Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:57

Ўзбек қўшиқчилари уятсизликда айбланди


Ўзбек қўшиқчилари Мустақиллик ва Наврўз байрамларидаги тадбирларга пул тўлаб чиқишларини айтадилар.
Ўзбек қўшиқчилари Мустақиллик ва Наврўз байрамларидаги тадбирларга пул тўлаб чиқишларини айтадилар.

"Ўзбекнаво" Эстрада бирлашмасида ўтказилган йиғинда Ўзбекистонда қўшиқчилардан уятсиз клипларни суратга олмаслик ва ахлоқли бўлиш талаб қилинди.


"Ахлоқсиз ва уятсиз санъаткорлар"


17 ноябр куни Тошкентда ўзбекистонлик қўшиқчилар иштирокида ўтказилган “Юксак маънавият - санъаткор одобининг мезони” мавзуидаги йиғилишда клипларда ярим-ялонғоч саҳналар кўплиги ва санъаткорларнинг аҳлоқсизлиги танқид қилинган.

Сўнгги 20 йил давомида илк бор санъаткорлар шаънига бу каби жиддий танқидий фикрлар билдирилгани айтилаётган ушбу йиғилишда “хулқи бузуқ, одоб чегарасини билмайдиган санъаткорлар” ва уларнинг ўзбекона менталитетга мос бўлмаган клиплари танқид қилинган.

Ўзбек санъаткорлари ижоди ва ҳаётини ёритувчи “Шов-шув” сайти муҳаррири Жасур Ҳамроев ушбу йиғилишда иштирок этиб, бу ҳақда махсус мақола эълон қилди. Озодлик билан суҳбатда Ж. Ҳамроев мажлис хусусида буларни айтди:

Жасур Ҳамроев ўзбек қўшиқчиларининг баъзилари беҳаё бўлиб кетганини айтади.
Жасур Ҳамроев ўзбек қўшиқчиларининг баъзилари беҳаё бўлиб кетганини айтади.
- Мажлисда санъаткорларимизнинг одоб-ахлоҳи ҳақида қайғурилди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ўзининг вазифаларини мана шу кунларда тўлиқ адо этаяпти деган менда бир тушунча пайдо бўлди ва кўп санъаткорлар жуда керакли, жўяли фикрларни ўзларига олди деб ҳисоблайман. Танқид қилинган нарсаки, бу одилона қаралди. Ҳақиқатан адолатли нарса бўлди. Бу ерда клипмейкерларнинг хатолари кўрсатилди. Қайсики маънода ўзимизнинг менталитетга хос бўлмаган, ўша ғарбга тақлид қилган санъаткорларнинг клипларидан лавҳалар жамланди ва бу нарса қайси маънода кўрсатилди? Бошқа бир санъаткорни изза қилиш, унинг устидан кулиш мақсадида эмас. Ҳар битта одам ўзининг хатосини билишлиги учун, мана шунақа хатоларни такрорламаслиги учун кўрсатилди ва ҳамма ўзига яраша хулоса чиқарди деб ўйлайман,- дейди Ж. Ҳамроев.

Йиғилишда иштирок этган мутсаддилар “Турли туман бўёқларни юзига суриб, алламбало соч турмаги билан клипларда намоён бўлиш ёҳуд санъткорларнинг турли босма нашрларга уйини, катта бассейнини реклама қилиб, интервью беришлари одобсизликдан катта нишона” эканини таъкидлаганлар.

Қўшиқчилардан Мавлуда Асалхўжаева, Даврон Эргашев, “Манго”, Ҳусан, Асилбек ва Феруза Жуманиёзованинг айрим клиплари ўта саёз ва беҳаё экани айтилиб, Канизанинг “Ҳис эт” қўшиғига ишланган клип ўта шаҳвоний деб топилган.


(Канизанинг шаҳвоний деб топилган “Ҳис эт”клипи.)

- Мавлуда Асалхўжаева ва Каниза деган қизимиз бор. Мана шу Канизани умуман даволаш керак назаримда. Чунки Лейди Гага (Lady Gaga)га тақлиди кун сайин томошабинлар нафратини ошираяптида. Яна ëшлардан Ҳусан деган боланинг клипи, ундан ташқари бир неча ëшлар. Уларга танбеҳ ҳам берилди, танқид ҳам қилинди, фикрлар айтилди. Ҳамма фикрини айтишга имкон топди. Кўп санъаткорлар фикрларини билдирди. Масалан Мавлуда Асалхжўжаева ўзини оқлашга ҳаракат қилди ëки бошқа битта-иккита санъаткорлар ҳам. Ғуломжон Ëқубов жўяли фикрлар берди устоз санъаткор сифатида,- дейди Шов-Шув сайти муҳаррири.

Қуйида Жасур Ҳамроев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:



"Байрам тадбирларидаги пуллик чиқишлар"


"Ўзбекнаво" агентлиги йиғилишида Тошкентда ижод қиладиган санъаткорларнинг вилоятларда ўтадиган мустақиллик байрами тадбирларида иштирок этиши учун пул сўраши ҳам танқид остига олинган.

Йиғилишда иштирок этган қўшиқчилардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу танқидни ноўрин деб ҳисоблашини айтади.

"Биз Тошкентдаги Мустақиллик ва Наврўз байрамларида иштирок этиш учун 500-1000 доллар атрофида пул берган пайтларимиз бўлади. Ҳозир буларнинг кўзига фақат вилоятларга бориш учун сўралган 200-300 долларгина кўринаяпти. Олдин ўшани йўқ қилишса, биз ҳам вилоятлардаги тадбирларга текинга борардик",- дейди ўзини ошкор қилишни истамаган хонанда.

Йиғилишда Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ёшларга ўрнак сифатида кўрсатилган.

Гугуша танқиддан четда қолди


Йиғилишда иштирок этган, лекин маълум сабабларга кўра ўзини ошкор қилишни истамаган хонандага кўра, йиғилишда Гугуша таҳаллуси билан ижод қиладиган президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иштирокидаги клипларнинг ярим-ялонғоч қаҳрамонлари "Ўзбекнаво" йиғилишида умуман тилга олинмаган.

Тошкентлик томошабинларга кўра, Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган телеканалларда ўзбекона менталитетга тўғри келмайдиган клиплар доимий равишда намойиш қилиб келинади.

Озодликка маълум бўлишича, йиғилишда танқид қилинган клипларнинг телеканаллар орқали намойиш қилинишига ҳам тақиқ қўйилмаган.
XS
SM
MD
LG