Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

Ўзбек ва рус корчалонлари музокара ўтказади


Постсовет ўлкаларининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши юзасидан Кремл чақириғига Оқсарой ҳали лаббай дея жавоб бергани йўқ.
Постсовет ўлкаларининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши юзасидан Кремл чақириғига Оқсарой ҳали лаббай дея жавоб бергани йўқ.

Россия ишбилармон доиралари вакилларининг Тошкентга сафари чоғида ўзбек ва рус тадбиркорлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади.


Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон савдо-саноат палатаси матбуот хизмати маълум қилади.

Маълумотларга кўра, мазкур тадбир ўзбекистонлик ва россиялик тадбиркорлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Россиянинг Пенза савдо-саноат палатаси томонидан уюштирилган.

Пензалик тадбиркорларнинг сафари доирасида 23 ноябр куни Тошкентда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Хабар қилинишича, россиялик тадбиркорлар делегацияси таркибига нефт ва газни қайта ишлаш, нефт-кимё, кимё саноати, металлургия, кўмир ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик техникаси, тиббий техника, электротехника маҳсулотлари, атом ва иссиқлик энергетикаси объектлари учун қувур-арматура ишлаб чиқариш, дори-дармон ишлаб чиқариш ва шу каби саноат соҳасида фаолият юритувчи бир қатор йирик ширкатлар раҳбарлари кирган.

Таҳлилчиларнинг айримлари россияликларнинг бу ташрифини Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш юзасидан ўзбеклар “қўйнига қўл солиб кўриш” уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

Аввалроқ Россия Бош вазири Владимир Путин Европа Иттифоқига ўхшаш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тузишни таклиф қилган эди.

Бундан мақсад собиқ Совет Иттифоқи республикаларини ўзаро яқинлаштиришдан иборат экани айтилади.

Шу йилнинг 18 октябр куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ бош вазирлари иштирок этган йиғинда Евроосиё иқтисодий иттифоқи қуришда муҳим қадам бўлган Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Бироқ мазкур ҳужжатни Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон имзоламаганди.

- Делегация раҳбарлари илтимосига кўра¸ улар шу йил охиригача мазкур шартномага қўшилиш имкониятини ўрганиб чиқадилар, - деганди Россия Бош вазири Владимир Путин Санкт-Петербург йиғинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжоннинг нима учун шартномани имзоламаганига изоҳ бераркан.

Таҳлилчиларга кўра, шундан сўнг Россия постсовет давлатларининг аксарияти иштирок этиши мўлжалланаётган иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларига Ўзбекистонни ҳам жалб этиш учун астойдил уринишни бошлаган. Бироқ, таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистондаги энг муҳим қарорларни қабул қиладиган президент Ислом Каримов рози бўлмагунича Ўзбекистон бу лойиҳаларга тўлақонли аъзо ўлароқ қўшилмайди.

Ўзбекистон қўшилиш-қўшилмаслигидан қатъий назар Евроосиё иқтисодий иттифоқини шакллантириш йўлидаги уринишлар давом этмоқда.

Ўтган ҳафта охирида, аниқроғи 18 ноябр куни Божхона иттифоқига аъзо Россия, Беларус ва Қозоғистон президентлари Москвада 2015 йилга қадар Евроосиё иқтисодий комиссияси тузиш тўғрисидаги Декларацияга имзо чекдилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев, Беларус президенти Александр Лукашенко ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев интеграция жараёнини назорат қиладиган Иқтисодий комиссия тузиш тўғрисидаги келишувга ҳам қўл қўйди.

Россиянинг Саноат вазири Виктор Христенко бошчилик қиладиган комиссия 2012 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлайди.

Комиссияга раҳбар этиб сайланган Виктор Христенко “Россия овози” радиосига берган интервьюсида ҳозирда постсовет ўлкаларидан Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш эҳтимоли энг кўп бўлган даъвогар мамлакатлар қаторида Қирғизистон ва Тожикистонни санади, бироқ Ўзбекистонни тилга олмади.

“Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида қандай қарорга келинганда ҳам Ўзбекистон Россия билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни давом эттираверади”, демоқда таҳлилчилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида биринчи ўринни эгаллайди. 2010 йил натижаларига мувофиқ, икки мамлакат ўртасидаги мол айланмаси 6,377 миллиард АҚШ долларига етган.
XS
SM
MD
LG