Линклар

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги мамлакат қамоқларида ички ишлар ходимлари томонидан зўрланган икки муҳбуса аёл иши бўйича енгиллик берди. Ҳибсдалиги пайтида 12 милиционер томонидан зўрлангани айтилган Райҳон Соатованинг жазоси юмшатилиб, манзил колониясига ўтказилди. Яна бир воқеада қўқонлик Мухайё Одилованинг тергов пайтида милиция зобити тажовузига учраганини Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев тан олгани айтилмоқда. Расмийларнинг бу қадамига шу кунларда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида давом этаётган мажлис ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга эътибори кучаяётгани сабаб бўлгани айтилмоқда.


Ўтган йили етти йилга ҳукм қилинган Райҳон Соатова қамоқхонадан манзил колониясига ўтган чоршанба куни ўтказилган эди. Р. Соатова ҳибсдалиги пайтида 12 нафар милиция ходими томонидан зўрлангани ҳақида яқинларига гапириб берган. У жинсий тажовуз натижасида 2010 йилнинг декабрида бола кўрган эди. Бироқ суд қарорига кўра ўтказилган ДНК таҳлили, расмийларнинг айтишича, қамоқда туғилган боланинг отаси кимлигини аниқлаб бера олмаган.

Ўтган ҳафта шунингдек, Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Абдукарим Шодиев Олий мажлисда бўлиб ўтган йиғинда қўқонлик Мухайё Одилова 2006 йилда тергов пайтида милиция зобити томонидан зўрлангани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлагани айтилмоқда. Парламент қўмитасидаги бу мажлис тўғрисида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси ўз манбаларига таяниб маълум қилди. Ташкилот раҳбари Елена Урлаева гапиради:

- 2006 йилда қўқонлик Одилова Муҳайё унинг оиласига нисбатан маҳаллий расмийлар буйруғи билан бошланган таъқиблар натижасида қамоққа тушган эди. Унинг отаси Фарғона вилояти ИИБси собиқ бошлиғи бўлган эди. Хуллас у товламачиликда айбланиб, қамоққа олинган ва бу ишни олиб борган милиция подполковниги уни тергов пайтида зўрлаган эди. Ўтган ҳафта ишончли манбадан олинган маълумотга кўра, парламентда ўтган мажлисда жазони ижро этиш бошқармаси бошлиғи Шодиевдан бу ҳақда сўрашган ва у мазкур маълумотни тасдиқлаган,- дейди Елена Урлаева.

Унинг айтишича, М. Одилова ҳам милиция зобити томонидан зўрлангач, ҳомиладор бўлган. Вазир ўринбосари А. Шодиев бу ҳомилани тўхтатиш учун унга 200 минг сўм миқдорида пул берган. Ҳозирда М. Одилова қамоқдан озод қилинган, дея қўшимча қилди Урлаева.

Ҳуқуқ фаоли расмийларнинг қамоқларда аёллар жинсий тажовуз қурбони бўлаётганини тан олишига халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонга эътиборнинг кучаяётгани туртки бўлганини айтади.

- Менимча, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи хусусида эътибори кучаймоқда. Бунга АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ташрифи ҳам ҳисса қўшди. Европа Иттифоқининг босими ҳам сезилиб турибди. Бундан ташқари халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам қийноқлар, аёллаога нисбатан зўравонлик масалалари тез-тез кўтарилиб турибди. Хусусан ЕИнинг сўнгги ҳисоботларидан бирида Ўзбекистондаги гендер муаммолари кўтарилган эди. Буларнинг ҳаммаси менимча, сал бўлсада ижобий натижаларга туртки бўлмоқда, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Е. Урлаева.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов ҳам ҳамкасби фикрларига қўшилиб, расмийларнинг Р. Соатова ва М. Одилова ишларига диққат қаратишига шу кунларда Женевада давом этаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг қийноқларга қарши қўмитаси сессияси ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейди.

- Кўп ҳолда масалан ўша БМТ ëки Европа Иттифоқининг қандайдир ўша йиғилишлари бўлишидан олдин Ўзбекистон бориб ҳисобот ëки демак қандайдир маъруза қиладиган бўлса инсон ҳуқуқлари борасида, албатта қандайдир бир енгиллаштириш, кимнидир қамоқ жазосидан вақтлироқ чиқариб юбориш, мана Райҳон Соатовани чиқариб нима қилган, ўзининг маърузасида бизнинг ҳукумат делегацияси мана шуни келтиради. Яъни “Бизлар мана шунақа тадбирлар ўтказдик. Мана шуларни озод қилдик, чиқардик, енгиллаштирдик. Қанақадир қонунни ўзгартириброқ ëзиб, мана шунақа ўзгартиргани тўғрисида, реформалар қилаяпмиз” деган нарсаларни кўрсатади,- дейди С. Икромов.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессияларида одатда Ўзбекистондан Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Парламент вакиллари иштирок этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG