Линклар

Ўғли терроризм ва диний экстремизмда айбланиб 15¸5 йилга қамалган Мақсуда ая кўзи очиқлигида ўғлини озод қилишларини сўрамоқда.


2009 йилнинг 9 декабрида Фарғонанинг Қувасидаги уйида ҳибсга олиниб¸ 2010 йилнинг 4 июнида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида якунланган суд ҳукми билан 15¸5 йилга озодликдан маҳрум этилган Ҳусниддин Мамажоновнинг кекса онаси Озодлик орқали Ўзбекистон расмийлари¸ биринчи галда президент Ислом Каримовдан бегуноҳ қамалган ўғлининг озод этилишини ëлвориб сўрамоқда.

Қувадаги “Тошкент” маҳалласидаги ҳовлисида яшаëтган 8 фарзанднинг 83 га кирган онаси Мақсудахон Мамажонова Қува бозорида тадбиркорлик қилиб келган ўғлининг туҳмат билан қамалиб¸ уйдирма айблар билан жазога тортилганини айтади.

2009 йил декабрида МХХ нинг автоматлар билан қуролланган махсус гуруҳи ва 12 милиционер томонидан Мамажоновлар уйида тинтув ўтказилган ва бирор тақиқланган нарса тополмаган қуролланган гуруҳ Ҳусниддин Мамажоновнинг ўзини олиб кетган.

Фарғона Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида сақланган Мамажоновга “ваҳҳобийлик” айби билан жиноий иш очилган ва орадан олти ой ўтиб¸ Чирчиқда ўтказилган махфий маҳкамада у бошқа 17 қувалик билан бирга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг конституциявий тузумга тажовуз¸ ноқонуний гуруҳ¸ жиноий тўда тузиш¸ жамоат хавфсизлигига хавф солувчи материалларни ҳозирлаш ва тарқатиш¸ контрабанда¸ террорчилик¸ диверсия каби қатор оғир моддалари бўйича айбдор деб топилиб¸ 15¸5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб¸ Тошкент вилоят судининг Чирчиқда мутлақ махфий тарзда ўтказилган бу маҳкама жараëнидан хабар топган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг билдиришича¸ қувалик 18 судланувчи устидан очилган жиноий иш ва ўтказилган суд қонунларга мутлақ зид равишда олиб борилган.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромов¸ адвокатлардан маълумот тарқатмаслик ҳақида тилхат ëздириб олинган махфий бу суддан судланувчиларнинг яқинлари мутлақ бехабар қолганини айтади.

Чирчиқ махфий суди ҳукм чиқарган 49 яшар Ҳусниддин Мамажонов ҳозирда Зарафшондаги КИН 64/48 қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда ва онасининг Озодликка айтишича¸ ўзига нима сабабдан бунчалик оғир айблар қўйилганини ўзи ҳам тушуна олмаëтир.

Ўғлининг ўз маҳалладоши туҳмати қурбони бўлганини айтаëтган 83 яшар кекса онаизор эса¸ Ўзбекистон Бош прокурори¸ МХХ раиси¸ Омбудсмени ва ниҳоят президентига хатлар ëзиб¸ улардан бегуноҳ ўғлини озодликка чиқаришни сўраб ялинмоқда.

Мақсуда ая билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG