Линклар

Мигрантлар рус тилидан имтиҳон топширади


Янги қонун Россияда меҳнат қилаётган марказий-осиёликлар ташвишига яна бирини қўшадиган кўринади.

Янги қонун Россияда меҳнат қилаётган марказий-осиёликлар ташвишига яна бирини қўшадиган кўринади.

Жорий йилда иқтидори тугаётган Россия Давлат Думаси депутатлари мамлакатнинг уй-жой хўжалиги, савдо ва маиший хизмат соҳасида ишлаётган мигрантлардан рус тилини билишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.


Россияда фаррошлик, савдогарлик ва хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган муҳожирлар эндиликда рус тилини билишлари шарт.

22 ноябр куни Россия парламенти қабул қилган “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги” янги қонун лойиҳасига кўра, мигрантларнинг айрим тоифалари Россияда ишлаш рухсатномасини олишлари учун рус тилидан имтиҳон топширишлари зарур.

Лекин қонун лойиҳасида 1991 йил 1 сентябргача Совет Иттифоқида рус тилидан сабоқ олганини тасдиқловчи олийгоҳ ёки ўқув юрти томонидан берилган сертификат ёки диплом эгалари бу имтиҳонлардан озод этилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Уни Давлат Думаси муҳокамасига киритган Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский “Дождь” телеканалига берган интервьюсида меҳнат муҳожирлари рус тилидан тест имтиҳонларини топширишларини маълум қилди.

"Бу сертификатни улар ўз пулларига сотиб олади, бу Россия Федерациясининг бош оғриғи эмас. Энди уй-жой хўжалиги, савдо ва маиший хизмат соҳасида ишга руҳсатнома олаётган мигрант рус тили асосларини билиши тўғрисида сертификатни кўрсатиши шарт. Бу сертификат 2,5 минг рубл атрофида туради",- дейди ФМС бошлиғи.

Ромодановский сертификатлар кейнчалик арзонлашиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Қонун лойиҳаси ташаббусчилари бундай амалиёт АҚШ, Германия, Австралия, Жанубий Корея ва бошқа қатор мамлакатларда анчадан буён жорий қилинганини таъкидламоқда.

Бироқ Россия расмийлари рўкач қилаётган бу мамлакатларда меҳнат муҳожирларидан маҳаллий тилни билиш талаб қилинмаслиги маълум. Масалан, АҚШ ёки Германияда фақатгина фуқароликни олаётган шахслардан тил асослари бўйича тест олинади ва унинг ҳаражатлари ҳукумат томонидан қопланади. Бундан ташқари бу мамлакатлар ҳукуматлари тилни ўрганиш истагида бўлган муҳожирларга бепул дарсларни тақдим этади.

Миграция хизмати директорининг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирлари учун рус тилидан тестларнинг жорий қилинишига Россияга асосан Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган муҳожирларнинг кўпчилиги рус тилини билмаслиги сабаб бўлган.

"Бугунги кунда 26 ёшгача бўлган ва собиқ иттифоқ даврида рус тилини ўрганмаган Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизда расман меҳнат қилаётган 9,1 миллион хорижликдан 15 фоизини ташкил қилади,” – дея қўшимча қилди Константин Ромодановский.

Айтиш жойиз, янги қонунда хориж фуқароларининг мажбурий пенсия суғуртаси амалиёти йўлга қўйилиши ҳам белгиланган. Мутахассислар меҳнат муҳожирларини мажбурий тиббий ва ижтимоий суғурталаш тизимини жорий қилиш масаласи Россия парламентининг кейинги чақириғи муҳокамасига олиб чиқилади, демоқда.

Краснодар ўлкасидаги “Умид” Ўзбекистонлик ҳамюртлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов Озодлик билан суҳбатда Россия ҳукуматининг бу ташаббусини ижобий баҳолади.

- Бу ҳамма давлатларда қўлланилади. Шунинг учун ҳар бир давлат келаётган ишчилардан давлат тилини билишни талаб қилади. Чунки улар ишлаётганда турли вазиятларга тушади, бири-бири билан мулоқот қилади. Лекин инженер бўлиб ишласа, албатта билиши шарт! Мен тушундимки, Ўзбекистондан келаётганлар ҳаммаси қишлоқдан, рус тилини айниқса ёш йигитлар билмайди. Умуман билмаганлари тахминан 70 фоизни ташкил этади ва улар 20-24 ёшларда. Бу ёшдан катталари бемалол гаплашади,- дейди Тожиддин Нурматов.

Краснодардаги ўзбеклар уюшмаси раҳбари рус тилини ўрганиш курслари Ўзбекистонда ташкил этилиб, у ерда нафақат тилдан, балки одоб-ахлоқ ва Россия қонунчилигидан ҳам маълумотлар берилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Россия Миграция хизмати эса турли минтақаларда рус тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этаётганини айтмоқда. Масалан, 1 ноябр куни Ставропол ўлкасидаги Пятигорск шаҳрида айни курслар иш бошлагани маълум қилинган.

Санкт-Петербургда таксичилик қиладиган 40 ёшли андижонлик Дилшод Мирзахўжаев Озодлик Радиосига рус депутатлари томонидан қабул қилинаётган қонун маҳаллий амалдорлар учун қўшимча даромад манбайига айланади, деган фикрда.

- Биринчидан, кераги йўқ: рус тилига буларни ҳеч ким ўргатмайди. Иккинчи сабаби, рус тилини ўрганиш, ўзингиз биласиз, жуда қийин. Бу тил ҳатто инглиз тилидан қийин, 20 ёшдан кейин ўрганиш эса айниқса. Агар қонуний бўлса улар рус тилидан топшира олмайди имтиҳонларни! 2,5 минг пул давлат бюджетига тушади, топшира олмаганлар устига бериб ўртадаги “посредниклар” ни чўнтагига кетгизамиз, коррупцияни кучайтирамиз.Ҳозирнинг ўзида Миграция хизмати билан келишув асосида ўзбеклардан 12,5 – 13 минг атрофида ишга руҳсатномага пул кетяпти. 2 минг яна давлат божи, 500-600 рубл паспорт таржимаси, 2-2,5 минг руб медосмотрга... Жами Санкт-Петербургда 15 минг атрофида бўляпти, Москвада ундан ҳам қиммат. Россияда иш ўринларига квота беришнинг ўзи коррупция механизмини вужудга келтирган: масалан 1,7 миллион квота берилади, мигрантлар сони эса 10 миллионга яқин. Қолганлари автомат равишда 3 ойдан кейин ноқонуний меҳнат муҳожирига айланиб қоляпти,- дейди Дилшод.

Шу билан бирга, Дилшод Мирзахўжаев ўзбек муҳожирлари рус тилини билишлари шарт, деб ҳисоблашини ҳам айтади.

"Бунинг учун Россия ва Ўзбекистон ўртасида махсус дастур ишлаб чиқилиши ва олий даражада тасдиқланиши керак",- дея давом этади у.

- Биринчи навбатда Ўзбекистон раҳбариятимиз Россиядаги 3-4 миллион мигрантларни тан олиши керак. Мактаб программаларида ҳафтасига 6 соатдан рус тили қўйилиши керак. Қанча пул кетмасин рус тилини ривожлантириш зарур, чунки биз биринчи навбатда Россия билан савдо ҳамкормиз. Пул, товар борди-келдиси, иқтисодий ва маданий алоқалар нуқтайи назаридан биз Россия билан жуда яқинмиз. Шунинг учун Ўзбекистон рус тилини тан олиши керак, керак бўлса иккинчи давлат тили қилиб тиклаши керак. Бу томондан у Россиядан преференция ҳам олиши мумкин ва шунда келганларга тожикларга ўхшаб проблема бўлмайди. Ўзбекистон эса ўз фуқаросини ҳимоя қилиши учун биринчи ўринда ўз халқини ҳурмат қиладиган қилиши керак,- дея ўз фикрларини билдирди андижонлик Дилшод Мирзахўжаев.

Бугунги кунда Россиянинг Олий ўқув юртларида 160 га яқин рус тилидан имтиҳон олиш имкониятига эга марказлар фаолият юритмоқда. 2010 йил давомида Россияда рус тилидан атиги 3,5 минг киши сертификат олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG