Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Қадрдоним Печкажон


Ҳар йилги қишнинг қайралган қиличи дамини кесадиган беминнат ёрдамчимиз бор.


Кўчанинг совуғидан уйга қочиб кирамизу уни қучамиз. Кўкарган қўлларимизни тоблаймиз - иситамиз.

Ёнига кирволиб мушукнинг боласидай мудраймиз. Уйқумиз қочса гоҳ у ёнимиз, гоҳ бу ёнимиз билан суянволиб китоб ўқиймиз.

Устида чой қайнатамиз, таом пиширамиз.

Қиш ичи қўшнидан яқин, қариндошдан меҳрибонроқ у.

Қиш ичи ҳаммамиз унинг атрофида.

Баҳор келиб, кунлар илиши билан деворларнинг ичига қурилганларидан бошқасини ташқарига ҳайдаймиз. Баҳор, ёз, куз ичи у бостирмаларда, омборхоналарда, оғилхоналарда чанг босиб ётади.

“Пешонаси ялтироқ”лари ёзги ўчоқбошида устал бўлиб хизмат қилади.

Қишда қадрли, ёзда қадрсиз бу матоҳнинг тури кўп. Тўртбурчаги бор, думалоғи бор. Дарози бор, паканаси бор. Темирдан қилишади, тунукадан ясашади, чўяндан қуйишади.



Печкажонларнинг аслзодалари, киборлари ҳам бор. Уларни Фарангистондан, Олмондан ва яна аллақаердаги ажиб макондан аслзодалар, киборлар олиб келади.

Лекин бугун гап ойимча печкалар ҳақида эмас, меҳнаткаш печкалар устида.

***

Йўқчилик кишини ижодкор қилади. Ёқилғи тақчиллиги ижодкор қанотини бургут қанотидан узунроқ қилади.

Ўшлик тингловчимиз жўнатган мана бу печканинг ўзи бир дунё, номи – бошқа дунё!

“Таракан” печка газ ёқишга мўлжалланган. Унинг суратини кўрингу рисоладагидай босим билан келадиган газнинг возиллаб зангор ёнишини тасаввур қилинг.

Печка бир лаҳча чўққа айланиб кетдими? Уйингиз Тошкент бўпкетдими? Воҳ-воҳ, паҳ-паҳ!

Лекин ўшликнинг “Таракан” печкаси бухороликнинг ихтироси олдида ҳечдир.

“Таракан” - газ бўлмаса, яроқсиз матаҳ.

Бухороликники – газбоп, ўтинбоп, кўмирбоп, тезакбоп.

Ихтирочи билан тунов куни гаплашгандик:

Озодлик: Тушунтириб беринг янги печкангизнинг ўзгачалигини.

- Ихтиро қилдик.

Озодлик: Нима ëқасиз бунда?

- Ўтин.

Озодлик: Газ ҳам ëқса бўладими?

- Газ ҳам ëқса бўлади газ бўлса агар.

Озодлик: Ҳамма печкада ҳам ўтин ëнади, ҳамма печкада ҳам газ ëнади, кўмир ëнади. Сиз ихтиро қилдик деяпсиз. Нимасини ихтиро қилдингиз?

- Печканинг ичидан трубаларни ўтказдик. Кейин олов ëққан пайтда ҳам бу ëқдан кириб ҳавони қизитадида ичкаридан яна. Олов трубага борадику ичкаридан. Трубанинг ичидаги ҳавони қизитиб, хонага ҳайдайдида, деганди бухоролик фермер.

Тожикистонлик Хидирали ака ҳам печкасини “Печкажон” дейди. Печкажонининг темири аввалги ҳаётида “майхўр” бўлган.

- Ëнимизда садвинсовхоз бор эди. Садвинсовхоз ишдан қолгандан сўнг бочкаларининг ҳаммасини сотишди. Шу бочканинг ҳаммаси печкага айланди.

Озодлик: 200 литрлик бочкамиди?

- Йўқ, улар 25-30-50 тонналик бочкалар, дейди Хидирали ака.

Хидирали ака меҳрибонининг қадди-басти таърифини ўхшатиб келтиради.

- Тўртбурчак тунукадан қилинган. Бочка кесилганда энди. Печкамизнинг узунлиги 80 сантиметр. Энига 40 сантиметр. Баландлиги оëқлари билан оладиган бўлсангиз, ердан 70-80 сантиметр баландликда.

Озодлик: Нима ëқасиз унга?

- Бизнинг Тожикистонда ëқадиган нарса ўтин. Дарахт ўтин ëқадиганимиз, дейди Хидирали ака.

Қўқонлик Бахтиёр аканинг печкаси ҳам аввалги ҳаётида бочка бўлган. Фақат Хидирали ака айтган цистерна бочка эмас, оддий бочка бочка.

Бахтиёр ака гапни узоқроқдан бошлади.

- Мен ўзи уйимни сув билан иситадиганга мослаган эдим. Лекин газ йўқ, свет ҳам йўқ. Иссиқхонам бўларди. Иссиқхонамга 200 литрлик бочкани ўтин ëқадиган қилиб мослаган эдим. Ҳозир катта уйимга олиб кириб, ўшанга ўтин ëқаяпман, дейди Бахтиëр ака.

Бахтиёр аканинг икки юз литрли печкасини тасаввур қилдингизми? Ундан чиқаётган икки юз литрли иссиқничи?

Мазза қилдингизми? Исиб кетдингизми?

Ҳали росмана бошланмаган, бошланса тугамай қон қиладиган қишнинг қайралган қиличи дамини кесадиган печкажонлар тўғрисида бир илиқ гап айтгимиз кепкетувди, айтдик.

Балки, сиз тингловчи ҳам қўшнингиздан яқин, қариндошингиздан меҳрибон, миннатдорчилик тама қилишни билмайдиган беминнат ёрдамчинингиз тўғрисида, ҳикоя қилиб бермасангиз ҳам, суратини жўнатарсиз?

Тортинмай жўнатаверинг. Сайтимиздаги махсус галереядан жой берамиз, деб Сарвар Усмон.
XS
SM
MD
LG