Линклар

Аввалда асосан Россия ва Қозоғистонга мева-сабзавот етказиб берган Ўзбекистон эндиликда Европанинг Норвегия, Полша, Белгия ва бошқа мамлакатларига ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

Ўзбек деҳқонлари етиштирган мева-сабзавотлар, шунингдек, постсовет ўлкаларидан Туркманистон ва Беларус, Осиё мамлакатларидан Афғонистон, Эрон ва Тайландга ҳам жўнатилаяпти.

Олам.уз сайтининг ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган меваларни Австриянинг REWA гипермаркетлар тармоғида, Zotter шоколад фабрикаси хом ашёлари таркибида учратиш мумкин. Германиядаги Marap Handels GmbH гипермаркетлар тармоғи ҳам энг аввало экологик жиҳатдан юқори сифатга эга бўлгани учун Ўзбекистон меваларини сотиб олишни афзал кўрмоқда. Бунга Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларнинг, европаликлар ёқтиргандек, гени ўзгартирилмагани, табиий таъмини сақлаб қолгани сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, бу йил ёзда Сурхондарёнинг машҳур анорлари Жанубий Кореяга ҳам жўнатилган.

Айни пайтда ўзбек мева-сабзавотларининг анъанавий харидори бўлган Қозоғистон ва Россияга ҳам экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми ортиб бормоқда.

Хусусан, айрим маълумотларга кўра, бу йил Ўзбекистон Россияга ўтган йилдагидан 47 фоизга кўп мева-сабзавот юбориб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортерларининг биринчи учлигига киришга муваффақ бўлган. Қиймати 300 миллион доллардан ошган бу маҳсулотларнинг 75 фоизини полиз маҳсулотлари (қовун-тарвузлар) ташкил қилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу йил республикада 6 миллион 241,9 минг тонна сабзавот (ўтган йилдагидан 11,6 фоизга кўп), 933,4 минг тонна полиз маҳсулотлари (ўтган йилдагидан 9,1 фоизга кўп), 1 миллион 256 минг тонна мева (ўтган йилдагидан 10,3 фоизга кўп), 723,2 минг тонна узум етиштирилган. Айни пайтда етиштирилган сабзавотнинг 2,215 миллион тоннаси, полиз маҳсулотларининг 595,9 минг тоннаси, меваларнинг 816,4 минг тоннаси ва узумнинг 556,6 минг тоннаси фермер хўжаликлар ҳиссасига тўғри келган.

Аснода ўзбек расмийлар республикада экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганини, бу йил ҳукумат томонидан 2011-2015 йиллар учун мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш юзасидан моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланганини билдирмоқдалар. Расмийларга кўра, мазкур ҳужжатда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун янги музлаткич камераларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш кўзда тутилган, маҳсулот сақлаш билан шуғулланувчи корхоналар 2015 йилгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган юк юклаш ва тушириш техникаси, музлаткич ва омборлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган.

Тез бузилувчи маҳсулотлар сақлаш билан боғлиқ соҳа модернизацияси учун ётқизиладиган сармоянинг энг кўпи, расмий маълумотларга кўра, Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўзлаштириши режаланган.

Бироқ, мутахассисларга кўра, Ўзбекистон мева-сабзавотларини хорижга етказиб берувчи махсус транспорт воситаларининг техник ҳолати замонавий талабларга жавоб бермагани туфайли бу маҳсулотлар ўз харидорига етиб боргунича сифати бузилаяпти.

Бундан ташқари, божхона пунктларидаги бюрократия ва коррупция, ўзбек деҳқонининг ижарага олган ерига ўзи истаган экинини эка олмаслиги, фермерлар ҳали ҳам совет давридагидек планли иқтисод асосида ишлаётгани ва бошқа бир қанча омиллар Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштириш ҳажмининг оширилиши ва уларни хорижий давлатлар бозорига етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG