Линклар

Ўзбекистон ОИТСга чалинган хасталарнинг 20 фоиздан 39 фоизгачаси даволанаётган мамлакатлар қаторига киради.


Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон билан бир қаторда постсовет давлатларидан Россия, Озарбайжон ва Молдовада “аср вабоси”га йўлиққан хасталарнинг 20 фоиздан 39 фоизгачаси даволанмоқда, қолганлари эса бундай имкониятдан маҳрум.

Тожикистон ва Қирғизистонда эса тадовийга муҳтож кишиларнинг 19 фоизи даволаниш имкониятига эгалар. Постсовет ўлкаларидан Украина ва Латвияда ҳам ОИТСга чалинганларнинг 80 фоиздан кўпроғи даволаниш имкониятига эга эмас.

БМТ маълумотларига кўра, ОИТС билан боғлиқ ўлим ҳолатлари тобора камайиб бормоқда, фақат номлари зикр этилган Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида акс манзара кузатилаяпти.

2010 йилда ОИТС билан боғлиқ хасталиклардан жаҳонда 1,8 миллион киши ҳаётдан кўз юмган. 2000 йиллар ўрталарида бу рақам 2,2 миллионни ташкил этарди.

Бироқ бу ОИТВ/ОИТС эпидемияси тарқалиши тўхтади, дегани эмас. 2001 йил билан солиштирганда жаҳонда ОИТВга чалинганлар сони 17 фоизга ўсган. Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида эса одам иммунтақчиллиги вирусини ташиган кишилар сони 250 фоизга ошган. Яъни ўн йил муқаддам мазкур ҳудудларда 410 минг хаста қайд этилган бўлса, шу кунга келиб улар сони 1,5 миллионга етди. Мудҳиш эпидемия айниқса Россия ва Украинада шитоб билан (90%) тарқалиб бормоқда.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб ОИТСга чалинганларнинг 47 фоизи даволаниш имкониятига эгалар. UNAIDS (БМТнинг ОИТВ/ОИТС қарши кураш дастури) ҳисоботида 2010 йилда мазкур хасталикка қарши кураш учун дунё миқёсида 15 миллиард доллар сарфлангани, айни пайтда бу йўналишдаги халқаро ёрдам миқдори 1 миллиард долларга камайгани айтилади.

UNAIDS ишлаб чиққан янги сармоя концепциясида 2015 йилгача аъзо мамлакатлардан ОИТСга қарши йилига камида 22-24 миллиард доллар ажратилишига эришиш кўзда тутилган.

Мазкур халқаро ташкилот сармоя концепциясининг амалга оширилиши камида 12,2 миллион кишига одам иммунтақчиллиги вируси юқишининг олдини олиш ва хасталикка чалинган 7,4 миллион киши ҳаётини сақлаб қолишга имкон беришини қайд этади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга чалинган кишилар сони 16 мингдан ошади. Норасмий маълумотларга кўра эса улар сони бундан бир неча баробар кўпдир. Бу хасталикка чалинган ўзбекистонликларнинг 70 фоизи эркаклар экани айтилади.

ОИТВ/ОИТСга оид қисқа маълумот:

Одам иммунтақчиллиги вируси қонга тушгач, охир-оқибат орттирилган иммунтақчиллиги синдромига айланади. Бу синдром беморни бошқа кўплаб касалликларга мойил қилиб қўяди ва организмнинг касалликлар билан курашиш қобилиятини мутлақ ишдан чиқаради. Оқибатда бемор ўша касалликлардан нобуд бўлади.

ОИТВ инфекцияси одатда вирус билан зарарланган қоннинг бошқаларга қуйилиши, қайтадан ишлатилган шприцлар, яхши стерилланмаган тиббий анжомлар, масалан, стоматология ёки гинекология бўлимларида, жинсий алоқа орқали, ҳомиладор аёлдан туғилажак болага юқиши мумкин.

Бунда кишилар кучоқлашганда ёки қўл бериб сўрашганда, кийимлар орқали, биргаликда овқатланганда, йўталганда ёки акса урганда ва ҳашоратларнинг чақиши орқали ОИТВ инфекцияси юқмайди.

ОИТВ юққанини бугун Ўзбекистон бўйлаб вилоят ва шаҳарларда ташкил қилинган ОИТС марказлари қон таҳлили орқали аниқлаб бериши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG