Линклар

logo-print
Тошкентда 22 ёшли ҳомиладор аёл, унинг 1 ёшли фарзанди ва 8 ёшли жияни ваҳшиёна тарзда пичоқлаб кетилди.

Бу ҳақда Тошкентдаги манбадан Озодликка келиб тушган электрон мактубда айтилишича, воқеа 18 ноябр куни содир бўлган.

Озодлик мухбирининг қотиллик содир бўлган хонадондан олган маълумотларга кўра, ҳомиладор аёл Шоҳида Жўраева, унинг фарзанди ва жиянининг бу тариқа ўлдирилиш сабаблари яқинларига мутлақо номаълум.

Бу воқеа ҳақида таҳририятга келган мактуб ва бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тахминича, Шоҳида Жўраеванинг ибодатли, рўмолли аёл бўлгани ҳамда унинг оиласидан 3 кишининг диний мотивларда айбланиб қамалгани қотиллик сабаблари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо, марҳуманинг опаси Дилфуза Абдуллаева бундай тахминларни мутлақо инкор қилди.

- Йўқ, бу билан боғлиқ эмас. Бу ерда қанақадир бир сир бор. Биз ҳам ўйлаб-ўйлаб ўйимизга ета олмаяпмиз, - деди марҳуманинг опаси.

Ушбу оиладан олинган маълумотга кўра, марҳума Шоҳида Жўраеванинг 1978 йилда туғилган акаси Абдушукур Жўраев 2004 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 159, 244, 221-моддаларига биноан диний ва сиёсий мотивларда айбланиб, аввалига 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган ва кейинчалик бу муддат 2 йилга узайтирилган.

Марҳуманинг яна бир акаси — 1981 йилда туғилган Абдували Жўраев 2005 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 244-моддасига биноан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Марҳуманинг поччаси — 1979 йилда туғилган Аҳрор Акбаров ҳам Ўзбекистон ЖК нинг 159, 228, 244-моддалари билан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

18 ноябр куни Шоҳида Жўраева ҳамда унинг 1 ёшли ўғли билан бирга ўлдириб кетилган 8 ёшли жияни – Марзия Акбаров Аҳрор Акбаровнинг қизидир.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, рўмолли аёлнинг бу тариқа сирли тарзда ўлдирилиши Тошкентда илк бор содир бўлаётгани йўқ.

Гуруҳ тўплаган маълумотларда ўтган йили Рамазон ойида ҳам Сергели туманида яшовчи бир ҳижобли аёл, бундан ташқари, тақволи бўлган яна ёшгина имом Абдуқодир ҳам пичоқлаб кетилгани айтилган.

Тошкентдаги ушбу қотиллик сабабларини Озодлик ўрганишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG