Линклар

Рус генералининг баёноти Қирғизистонда ташвиш уйғотди


Россия генерали Николай Макаров таҳлилчиларни ташвишга солган баёнот берди.

Россия генерали Николай Макаров таҳлилчиларни ташвишга солган баёнот берди.

Россия қуролли кучлари бош штаби раҳбари Николай Макаров Марказий Осиёда уруш хавфи мавжудли ҳақида гапирди.

Яқинда Россия қуролли кучлари бош штаби раҳбари Николай Макаров 2014 йилда НАТО кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач, Марказий Осиёда қуролли тўқнашувлар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида башорат қилди.

Қирғизистонлик хавфсизлик бўйича эксперт Имонберди Жалилов минтақада бундай хавф мавжудлигини айтди:

- НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетса, Совет аскарлари Афғонистонни тарк этганда юза келган вазият пайдо бўлади. Яъни ўшанда президент Нажибулло ҳокимиятни бой берган эди. Ҳамид Карзай ҳам ҳокимиятни қўлдан чиқариши ва унинг ўрнига радикал кучлар ҳокимиятга келиши мумкин. Уларни манфаатдор томонлардан бири ядровий қурол билан ҳам таъминлаши эҳтимолдан ҳоли эмас, -деди Имонберди Жалилов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарларидан бири Алишер Абдумўмуновнинг фикрича, Россия Марказий Осиёда ўз ҳарбий ҳозирлигини таъминлаш йўналишида мана шу каби ташвишли башоратларни ёйинламоқда.

- Макаровнинг баёнотини “Марказий Осиёга келиб, генерал –губернатор бўлиб, халқни талаб ётавер” қабилида тушунса ҳам бўлади. Россия геосиёсий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, минтақага ўз ҳарбийларини жойлаштирмоқчи бўлаётир. Мазкур баёнот Россиянинг минтақага оид махсус лойиҳаси борлигини ва Кремл уни тез кунларда амалга оширишга ҳаракат қилаётганини билдиради, -деди Алишер Абдумўмунов.

Маҳаллий таҳлилчилар Марказий Осиё АҚШ, Россия, Хитой ва Эрон манфаатлари тўқнашаётган нуқтага айланиб бораётганини таъкидлайдилар. Таҳлилчиларнинг айтишларича, йирик давлатлар минтақада ўз геосиёсий манфаатлари йўлида турли сиёсий ўйинларни амалга ошириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айни пайтда Қирғизистон кучишлатар тузилмалари расмийлари рус генералининг баёнотини “таҳдид сифатида эмас, огоҳлантириш сифатида тўғри қабул қилиш керак”, деган фикрдалар.

-НАТОнинг Афғонистондан кетмаслигини Россия чин дилдан ҳоҳлайди. Негаки, НАТО чиқиб кетса, ҳокимият Толибон қўлига ўтиши мумкин. Бу ҳолатда нафақат Марказий Осиё, балки Россия хавфсизлигига ҳам таҳдид пайдо бўлади, -деди Миллий хавфсизлик хизмати генерал-майори Артур Медетбеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG