Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

АҚШ қурол шартномаси бўйича Россия билан ҳамкорлик қилмайди


22 ноябр куни Вашингтонда сўзлаган Виктория Нуланд Вашингтон Европадаги оддий қуроллари тўғрисида Россияга бундан буён маълумот бермаслигини баён қилди.
22 ноябр куни Вашингтонда сўзлаган Виктория Нуланд Вашингтон Европадаги оддий қуроллари тўғрисида Россияга бундан буён маълумот бермаслигини баён қилди.

АҚШ Европадаги оддий қуроллар келишуви бўйича Россия олдидаги айрим мажбуриятларини тўхтатди.


АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуландга кўра, Қўшма Штатлар тўрт йил давомида музокаралар йўли орқали юзага келган вазиятдан чиқиш йўлларини излаган, аммо бу уриниш натижа бермаган.

22 ноябр куни Вашингтонда сўзлаган Виктория Нуланд Вашингтон Европадаги оддий қуроллари тўғрисида Россияга бундан буён маълумот бермаслигини баён қилди.

- АҚШ Европада оддий қуроллар ҳақидаги келишув доирасида Россия инспекторларини ўз базаларида қабул қилмайди. Биз шартномада кўзда тутилган ҳарбий маълумотлар ва йиллик билдиришномани Россияга тақдим этмаймиз. Билишимизча, НАТОнинг деярли барча иттифоқчилари ҳам шундай йўл тутади, - деди Виктория Нуланд.

Давлат департаменти матбуот котиби лавозимини эгаллашидан олдин Европадаги оддий қуроллар бўйича Россия билан олиб борилган сўзлашувларда АҚШнинг етакчи музокарачиси бўлган Нуланд Вашингтон томонидан бундай қарор қабул қилганини Россия билан олиб борилган музокаралар жуда чўзилиб кетгани билан изоҳлади.

Дастлаб НАТОга аъзо мамлакатлар ва Варшава шартномаси давлатлари Парижда 1990 йилда имзолаган шартнома ҳар икки томонга кенг кўламли ҳужумда қўлланилиши мумкин бўлган ядровий бўлмаган, оддий қуроллар сонини чеклашни назарда тутганди.

Қўшинлар сонини чегаралаш, ахборот алмашиш ва инспекция ўтказиш назарда тутилган мазкур келишув Совуқ Уруш даври охирида Европа хавфсизлиги учун муҳим ҳисобланган.

Варшава шартномасига аъзо бўлган бир неча давлат НАТОга қўшилганидан кейин Россия ўтган асрнинг 90-йилларида мазкур келишув бўйича қайта музокаралар олиб боришга уринди.

Янгиланган шартнома 1999 йилда имзоланди. Бироқ НАТО давлатлари дастлаб Россия Грузия ва Молдова ўлкаларидан ўз қўшинларини олиб чиқишини талаб қилиб, келишувни ратификация қилишдан бош тортди.

АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Шарқий Европага жойлаштириш режасидан воз кечганидан кейин келишув тақдири яна мавҳум бўлиб қолди.

2007 йилда Россиянинг ўша пайтдаги президенти Владимир Путин Европадаги оддий қуролларни чеклаш ҳақидаги шартнома ўз мамлакатининг таҳдидларга қарши туриш имкониятини чеклаб қўйганини айтиб, ўттиз давлат имзо чеккан шартномадаги Россиянинг иштирокини бир томонлама тўхтатди. Шунга қарамай, бошқа давлатлар келишув доирасида қуроллар ҳақида Россияга маълумотлар беришда давом этди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Қўшма Штатлар Россия билан эришилган мазкур шартномани замонавийлаштириш ва уни қайта амалга татбиқ этиш умидидан воз кечмаганини алоҳида таъкидлади.
XS
SM
MD
LG