Линклар

18 йилга кесилган Бобишоҳ Шоев 2005-2010 йиллар мобайнида тақрибан 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирганликда айбланган.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг “Нефт ва газ” корхонаси раиси Бобишоҳ Шоевнинг яқинлари Душанбе шаҳар маҳкамаси чиқарган ҳукм юзасидан мамлакат Олий маҳкамасига ариза ташлаганини айтди.

Шаҳар суди Бобишоҳ Шоев ва унинг билан бирга яна 13 фуқарони аҳоли маблағини ўзлаштирганлик ва пора берганликда айблаб, Шоевни 18 йилга ва қолганларни эса турли йилларга озодликдан маҳрум этди.

Шоевнинг микрофонга гапиришни истамаган адвокати Саидалишоҳ Одинаев ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан жуда қаттиқ ҳукм чиқарилганини айтди.

Айни пайтда Душанбе шаҳар судининг мазкур маҳкамага раислик қилган судяси Шамсиддин Азизов ҳукм қонун кучини олмагунича ҳеч қандай изоҳ бермаслигини билдирди.

Айтиш лозимки, ҳукм ўқилишдан бир кун аввал Душанбе шаҳрида ўтган маҳкама жараёни Тожикистон давлат телевидениесида махсус дастур орқали намойиш қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, Тожикистон Энергетика вазирлиги собиқ масъули Бобишоҳ Шоев 2005-2010 йиллар давомида аҳолига тегишли 1 миллион сомоний ёки тахминан 200 минг АҚШ долларини ўзлаштирган. Шунингдек, у “Нефт ва газ” корхонасига тегишли 417 минг сомонийни (тақрибан 87 000 АҚШ доллари - таҳр.) ўз эҳтиёжига сарфлаган.

Душанбелик Ҳабиб исмли суҳбатдошимиз сўнгги ўн йил давомида Бобишоҳ Шоев томонидан шахсий мулки сабабли босимларга учраганини айтди.

- У менга тегишли иншоотларни қалбаки ҳужжатлар билан тортиб олишга кўп ҳаракатлар қилди. У мени алдамоқчи бўлди, - дейди Ҳабиб.

Бироқ, Бобишоҳ Шоевнинг яқинлари эса бу айтилганлар туҳмат эканини таъкидламоқда.

Тожикистонлик ҳуқуқшунослар фикрича, Тожикистонда мулозимларнинг аҳоли маблағини ўзлаштириш ва пора олиш ёки пора бериш айби билан ҳибсга олинишлари одатий ҳолга айланган.

Ҳуқуқшунос Бузургмеҳр Равшан аксарият ҳолларда давлат ва нодавлат ташкилотлари масъуллари ана шундай айблов билан маҳкамага тортилаётганини айтади.

- Судга тушаётган делоларнинг 10 фоизи ана ўша мансабдорларга тегишлидир. Бу кўрсатгич йилдан йилга ошмоқда. Давлат ходимлари томонидан содир этилаётган бундай жиноятларнинг олдини олиш учун биринчи ўринда уларнинг маошини 10-15 бараварга ошириш лозим, деб ўйлайман, - деди Бузургмеҳр Равшан.

Тожик жамиятида ва ундан ташқарида каттагина обрўга эга бўлган сиёсатчи Бобишоҳ Шоев 1991 йил Тожикистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида номзоди кўрсатилганди.

Иқтидордаги президент Имомали Раҳмон билан сиёсий беллашувда қатнашган Шоев ғайриоддий шиор ва дастурлари туфайли сўнгги йигирма йил давомида тожикистонликлар хотирасида қолди.

Масалан, у ўз сайловолди тарғиботларида Тожикистонни нўхат билан таъминлашини, яна Душанбе шаҳридан Кўлоб шаҳригача (бу иккала шаҳар оралиғи 200 километр масофани ташкил қилади - таҳр.) троллейбус қатновини йўлга қўйишини ваъда қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG