Линклар

Ўтган иш ҳафтаси сўнгида Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари томонидан 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати консепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама этилди.


Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни янада рағбатлантиришга, шу жумладан, уларни ишлаб чиқарувчиларга илгари берилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатларини узайтириш орқали рағбатлантиришга, капитал қўйилмаларга, йўллар ва қишлоқда уй-жойлар қуриш ҳамда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтиришга ажратиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари давлат жамғармалари ҳажмларини кўпайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинган”.

- Саноат соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини жадал ривожлантиришни янада рағбатлантириш мақсадида мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш назарда тутилади. Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкаларини ўртача икки баробар пасайтириш кўзда тутилмоқда. Солиқ сиёсати концепциясида жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича солиқ солиш шкаласининг минимал ставкасини бир фоизли пунктга пасайтиришга доир чора-тадбирлар назарда тутилган бўлиб, бу аҳоли реал даромадларининг кўпайишига хизмат қилади. Солиқ сиёсати консепциясида белгиланган ушбу ва бошқа рағбатлантирувчи чора-тадбирларнинг амалга оширилиши келгуси йили мамлакатимиз иқтисодиётига солиқ юкини 0,7 фоизли пунктга пасайтиришни таъминлайди, - дея иқтибос келтиради Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати ходими сўзларидан.

Унга кўра, 2012 йилда солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф қилинган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,1 фоизни, харажатлар 22,1 фоизни, дефицит эса 1 фоизни ташкил қилади.

Бюджет сиёсатига мувофиқ, 2012 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 108,2 фоизни ташкил қилиши, саноат маҳсулотлари ҳажми 108,6 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 105,8 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми эса 109,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Аснода ўзбек расмийларининг бу каби некбинона прогнозларига мустақил таҳлилчилар скептикларча муносабатда бўлмоқдалар. Ўзбек расмийлари тақдим этаётган кўп маълумотлар реалликни акс эттирмаслигини таъкидлаган иқтисодий таҳлилчилар бундай маълумотлар кимнинг кўзини бўяш учун амалга оширилаётгани ўзлари учун қоронғу эканини қайд этмоқдалар.

Масалан, АҚШ, Австралия ва Бирлашган Араб амирликларида ўз офисларига эга бўлган ICM Brokers ташкилоти экспертларига кўра, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда кўп озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 50 фоиздан кўпроқ қимматлаган. Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси эса мамлакатдаги инфляция даражасини 3,6 фоиз деб кўрсатган эди.

Мустақил экспертларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти мамлакатда қулоч ёйган яширин иқтисод ҳисобига оқсоқланмоқда, натижада бюджетга кутилган маблағ келиб тушмаяпти. Шунингдек, коррупция ҳам иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Валюта конвертациясидаги қийинчиликлар, давлат хариди тизимининг шаффоф эмаслиги, таҳлилчилар фикрича, сармоядорларнинг Ўзбекистондан қочираётган омиллардан бўлиб ҳисобланади.

ICM Brokers таҳлилчилари жаҳон биржаларида кузатилаётган бўҳрон (истеъмол молларининг нархи тушиб бораётгани) ҳам бир қанча маҳсулотлар ва биринчи ўринда пахта хом ашёсини экспорт қилаётган Ўзбекистон иқтисодиёти учун салбий таъсир этиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG