Линклар

logo-print

Россиялик томошабин Путиндан норози бўлдими?


Россияда икки курашчи жангини томоша қилган Владимир Путин рингга чиқиб сўзлаган кезда 20 минг томошабин йиғилган комплексни шовқин босиб кетди.

Россияда икки курашчи жангини томоша қилган Владимир Путин рингга чиқиб сўзлаган кезда 20 минг томошабин йиғилган комплексни шовқин босиб кетди.

Рус матбуоти спорткомплексга йиғилган 20 минг оломон Путиндан норози бўлдими ёки америкалик жангчи Монсонданми, деб баҳс қилмоқда.


Кечадан буён Россия матбуотида "Олимпийский" спорт комплексидаги 20 минг томошабин Бош вазир Владимир Путиндан норози бўлиб хуштак чалдими ёки ўша кунги жангда бой берган америкалик жангчи Монсонданми, деган мавзуда баҳс бормоқда.

Интернетдаги ахборот сайтларида 20 ноябр куни қоидасиз кураш турлари бўйича жаҳон чемпиони бўлган россиялик Федор Емеляненко билан америкалик Жефф Монсон ўртасидаги жангдан ҳаваскорлар тасвирга олган видеоёзув эълон қилинди.

Ушбу жангни томоша қилиш учун борган Россия Бош вазири Владимир Путин рус жангчиси ғалабасидан сўнг рингга чиқиб сўз бошлаган пайтда томошабинлар қаттиқ ҳуштак чалиб, норози оҳангда шовқин солди.

Бу эса қатор интернет тармоқларида айнан Путиндан норозилик ифодаси ўлароқ тақдим қилинмоқда.

Қизиғи, бу манзара "Россия-2" телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилаётган эди. Жонли эфирда ҳавога узатилган шовқин кейинги хабарларда сезиларли равишда пасайтирилди.

Бундан ташқари, бироз ўтиб матбуотга сўзлаган спорткомплекс раҳбари Михаил Москалёв жамоат Путиндан эмас, балки рус курашчисининг рақиби Монсондан норози бўлиб ҳайқиргани ҳақида баёнот берди.

Бу ҳолга муносабат билдираётган айрим рус блоггерлари буни Путин даврининг якуни, деб баҳоламоқда.

Путин тарафдорлари эса бундай жангларда бу каби шовқин-суроннинг бўлиши табиий экани ва унинг кимгадир, айниқса, Владимир Путинга норозилик ифодаси эмаслигини айтмоқда.

Қуйида ушбу видеотасвирни томоша қилишингиз ва баҳслашаётган россияликлардан қай бири ҳақ экани ҳақида ўзингиз бир хулосага келишингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG