Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

Ҳуқуқ фаолидан тилхат қийноқ остида ёздириб олинган


А. Фармоновдан ёздириб олинган тилхат Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботларига тиркалгани айтилмоқда.
А. Фармоновдан ёздириб олинган тилхат Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботларига тиркалгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли Аъзам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубованинг айтишича, унинг эридан “қамоқдаги ҳамма шароитлар яхши, қийноқлар умуман йўқ” мазмунидаги тилхат қийноқлар остида ёздириб олинган. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг айтишича, А. Фармоновдан олинган тилхат расмийлар ЕХҲТ сентябр-октябр ойларида ўтказган мажлисга тақдим қилинган ҳисоботга тиркалган.


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов бундан икки ой аввал ўзи жазо ўтаётган муассаса нозирларига “қамоқхонадаги шароитлар яхши эканлиги, маҳкумларга нисбатан яхши муомалада бўлинаётгани, қийноқлар қўлланилмаётгани” ҳақида тилхат ёзиб берган.

Аъзам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубованинг Озодликка айтишича, бу тилхат маҳкумдан қийноқлар воситасида ёздириб олинган. О. Ёқубова бу ҳақда 13 ноябр куни Жаслиқдаги 64/71 сонли жазони ўташ муассасасида эри билан учрашганда билганини айтади:

- Хўжайинимнинг айтиши бўйича, август ойида мен свиданиедан чиқиб кетганимдан кейин эртаси куниëқ олиб чиқиб қийноққа тутишган. Тушунтириш хати ëзиб берасан, деб мажбурлашган. Тушунтириш хати ëзишдан бош тортганларидан кейин қийнашни бошлаган. Муассаса бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари, милиция капитани Вайсниёзов Шавкат қийнаган. Ëзиб берасан, деб мажбурлаган. Бўйнидан бўққан, тепган, қоринларига роса тепган, шунақа қилиб жуда қаттиқ қийноққа солган. “Орқангдан келадиган бола-чақангни ҳам ўлдиртираман" дегандан кейин мажбур бўлдим ëзишга, улар мени қийнаб тушунтириш хатини ëздириб олишди” деб менга айтиб бердилар,- дейди О. Ёқубова.

У ўз турмуш ўртоғининг аввал ҳам икки марта қийноқлар остида айни мазмундаги тилхатлар ёзиб берганини қўшимча қилади.

Аслида, дея давом этади О. Ёқубова, Жаслиқдаги маҳкумларнинг аҳволи кун сайин ёмонлашмоқда. Бу қамоқхонадаги маҳбусларга берилаётган руҳий азобга мисол келтиради.

- Ҳаммаси камерний системада ўтиришади. Бир соат ташқарига прогулкага олиб чиқишади. Бошқа пайт ҳаммаси камеранинг ичида. Битта камеранинг ичида 10-12 тагача одам бўлар экан. 5,5 йилдан бери ишга олиб чиққани йўқ. Соғлиқлари ёмон, мана 2 йилдан бери таналарида, оëқларида, қўлларида безлар пайдо бўлган. Оëқ-қўлини 20 дан ортиқ без босган. Бу кам ҳаракатликдан, бир жойда узоқ муддат ўтирганликдан пайдо бўладиган безлар,- дейди Озода Ёқубова.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, Ўзбекистон қамоқхоналарида бугун ўндан ортиқ инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қолмоқда. Улардан ёздириб олинаётган бундай тилхатлар эса, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларга тақдим этадиган ҳисоботларда қамоқхоналарда қийноқ йўқлигига далил сифатида келтирилиши айтилади.

Айни пайтда Францияда яшаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг собиқ раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, Аъзам Фармонов ёзиб берган тилхат шу йилнинг сентябр-октябр ойларида ЕХҲТнинг Варшавада бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим қилинган:

- Бу кенгашга Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ҳам келган. Ташқи ишлар вазирлигининг вакили ҳисобот берган. Ўша ҳисоботга бир қанча ҳуқуқбонлардан ëздириб олинган хатларни киритишган. Нима учун? Халқаро демократик ҳамжамиятни лақиллатиш учун, алдаш учун Ўзбекистон ҳукумати мана шунақа ҳисоботлар ëзади. Ана шу мақсадда Аъзам Фармоновдан ҳам ëздириб олишган. Аъзам Фармонов оддий ҳуқуқбон эмас. У Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарë вилоят бўлимининг раиси бўлган ўз вақтида. Табиий, ундан ëздириб олинса, ҳукуматнинг ҳисоботи анча салмоқли бўлади,-дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти собиқ раиси Толиб Ёқубов.

А. Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “товламачилик”да айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Инсон ҳуқуқлари учун Халқаро Федерация “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаолининг исми-шарифини келтиради.

Булар - Ҳабибулла Оқпўлатов, Аъзам Фармонов, Насим Исоҳов, Жамшид Каримов, Йўлдош Расулов, Зафар Раҳимов, Ғанихон Маматхонов, Ғойбулло Жалилов, Алишер Кароматов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов ва Абдурасул Худойназаровлардир.
XS
SM
MD
LG