Линклар

Мисрда янги босқичга ўтган сиёсий бўҳрон ва зўравонликлар беш кундан бери давом этмоқда. Феврал инқилобидан бери мамлакатни де факто бошқариб келаётган ҳарбийлар ярим йил ичида президентлик сайлови ўтказиб, ҳокимиятни фуқаровий кучларга топширишни ваъда қилганига қарамасдан, зўравонликлар тинчигани йўқ.


Чоршанба куни Қоҳиранинг Таҳрир майдони яқинида хавфсизлик кучлари билан аксил-ҳукумат намойишчилари тўқнаш келди.

Миср муваққат раҳбари фелд-маршал Ҳусайн Тантавий 2012 йилнинг ўртасига қадар ҳокмиятни топшириб, президентлик сайлови ўтказишни ваъда қилганига қарамасдан сиёсий бўҳрон ва зўравонликлар беш кундан бери тўхтагани йўқ.

Февралдаги инқилобдан кейин Мисрни бошқариб келаётган ҳарбий кенгаш президентлик сайловини 2012 охири ё 2013 йил бошида ўтказишни таклиф қилаётган эди.

Айни пайтда, чоршанба куни Мисрнинг Искандария порт шаҳрида хавфсизлик кучларининг намойишчилар билан тўқнашуви оқибатида камида бир одам ҳалок бўлиб, 28 киши жароҳатланди.

Ҳусни Муборак даврида мудофаа вазири лавозимида ишлаган Тантавий феврал ойида Муборак ҳокимиятдан ағдарилгач иқтидорга келган ҳарбий кенгашнинг раиси этиб сайланди. Яъни де факто Миср раҳбари ҳисобланган Тантавий мудофаа вазири ваколатини сақлаб қолиш билан биргаликда қуролли кучлар бош қўмондони ваколатини ҳам қўлга киритди.

Сешанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Тантавий президентлик сайлови келаси ҳафта парламент сайловидан кейин олти ой ичида ўтказилишини ваъда қилди.

- Парламент сайловлари вақтида ўтказилади ва президентлик сайлови 2012 йил охирига қадар ўтказилади. Қуролли кучлар вакили ҳисобланмиш Олий кенгаш ҳокимиятда қолиш истагида эмас ва мамлакат манфаатларини усутвор деб билади. Агар халқ буни истаса, ҳарбийлар иқтидорни дарҳол топшириб, ўзининг асосий масъулияти, яъни давлатни ҳимоя қилиш вазифасига қайтишга тайёр. Буни, агар вазият шуни тақозо қиладиган тақдирда, миллий референдум орқали амалга ошириш мумкин, деди Тантавий.

Бироқ Тантавий некбин ваъдалар билан бирга ҳарбийлар намойишчиларга нисбатан ортиқча куч ишлатганини инкор қилгани сешанба куни Таҳрир майдонига тўпланган юз мингдан ортиқ намойишчиларга ёқмади.

Кўпчилик намойишчилар Тантавийнинг ваъдаларига ишонмаслиги ва ҳарбийлар дарҳол ҳокимиятдан кетишини талаб қилишмоқда.

Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан бери намойишчиларнинг Тантавий раислигидаги ҳарбий кенгашдан норозилиги кучайиб бормоқда. Улар кенгашни Муборак режимининг давоми дея атаб, ундан қолган репрессив усулларни қўллаётганликда айбламоқда.

Муҳаммад ал-Абд Таҳрир майдонида норозиликни давом эттираётганлардан бири:

- Бу ерга тўпланган кишилар ҳурматли кишилардир. Улар орасида доктор ва инженерлар бор. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли маданиятли кишилардир. Бу ерда ўғри-муттаҳамлар умуман йўқ. Мен Баҳайра шаҳридан келдим, бу ерга тўпланганлар ҳақ томонми йўқми буни ўз кўзим билан кўргани келдим. Хавфсизлик кучлари уйларга ўт қўйиб, бу ишни бизга тўнкамоқда. Оллоҳга қасам, дейди мисрлик йигит.

Беш кундан бери давом этаётган оммавий чиқишлар душанба куни ҳукуматнинг истеъфога чиқишига сабаб бўлди. Тантавий бошчилигидаги Қуролли кучлар олий кенгаши тайинлаган ҳукумат инқилобдан кейин ўтказилиши кутилаётган илк парламент сайловларига бир ҳафта қолганида истеъфо берди.

Сешанба куни Тантавий вазирлар маҳкамаси истеъфсини қабул қилганини эълон қилди. Бош вазир Эссам Шараф бошчилигидаги кабинет янги ҳукумат иш бошлагунига қадар ишлаб туради.

Конституция талабларига кўра, Шараф ҳукумати ҳарбий кенгашга кенг ваколатларни кафолатлаб келаётган эди.

Шифокорлар ва ҳуқуқ фаолларининг айтишича, ўтган шанба кундан бери Қоҳирада намойишларнинг куч билан бостирилиши оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлган. Ҳукумат расмийлари эса қурбонлар сонини 28 киши деб бермоқда.

Мисрда чиқадиган ҳукумат-параст “Ал-Ахбар” газетаси чоршанба кунги сонида эълон қилинаган бош мақолада мамлакатда “Иккинчи инқилоб” содир этилаётгани ва бунинг “энг хавфли оқибати армия билан халқ ўртасидаги муносабатларнинг бузилишидир”, дея ёзди.
XS
SM
MD
LG