Линклар

logo-print
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Сурияда фуқаролар уруши рўй бериши мумкинлигини аммо Ливиядаги каби халқаро ҳамжамият аралашувини кутмаётганини айтди.

БМТ мандатига мувофиқ НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийни ҳокимиятдан ағдариш учун қуролли кураш олиб бораётган исёнчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ливия ҳукумати кучларига ҳаводан зарбалар берган.

18 ноябр куни Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жюппе БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурияда ҳукуматга қарши намойишларни қонли тарзда бостириб келаётган президент Башар ал-Ассад режимига қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.

Жюппенинг бу чақириғи Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли билан музокарадан сўнг Анқарада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида янгради.

Ундан олдин Довутўғли Сурия армияси қисмлари Дамашқ режимига қарши курашаётган исёнчиларга қўшилаётгани боис можаронинг фуқаролар урушига айланиб кетиши хавфи пайдо бўлганини айтган эди.

БМТ маълумотига кўра, март ойи ўртасида президент ал-Ассад режимига қарши исёнлар бошланганидан бери Сурияда 3,500дан ортиқ одам ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG