Линклар

logo-print

Украинада ўзбек автомобилларига чекловлар кучга кирди


Ўзбек машиналари нархи ва сифати жиҳатидан украиналик автохаваскорлари кўнглига мос, дейди мутахассислар.

Ўзбек машиналари нархи ва сифати жиҳатидан украиналик автохаваскорлари кўнглига мос, дейди мутахассислар.

15 ноябрдан бошлаб Daewoo автомобилларининг Ўзбекистондан Украинага импорти йилига 3 донани ташкил этади. Шу тариқа Украина Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонда украин автомобиллари сотилишига тўсиқлар қўйилганига ўз норозилигини билдирмоқда.

15 ноябрдан бошлаб Daewoo автомобилларининг Ўзбекистондан Украинага импорти йилига 3 донани ташкил этади. Шу тариқа Украина Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонда украин автомобиллари сотилишига тўсиқлар қўйилганига ўз норозилигини билдирмоқда.

Шу йилнинг октябр ойида Украина Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасидан енгил автомобиллар импортига лицензия ва квоталар режимини жорий қилиш тўғрисида” № 1073 - сонли қарор қабул қилди.

Унга биноан, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган Daewoo Matiz, Nexia ва Lacetti автомобилларининг Украина бозорида сотилиши кескин тарзда чекланди. Киев ҳукумати ўз қарорини Ўзбекистонда украин автомобиллари сотилишига тўсиқлар қўйилгани билан изоҳлаган эди.

Киевдаги AUTO-Consulting ахборот-таҳлил маркази директори Олег Омелницкий Тошкент расмийларининг қарори боис жорий қилинган чекловлар ўзбек автомобиллари савдоси билан шуғулланаётган маҳаллий тадбиркорларга қимматга тушмоқда, дейди.

“Украинадаги савдо операторлари ва импорт билан шуҳулланувчи тадбиркорлар ҳукуматнинг бу қароридан жиддий саросимага тушиб қолди”, дейди Омелницкий.

- Улар ўзбек ҳукуматидан Украина автомобилларига қўлланилаётган чекловларнинг бекор қилиниши ҳақида муайян кафолатлар олишга уриниб кўрди. Аммо, менинг билишимча, Тошкентдан бу масала юзасидан ҳеч қандай жавоб келмаган. Ҳар ҳолда бу ерда, Украинада, Ўзбекистон ҳукуматининг бу чекловга нисбатан бирор реакцияси кузатилмади. Демак бу чеклов 2014 йилнинг ноябригача амал қилади, - деди таҳлилчи Олег Омелницкий.

Шундай қилиб, 2011 йилнинг 15 ноябридан дилерлар бир йилда двигател ҳажми 1000 см³ бўлган Daewoo Matiz, двигател ҳажми 1000-1500 см³ бўлган Daewoo Nexia ва двигател ҳажми 1500 см³ зиёд бўлган Daewoo Lacetti автомобилларидан 1 донадан олиб киришлари мумкин бўлади.

Украинада ўзбек автомобиллари савдоси билан шуғулланадиган “УзАвто-Киев” ширкатининг ўзини Шерзод, деб таништирган ходими Озодлик Радиосига ҳозирча омборларда ўзбек автомобиллари етарли эканини айтади.

- Ҳозирча омборларимизда 3000, балким камроқ автомобилларимиз бор. Машиналар ҳозирча етарли. Унгача мамлакатларимиз келишиб олиб муаммолар бартараф этилишига ишонамиз. Тушунасизку, бу ерда сиёсий-иқтисодий келишмовчиликлар сабаб бўлмоқда. Лекин бизнинг автомобилларимиз ўз тоифасида нарх ва сифат кўрсаткичлари нуқтаи назаридан энг илғор ҳисобланади. Мисол тариқасида Matizимиз нархи 47 минг гривна бўлса, шу тоифадаги Ниссан ёки Хёндай автомобиллари 100 минг гривнага яқин, - дейди “УзАвто-Киев” ширкатининг менеджери Шерзод.

Унинг айтишича, жорий қилинган чекловлар фақатгина Daewoo маркасидаги автомобилларига таалуқли бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, масалан, Chevrolet машиналари ёки Otoyol автобуслари каби бошқа транспорт ва техника воситалари ҳеч қандай тўсиқсиз Украинага киритилмоқда.

Таҳлилчилар жорий этилган чекловлар ўзбек автомобилларига бўлган нархларнинг кескин ошиб кетишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бироқ, AUTO-Consulting ахборот-таҳлил маркази директори Олег Омелницкий бу фикрга қўшилмаслигини айтади.

- Менимча, UZ-Daewoo машиналари нархлари ўсмайди, чунки 15 ноябрдан бу ширкат Украинага ўз автомобилларини импорт қила олмайди. Шу боис, улар, маълумотларимизга кўра, омборларида қолган 2-3 ойга етарли автомобилларини сотиб тугатади ва кейинги йилнинг январ ойи ўрталарига нархларни оширишнинг ҳожати ҳам қолмайди,- дейди иқтисодий таҳлилчи.

Олег Омелницкийга кўра, бу чекловлар 2014 йилда қадар амал қилишига қарамасдан, украин бозоридан сиқиб чиқарилган UZ-Daewoo 3 йил давомида харидорларнинг эсидан чиқиб кетиши ва ўз номини қайта тиклаш учун кўп вақт ва ҳаражат сарфлашини айтди.

“Ахир, украин автомобилларига Ўзбекистонда қўйилган акцизлар камайтирилмаса, ҳукумат ўз қарорини яна узайтириши ва зарур бўлса бошқа турдаги ўзбек автомобилларига жорий қилиши мумкин”,- дея таҳмин қилди AUTO-Consulting ахборот-таҳлил маркази директори Олег Омелницкий.

AUTO-Consulting маълумотларига кўра, ўтган йилда Украина Ўзбекистондан 3109 та, жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 5205та автомобил импорт қилган.

“УкрАвтопром” ассоциацияси расмий маълумотларига кўра, автомобил савдоси ҳажми жиҳатидан Украинада 13 ўринда кетаётган UZ-Daewoo 2010 йилнинг сентябрида 307, 2011 йилнинг сентябрида эса 741 дона автомобил сотган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга нафақат Украина, балки Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдова, Беларусда ҳам талаб юқори.

2010 йилда Грузия, Арманистон, Туркманистон, Афғонистонда ўзбек автомобиллари учун сотув шохобчалари очилди.

AUTO-Consulting маълумотига кўра, жорий йилнинг сентябрида UZ-Daewoo машиналарининг Украина автомобил бозоридаги улуши қарийб 4 фоизни ташкил этган ва ҳар ойида ўртача 18 фоизга ошиб борган. Таҳлилчилар бозорнинг бу қисмини Хитой автмобиллари эгаллаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG