Линклар

Ўз чиқшларида одатда тожикистонликларни иқтидордаги ҳукуматга қарши жиҳодга даъват этиб келган “Ансоруллоҳ жамоати” вакиллари ўзларининг янги баёнотида Роғун ГЭСи ҳақида сўзладилар.


"Ансоруллоҳ жамоати" гуруҳи Интернетда эълон қилган навбатдаги баёнотда Роғун ГЭСи Тожикистон ҳукмдорлари шахсий манфаати учун қурилаётгани иддао қилинади.

- Сиз азиз миллатдошларимдан Роғун қурилиши учун мажбурий тарзда пул йиғиб олинди. Лекин билингки, бу ГЭС қурилган тақдирда ҳам халқ манфаатига хизмат қилмайди. Имомали Раҳмон бошлиқ ҳукумат бу ГЭСнинг фойдасини кўради,- дейди сифати унчалик яхши бўлмаган видеотасвирда ўзини “Ансоруллоҳ жамоати” вакили сифатида таништирган номаълум шахс.

Юзига қора ниқоб тутиб олган ансоруллоҳчи youtube видеопортали орқали эълон қилинган чиқишида тожикистонликларнинг аксар қисми йилнинг олти ойини чироқсиз ва иссиқликсиз қийинчиликда ўтказаётганини ҳам эслатади.

Тожикистонликларнинг аксар қисми “Ансоруллоҳ жамоати”ни танимаслигини айтади.

Бу ташкилот ўтган йили Интернетда нашр қилинган бир баёнотида 2010 йил 3 сентябрида Хўжандда содир этилган террорчилик ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Бироқ ўшанда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари Сўғддаги қонли фожеада Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг қўли борлигини таъкидлагандилар, чунки тожик расмийлари “Ансоруллоҳ жамоати” мавжудлигига шубҳа билан қарарди.

Аммо шу йил апрел ойи ўрталарида Рашт водийсидаги баланд тоғда “Ансоруллоҳ жамоати”нинг байроғи топилиши бу гуруҳнинг мавжудлигини далиллагандай бўлди.

Жорий йил 7 сентябр куни - Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида ҳам ансоруллоҳчилар Тожикистон халқини иқтидордаги ҳукуматга қарши жиҳодга даъват этган видеотасвир интернетга жойлаганди.

Бу гуруҳ аъзолари ҳар гал ўз чиқишларида Тожикистон фуқаролари эканини ва мақсадлари ўз юртида Қуръон қонунлари дунёвий қонунлардан юқори бўлган ҳокимият барпо этиш эканини таъкидлайдилар.

Интернет бўйлаб ёйинланган ўша видеодаъватлар, жумладан, Роғун борасидаги янги даъватга нисбатан Тожикистон расмийлари ҳозирча муносабат билдирганича йўқ.

Мавзу юзасидан Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига мурожаатларимиздан эса бирор натижа чиқмади.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати ҳар қандай шароит ва зиддиятлардан қатъий назар Роғун албатта қурилажагини уқтириб келади. Жумладан, президент Имомали Раҳмон 18 ноябр куни Тожикистон Фанлар Академиясининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган бир тадбирда “Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуришдан бошқа йўли йўқ”лигини таъкидлаганди.

Тожикистоннинг бу йирик лойиҳасига унинг ён қўшниси Ўзбекистон қаршилик билдириб келади.

Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари Роғун минтақа учун тузатиб бўлмас экологик зарарлар туғдиришидан огоҳлантиради.

Аммо Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўша кунги чиқишида “бу гидроиншоот бутун минтақа манфаатига хизмат қилиши”ни урғулаган.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар тожик ҳукуматининг Роғун қурилиши борасидаги жиддийлиги айрим ташқи кучларни ташвишлантириб қўяётганини урғулайди.

- Тожикистонликлар орасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларда ҳар доим қарама-қарши фикрлар мавжуд. Аммо Роғун масаласида хоҳ у давлат ходими бўлсин, хоҳ мухолифат аъзоси - барибир якдиллик сезилади. Шуни назарга олган ҳолда, “Ансоруллоҳ жамоати” ниқоби остида Роғун қурилишига қарши даъват билан чиққан шахс ташқи кучлар томонидан тайёрлаб, камера қаршисига ўтқазиб қўйилган одам эканига шубҳам йўқ, - дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Тожикистон Бош вазири собиқ муовини Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳам бу фикрларни қувватлар экан, интернетда тарқалган видеодаъват хорижий жосуслик хизматининг иши, дея мулоҳаза билдиради.

- Интернетда ёйинланган бу даъват иғвогарлик хусусиятига эга бўлиб, ўз лидерига эга бўлмаган бу ташкилот даъвати хориж мамлакатларидаги жосуслик хизматларининг иши, деб биламан, - дейди Тўражонзода.

Айни пайтда жаноб Тўражонзода Тожикистон ҳукумат расмийларини ҳушёрликка чақириб, жамиятда дин ва сўз эркинлигининг бўғилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш лозимлигини уқтирди.

“Ансоруллоҳ жамоати” гуруҳи тарқатган сўнгги видеотасвирда, жумладан, Тожикистонда 18 ёшгача бўлган болаларнинг масжидда намоз ўқишлари ва қизларнинг ҳижоб ўраши таъқиқлаб қўйилгани ҳақида ҳам гапирилган.

Ҳожи Акбар Тўражонзода мулоҳазасича, маънавий ва ҳуқуқий саводи заифроқ бўлган шахслар “Ансоруллоҳ жамоати”нинг иқтидордаги ҳукуматга қарши даъватларига ижобий ёндошиши эҳтимолдан йироқмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG