Линклар

logo-print

Мисрда зўравонликлар тўхтамаяпти


Қоҳирадаги Таҳрир майдони 23 ноябр оқшомида.

Қоҳирадаги Таҳрир майдони 23 ноябр оқшомида.

Миср пойтахти Қоҳира марказидаги Таҳрир майдони яқинида намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар олти кундан буён давом этмоқда.


Ички ишлар вазирлиги биноси жойлашган кўчада 23 ноябр куни шиддатли тўқнашувлар рўй бергани хабар қилинди.

Намойишчилар бинони штурм қилишига йўл қўймаслик учун полиция кучлари уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар ишлатди.

Мисрни вақтинча бошқараëтган маршал Ҳусайн Тантавий мамлакат бошқарувини 2012 йил ўртасида қадар сайланадиган фуқаровий президентга топширишни ваъда қилганига қарамай, зўравонликлар давом этмоқда.

23 ноябр куни Мисрнинг Александрия шаҳрида намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда бир фуқаро нобуд бўлди, 28 нафари жароҳатланди.

Собиқ президент Ҳусни Муборак феврал ойида ҳокимиятдан ағдарилган кейин унинг даврида узоқ муддат Миср мудофаа вазири лавозимида ишлаган маршал Тантавий Қуролли кучлар олий кенгаши раиси сифатида ҳокимиятни эгаллаган эди.

Сешанба куни телевидение орқали халққа мурожаатида Тантавий 28 ноябр куни бўладиган парламент сайловидан олти ёки етти ой кейин президент сайлови ўтказилишини ваъда қилган эди.

- Парламент сайлови белгиланган вақтда ўтказилади. Президент сайлови 2012 йил июн ойи охиригача ўтказилади. Қуролли кучлар олий кенгаши мамлакатни бошқаришга қаракат қилмайди ва мамлакат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўяди. Ҳарбийлар бошқариш ваколатини зудлик билан топшириш ва мамлакатни ҳимоя қилишдек ўз вазифасини бажаришга тайёр турибди, - дея баёнот берди маршал Тантавий.

Бироқ Таҳрир майдонида норозилик намойишини давом эттираëтган минглаб мисрликлар Тантавийнинг бу таклифини қабул қилмади ва ҳарбий кенгашдан мамлакатни бошқаришни зудлик билан муваққат фуқаровий кенгашга топширишни талаб қилмоқда.

Мисрда оммавий намойишлар қайта бошланганидан кейин парламент сайловига роппа-роса бир ҳафта қолганида, яъни 21 ноябр куни ҳукумат истеъфога чиқиш ҳақида ариза топширди.

Эссам Шараф бошчилигидаги ҳукумат маршал Тантавий раис бўлган Миср Қуролли кучлари олий кенгаши томонидан тайинланган эди.

Сешанба куни маршал Ҳусайн Тантавий ҳукумат истеъфосини қабул қилганини эълон қилди.

Тиббиёт ходимлари ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, шанба кундан бери намойишчиларга нисбатан қўлланилган зўравонлик оқибатида камида 35 киши нобуд бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, 21 ноябрдан бери давом этаётган зўравонликларда 28 киши ўлган.

23 ноябр куни Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Нави Пиллей намойишчиларга қарши “меъёрдан ортиқ” куч қўллагани учун Миср раҳбарларини кескин қоралади.

Ғарб давлатлари ҳукуматлари, жумладан, Қўшма Штатлар ва Германия 28 ноябр куни Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Мисрда илк бор демократик тарзда парламент сайловлари ўтказилиши арафасида рўй бераётган зўравонликлар хусусида жиддий ташвиш билдириб, мисрликларни ўз хоҳиш-иродаларини сайловда билдиришга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG