Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:41

Қоҳирадаги ўзбеклар бу гал Таҳрир майдонидан четда қолмоқда


Аксарияти Қоҳирада таҳсил олаётган ўзбек ёшлари бу гал полиция вакиллари томонидан таҳрир майдонига қўйилмаётганини айтмоқда.
Аксарияти Қоҳирада таҳсил олаётган ўзбек ёшлари бу гал полиция вакиллари томонидан таҳрир майдонига қўйилмаётганини айтмоқда.

Таҳрир майдонида феврал инқилобини бевосита кузатган хорижликлар бу гал майдонга қўйилмаётганларини айтмоқда.


Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонидан бир чақирим нарироқда яшайдиган ўзбек талабалардан бири Муҳаммадали феврал инқилобидан 9 ой ўтиб, яна айни майдонда юзага келган тўқнашувларнинг шиддати ошиб бораётганини айтди.

- Бир ҳафтача бўлдида бошланганига. Кечаги куни Қоҳирадаги радиолардан бирида 16 киши ўлди, деган эди. Кеча эшитганимда 35 киши ўлди, деди. Кундан-кунга яна уруш кучайиб бораяпти Қоҳирада,- дейди Қоҳирада яшаб, таҳсил олаётган ўзбек йигит Муҳаммадали.

Унинг сўзларига кўра, шу кунларда Таҳрир майдонининг атрофи полиция томонидан ўраб олинган ва хориж фуқаролари Қоҳира марказига ўта олмаяптилар.

- Анча нарисидан майдонни атрофи полиция билан ўралган. Биз борсак, араблар бизни киргизмаяпти ҳозир. Майдонда фақат арабларнинг ўзлари. Таҳрирда нима бўлаётганини биз ҳам фақат телевидениедан кўриб турибмиз,- дейди Муҳаммадали.

Бу гал Миср матбуоти майдонда бўлаётган воқеаларни фаол ёритмоқда, дея қўшимча қилади ўзбекистонлик талаба. Норозиларга қарата полициянинг куч ишлатгани, ёш оқизувчи газ қўллагани акс этган кадрлар давлат телевидениеси орқали ҳам тез-тез берилмоқда.

Мана тўртинчи кундирки Ҳусни Муборак ҳокимиятни тарк этгач иқтидорга келган Миср ҳарбийларидан норози бўлиб, Таҳрир майдонига йиғилган 5 мингга яқин намойишчи билан полиция тўқнашувлар давом этмоқда.

Халқаро матбуотда берилган хабарларга кўра, қурбон бўлганлар сони камида 24 кишини ташкил қилади. 1 минг 700 га яқин одам жароҳатланган.

Мисрлик норозиларни қувватлаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳокимиятга келганига эндигина 9 ой бўлган ҳарбийларнинг аввалги президент Ҳусни Муборак режими изидан бораётганини айтиб, танқид қилимоқда.

Хориж матбуотига сўзлаган қоҳираликлар эса ҳукумат ҳарбийлари ҳисбга олинган намойшчиларни электрошок билан қийноққа солгани, аёлларни калтаклагани, полиция участкаларида айрим ёш қизларнинг бокиралиги текширилгани ҳақидаги ҳолатларни гапириб бермоқда.

Бундай ҳолатларга оид маълумотларни тўплаган Amnesty International ташкилоти ўз баёнотида Ҳусни Муборак даврида кузатилган ҳуқуқ бузарликлар янги ҳукумат даврида ҳам такрорланаётганидан хавотир билдирди.

Айни кезда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Мисрда яна қон тўкилганидан жиддий хавотир билдириб, мамлакат раҳбарларини инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликлари ҳимояланишини “кафолатлаш”га чақирди.

Яқинда Ҳусни Муборакнинг 30 йиллик ҳукмронлигидан қутулган мисрликларнинг кўнглида унинг қўлида 20 йил мудофаа вазири бўлиб ишлаган, Мисрнинг иқтидордаги ҳарбий кенгаши раҳбари, фелд-маршал Муҳаммад Ҳусайн Тантавий бошчилигидаги раҳбарларга нисбатан яна қаттиқ норозилик юзага чиқди.

Зеро, душанба куни Миср ҳукумати Ҳарбий кенгашдан истеъфога чиқишини сўраганига қарамай, ҳарбийлар ҳозиргача бу таклифни қабул қилгани йўқ. Аксинча, Таҳрир майдонига йиғилган намойишчиларга қарши ҳарбийларнинг ҳаракати кескинлашиб бормоқда.

Турли манбаларда берилган маълумотларга кўра, 5 мингдан 10 мингача норозилар йиғилган майдонда тунни ўтказган намойишчи Таймур Салоҳ аксар мисрликлар эндиликда ҳокимиятнинг ана шу ҳарбийлар қўлига ўтиб қолишини истамаётганини айтади.

- Бу ҳукумат халққа фойдасиз ҳукумат бўлди, генерал Тантавий истеъфо бериши керак. Биз бунақа аҳволдан чарчаганмиз. Армия бизнинг ҳозирги муаммоларимиз учун жавобгар. Энди биз мақсадга етмагунча бу майдонни тарк этмаймиз,- дейди Таймур Салоҳ.

28 ноябр куни Мисрда парламент сайловлари бўлиб ўтиши белгиланган эди ва Миср раҳабрияти кучайиб бораётган норозиликлар ҳамда тўқнашувларга қарамай, сайлов ўтказилишини ваъда қилмоқда.

Аммо, қоҳираликлар орасида бу галги намойишларни қувватлаётганлар билан бирга мамлакат яна нотинчлик исканжасига тушиб қолаётганидан хавотир билдираётганлар ҳам бор.

Муҳаммадали шу кунларда ваҳимаси Қоҳирани тутган бу тўполонларнинг асл сабабларини кўпчилик аниқ тушунмаяпти, дейди.

Унга кўра, намойишчиларда қанақадир бир тушунарсиз саросима, карахтлик бор.

Бу галги норозилик намойишлари Қоҳирада юрган марказий-осиёлик ўзбекларда ҳам у қадар қизиқиш уйғотаётгани йўқ, аксинча кўпчиликнинг бундан бироз норози эканини айтади суҳбатдошимиз.

- Чунки, ўтган гал инқилоб бўлганда, узоқ вақт ишлар тўхтаб қолган эди. Ишсиз қолган эди чет элликлар. Энди биласиз, деярли кўпчилик ўзбекнинг бу ерда тирикчилиги бор. Шунинг учун, иши тўхташини истамайди,- дейди Муҳаммадали.

Шу йилнинг январ-феврал ойиларидаги намойишлар чоғида Қоҳирадаги айрим талаба ўзбеклар бу жараёнларни бевосита кузатган, Таҳрир майдонидан туриб Озодликнинг жонли мулоқотида жараённи сўзлаб ҳам берган эди.

Озодлик улардан айримлари билан боғланди, лекин талабар бу сафарги намойишлар хусусида суҳбатлашишдан бош тортди.

Бир тарафдан, эндиги намойишлар қоҳиралик маҳаллий намойишчилар доирасида қолаётгани бунга сабаб бўлса, иккинчи тарафдан, уларнинг фаол равишда Озодликда сўзлагани Ўзбекистондаги яқинлари томонидан маъқулланмаган.

Зеро, Миср инқилоби рўй берган ва ундан кейинги кезларда бу давлатда таҳсил олаётган талабаларга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан босим бўлгани, бир гуруҳ талаб Тошкент аэропортида қисқа муддатга ҳибс қилингани мамлакатдаги мустақил манбалар томонидан хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG