима сизни?

- Ҳожиев Дилшод.

Озодлик: Раҳмат сизга.

- Раҳмат сизга ҳам, дейди қаршилик Дилшод Ҳожиев.


Миллион иш ўрни ортидаги сир....

“Эркин микрофон”га 18 ноябр куни мурожаат қилганлардан яна бири Самарқанднинг Булунғур туманидан.

Бу тингловчимиз мамлакат ҳукуматининг баёнотларини диққат билан тинглаб келар экан.

Ҳукумат ҳар йили мамлакат бўйлаб қарийб 1 миллиондан иш ўрни ташкил қилинаётгани тўғрисида айтиб келади.

Булунғурлик суҳбатдош ўз туманида янги иш ўринлари қандай ташкил қилинаётгани тўғрисида айтиб берди.

- Исмимизни айтиб ўтирмайлик энди.

Озодлик: Қайси вилоятдансиз?

- Мен Булунғурдан дедимку. 2011 йилда 850 мингта иш ўрни яратилди деб Ўзбекистон матбуоти нима қилаяптику. Булунғур мисолида гапирмоқчиманда. Булунғурда союз даврларида, 1980-1990 йилларда, еттита ПМК, бешта винкомбинат, винзавод, ғишт завод бор эди. Мана шу корхона, заводларнинг бари мустақил бўлгандан кейин тугатилиб йўқ бўлиб кетди. Бари хусусийлашиб кетди. Айримлари уй-жой қилиб олди шуни, айримлари омборхона қилган. Ҳозир бирорта корхона йўқ. Булунғурнинг аҳолиси 150 мингга яқин. Бирорта иш ўринлари йўқ.

Озодлик: 850 минг иш жойидан Булунғур ҳисобига тўғри келгани йўқ, Булунғурда иш жойи ташкил қилингани йўқ демоқчимисиз?

- Ҳа, тўғри келмайди. Бари перепискада. Иш жойларни яратиш мана бундай бўлаяпти. Мисол учун¸ иш сўраб бориладиган бўлса, ëш болаларга нафақа оладику, нафақа нима қилиб борадиган бўлса, “меҳнат биржасига бор” дейди. Меҳнат биржасида “Уйда қорамолингиз борми?” дейди. “Йўқ” дейсиз. “Товуқ борми?” дейди. “Ҳа, бор”. “Ундай бўлса, товуққа қараяпсиз” деб шу жойда қоғоз тўлдириб, “солиқ тўла 45 минг” дейди. Солиқ тўламаганга штраф қилиб беради мол боқувчи ëки товуқ боқувчи деб. Ана шу билан ишчи ўрнига ўтказиб юбораяпти, дейди булунғурлик суҳбатдош.

*********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG