Линклар

logo-print

Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом Ливия жанубида қўлга олинди


Сайфул Ислом Ливия телевидениеси орқали халқни исёнларга қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирган пайт, Триполи, 2011 йил 20 феврал.

Сайфул Ислом Ливия телевидениеси орқали халқни исёнларга қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирган пайт, Триполи, 2011 йил 20 феврал.

Ливия армияси қўмондонлари ҳокимиятдан ағдарилган собиқ диктатор Муаммар Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом Ливия жанубидаги Убари шаҳри яқинида қўлга олинганини эълон қилди. 19 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида қўмондон Башир ал-Тайлиб мухбирларга Сайфул Ислом ҳибсга олингани ва Зинтан шаҳрига жўнатилишини айтди.


Қўшни Нигер ҳудудига яширинча қочиб ўтишга уринган Сайфул Ислом бир неча тан қўриқчилари билан қўлга олинган.

Ҳаага шаҳридаги БМТ трибунали Ливияни 42 йил бошқарган Муаммар Қаддафий ва унинг яқинлари, жумладан Сайфул Исломни ҳукуматга қарши исёнларни бостириш пайтида инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаган.

Ҳаага трибунали Муаммар Қаддафий, унинг айрим сафдошлари ва ўғиллари, жумладан Сайфул Исломга халқаро қидирув эълон қилган.

Муаммар Қаддафийга қарши қуролли кураш олиб борган исёнчилар август ойида Триполини босиб олганидан бери Сайфул Ислом яқинлари каби яшириниб юрган.

Халқаро трибунал прокурори Луис Морено Окампо Ливия Ўтиш даври ҳукумати билан Сайфул Ислом жавобгарликка тортилиши масаласини муҳокама қилиш учун келаси ҳафта Ливияга сафар қилишини билдирди.

- Сайфул Ислом ҳибсга олингани яхши хабар. Бу жуда муҳим воқеа. Чунки биз ва ҳакамлар унни ва отаси Муаммар Қаддафийни 17 февралдан бери Ливияда содир этилган жиноятлар учун масъул шахслар деб биламиз. Бу жуда муҳим воқеа. У қўлга олинди, у тирик ва энди адолатли суд олдида жавоб беради. Бу жуда муҳим янгилик, - дея баёнот берди халқаро трибунал прокурори.

Европа Иттифоқи Ливия ҳукуматини Сайфул Исломни жавобгарликка тортишда Халқаро трибунал билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирди.

Маълумотларга кўра, Ливаядаги жанглар оқибатида Сайфул Исломнинг уч нафар укаси Мутассим, Ҳамис ва Сайфул Араб ҳалок бўлган.

20 октябр куни исëнчилар томонидан шавқатсизларча ўлдирилган Муаммар Қаддафий 25 октябр куни саҳродаги махфий жойга кўмилди.

Ливия муваққат ҳукумати расмийларига кўра, Қаддафий билан бирга ўлдирилган ўғли Мутассим ва марҳум диктатор ëрдамчиларидан бири ҳам “исломий урфга кўра” айни жойга дафн этилган.
XS
SM
MD
LG