Линклар

logo-print

Русский оролида ўзбекистонликлар жароҳат олди


Русский оролидаги қурилишларда минглаб ўзбекистонлик мардикорлар меҳнат қилади.

Русский оролидаги қурилишларда минглаб ўзбекистонлик мардикорлар меҳнат қилади.

Владивостокнинг Русский оролидаги Узоқ-Шарқ Федерал Университети қурилишида чиққан ёнғинда жароҳатланган мардикорлар касалхонага ётқизилди.


Сешанба куни эрталаб Приморье ўлкасининг Русский оролидаги Узоқ Шарқ федерал университети (ДВФУ) қурилишида ёнғин чиқди. Воқеа натижасида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси турли жароҳатлар билан Владивосток шифохоналарига олиб кетилди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган қурилиш бош пудратчиси, “Крокус” ЁАЖи расмийси Александр Бабченкога кўра, ишчилар жиддий жароҳат олмаган ва асосан тутундан нафаслари бўғилган.

- Бугун эрталаб, Владивосток вақти билан соат 9:40 ларда қурилиши кетаётган корпуснинг биринчи қаватида иситувчи қоплама ёниб кетди. У ерда жиддий жароҳат олганлар бўлмади: жами шаҳар шифохоналарига кундузи 6 киши олиб келинди, бир кишига аллақачон жавоб бериб юборилди. Мен бугун уларнинг олдига бордим, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас. У ерда тутун катта бўлгани сабабли бир неча киши тус-тўполонда йиқилиб жароҳат олган. Улар юқори қаватлардан сакраган деган хабарларни тасдиқламайман,- дейди “Крокус” ширкати расмийси.

Бабченко жароҳатланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани ва улар бинонинг юқори этажларидан нарвонлар ёрдамида эвакуация қилинганини қўшимча қилди.

Лекин оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотлар “Крокус” вакили сўзларига мос келмаяпти.

Владивосток шаҳар 2-сонли Клиника шифохонаси ходими Алексей Малиновский ўзининг Twitter тармоғидаги саҳифасида ҳалокат жойидан фотосуратлар эълон қилди.

Бу фотолардан бирида Алексей Малиновский бурни тикилаётган шахснинг умуртқасига ҳам шикаст етказилганига қарамасдан “у рус тилида сўкинаётганини” ёзади.

Яна бир суратда қурилишдаги ёнғин жойидан қора тутун чиқаётгани тасвирланган.

Русский оролида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Олимжон ака университетда рўй берган воқеа ҳақида эшитганини айтади.

- Мен “Крокусдан” бўлмаган бир-иккитасидан сўрасам, шу томонга роса пожарнийлар ўтди, дейди. Пожарнийлар ўтди дейдию, нима бўлганини аниқ билмабди, - дейди Русский оролидаги меҳнат муҳожирларидан бири.

“Приморье24” ахборот агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан бирининг сўзларига таяниб маълум қилишича, ёнғин биринчи қаватда чиққани сабабли, ишчилар ўз ҳаётларини сақлаш мақсадида бинонинг 3 ва 4 қаватларидан сакраган. Ўзбекистонликлар асосан мана шунинг оқибатида жароҳат олганлари айтилмоқда.

“Икки кишининг умуртқаси синган, қолганларнинг оёқлари, тос суяклари синган, бир кишининг елкаси чиқиб кетган”,- дея хабар беради Владивостокдаги шифохона расмийлари.

Тепадан сакраб жароҳат олганлар ўзбекистонликлардан бири "Комсомолская правда" газетасига берган интервьюсида воқеа тафсилотларини шундай тасвирлайди.

"Бригадамиз 3-4 қаватларда ишлаётган эди. Олов бошланди, ҳеч нарса кўриб бўлмайди, ҳатто бир сантиментрни кўрмайсиз. Нафасим бўғила бошлади. Биз форточка орқали нафас олиб кўрдик, ёрдам бермади, қора тутун ҳамма ёқни қоплади. Шунда 4 қаватдан пастга тортилган тентга сакрадиму ерга тушиб бу ёғини эслай олмайман",- дейди жароҳат олган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Ҳозирда ёнғин сабаблари текширилмоқда.

Осиё-Тинч океан иқтисодий ҳамкорлиги АТЭС-2012 саммитига бағишлаб қурилаётган университет биносида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон фуқароларининг турли ҳодисалар натижасида жароҳатланиши ёки ҳалок бўлиши ҳолатлари биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

Шу йилнинг июн охирларида айни қурилиши объектида 22 ёшли ўзбекистонлик 7 метр баландликдан тушиб кетиб, ҳалок бўлган; июл ойида яна бир бригадир томдан тушиб кетиб, оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган; 6 сентябр куни Узоқ Шарқ федерал университети (ДВФУ) қурилишида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 12 корпус юқори қаватидан тушиб кетиб нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Приморье Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, Русский оролидаги иншоотлар қурилишларига 7 мингга яқин меҳнат муҳожирлари жалб қилинган. Норасмий маълумотлар бўйича бу рақам 12 минг кишини ташкил этади.

Узоқ Шарқ Федерал Университети 2012 йилнинг сентябрида Владивостокда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океан иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС)га аъзо давлат раҳбарларининг учрашувига бағишлаб қурилаётган йирик иншоотлардан бири ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG