Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

Фарғона шаҳри қайта қурилади


Шавкат Мирзиёев Фарғонада уйлар бузилишини тақозо қилувчи "қайта қуриш"ни бошлашни буюрди.
Шавкат Мирзиёев Фарғонада уйлар бузилишини тақозо қилувчи "қайта қуриш"ни бошлашни буюрди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 22 ноябр куни Фарғона вилояти ҳокимиятида ўтказган йиғилишда шаҳар реконструкциясига халал берадиган аҳоли уйларини бузиш ва кўчириш ҳақида тегишли ташкилотларга буйруқ берди.


Ўзбекистондаги вилоятлар марказий шаҳарларини қайта қуриш навбати Фарғонага келди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 22-23 ноябр кунлари Фарғона вилоятида бўлди. Мирзиёев 22 ноябр куни вилоят ҳокимлигида ўтказган йиғилишда ташкилий масала ва шаҳарни қайта қуриш масаласи кўрилди.

Қўқон шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб турган Шуҳрат Собиров Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисод ва қурилиш ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани айтилмоқда.

Қўқон шаҳрини реконструкция қилишда президент Каримов мақтовига сазовор бўлган Шуҳрат Собировга энди Фарғона шаҳрини қайта қуриш вазифаси топширилган кўринади, дейди фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Абдусалом Эргашев.

Суҳбатдошимизнинг сессияда қатнашган депутатлардан олган маълумотларига таяниб Озодликка айтишича, айни қиш фаслида реконструкцияга халал берадиган аҳоли уйларини бузиш топшириғи қурилиш ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юкланган:

- Бош вазир кеча Фарғона шаҳрини реконструкция қилиш бош планини олиб келиб кўрсатибди. Гапларга қараганда, Оқариқ маҳалласининг ўзида, вилоят, шаҳар ҳокимиятларининг орқасидаги маҳалланинг ўзидан 500 та хонадон бузилиши керак экан. Аэропорт томондан бузилиши керак экан яна. Мана шу қурилиш ташкилотларига бўлиб берилган экан. Ҳамма ҳайрон энди. Одамлар ҳайрон. Бу қиш вақтида, олдин қонун бор эди бузиш вақтига доир, 1 октябрдан 1 апрелгача. Олдинги уйи бузилганларнинг кўпига ҳали уйсиз юрибди. “Ўзи нима бўлаяпти? Атайин қилинаяптими” деган гаплар ҳам кўп бўляпти,- дейди А. Эргашев.

Унинг фикрича, аслида Фарғона шаҳри кўчалари қайта қуришга муҳтож эмас:

- Айтишларича, шаҳарнинг ичида еттитами саккизтами кўприк қурилиши керак экан. Кўп жойлар кетади деган тахмин бор. Шаҳарнинг ичида бир қаватли бинолар қолмайди дейишган экан. Ўзи шаҳар жуда замонавий талабларга мос қурилган. Скобелев 1862 йилдан қуришни бошлаган бўлса, энг тор кўчанинг кенглиги 30 метр. Ҳар бир кўчада икки қатор у томонда, икки қатор бу томонда дарахтлар ўсиб, чинорлар билан гўзал шаклда кетган кўчалар. Перпендекуляр кўчаларнинг ҳаммаси бир бирига параллел. Хўжанд кўчасида саккиз қатор чинор бор. Қолганларида тўрт қатордан. Кўчалар ниҳоятда кенг. 21 аср талабларига жавоб бераверадиган кўчалар. Уларни кенгайтиришнинг ҳожати йўқ эди,- дейди фарғоналик А. Эргашев.

Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 32 ёшли Абдужабборнинг айтишича, ҳокимиятда бўлиб ўтган йиғилиш тафсилотлари бир зумда шаҳарга тарқалган ва қиш фаслида уйлар бузилишидан аҳоли орасида хавотир кучая бошлаган:

- Қувасой кўчаси борку ўша томон бузилади деган гап уч-тўрт йилдан бери бор эди. Кейин механический заводлар томон бузилар экан шу аэропорт томонда Ҳасанова кўча. Муҳайëда ҳам кўп жой бор дейишаëтган эди. Роддомнинг олдидан ўтади йўл, каттароқ бўлиб, дейишяпти,- дейди фарғоналик Абдужаббор.

Фарғона вилояти ҳокимияти мазкур масала хусусида изоҳ беришдан бош тортди. Ҳокимият ходими, барча масъул шахслар Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан реконструкция қилинадиган жойларни кўздан кечириб юрганини айтди.

Фарғоналикларнинг айтишларича, Ш. Мирзиёевнинг шаҳарни қайта қуришга оид фармойиши аҳолини саросимага солиб қўйган. Аҳолининг “совуқ қишда қаерга кўчамиз”, “ҳокимият бузилган уйлар учун товон пули берармикин” каби саволлари эса ҳозирча очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG