Линклар

АҚШ ўз режасидан воз кечмаслигини айтмоқда


Дмитрий Медведевнинг АҚШ ва НАТОга қилган дағдағаси жиддий қабул қилинмади.

Дмитрий Медведевнинг АҚШ ва НАТОга қилган дағдағаси жиддий қабул қилинмади.

Россия Президенти Дмитрий Медведев АҚШнинг Европада аксил-ракета мудофаа тизимларини ўрнатиш режалари хусусида қилган кескин баёноти Вашингтонни ўз режаларидан воз кечишга мажбур эта олмайди. Медведевнинг чоршанба кунги чиқишига Оқ уй шундай муносабат билдирди. Шу билан бирга Вашингтон бу мудофаа тизимлари Россияга қарши қаратилмаганини ҳам эслатди.


Россия Президенти Дмитрий Медведев 23 ноябр куни қилган чиқишида агар Америка Ракеталарга Қарши Мудофаа тизимини Европада қуришни давом эттирса, Россия бунга жавобан АҚШ билан тузилган Стратегик Ҳужум Қуроллари (СҲҚ) тўғрисидаги шартномадан чиқиши ва умуман ҳар қандай қуролсизланиш шартномаларидан воз кечиши мумкинлигини таъкидлади.

Медведев шунингдек, Россия ўзининг Ракеталарга Қарши Мудофаа тизимини ривожлантириши ва Европада ўрнатилаётган АҚШ тизимларига жавоб бера оладиган истиқболли дастурлар ишлаб чиқилажагини таъкидлади. АҚШ режаларига жавобан, деди Медведев, Калининградда “Искандар” ракета қурилмалари жойлаштирилади.

- Афсуски АҚШ, унинг ортидан эса НАТО аъзолари бўлган бошқа ҳамкорларимиз бу йўналишда ҳаракат қилишга жиддий иштиёқ намойиш этмади. Улар, ҳар ҳолда бугунги кунда, бизнинг Европадаги Ракеталарга Қарши Мудофаа Тизими билан боғлиқ хавотирларимизни инобатга олишни истамаётир,- деди Медведев.

Шунга қарамасдан, Россия президенти икки мамлакат вакиллари “бири-бирларини тушуниш учун ҳозирча вақт борлигини” ҳам таъкидлаб ўтди.

Россия раҳбарининг бу демаршига жавоб берган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Томми Витьор “Европадаги аксил-ракета мудофаа тизими Россиянинг стратегик хавфсизлигига таҳдид қилмайди ва таҳдид қила олмайди... Биз ўз режаларимизни ўзгартирмаймиз ва бу лойиҳа ривожига бирор чеклов жорий қилмаймиз”, деди.

Айни пайтда у ҳам Россия билан ҳамкорлик тўғрисидаги музокаралар давом этишига ишонишини гапириб ўтди. АҚШ расмийлари Европани эҳтимолий ракета ҳужумидан ҳимоя қилишга қаратилган мудофаа тизимининг Эрон ва Шимолий Кореядан келаëтган таҳдидга жавоб эканини таъкидламоқда.

Аммо Москва бу режа ўз ядровий арсеналини заифлаштиришга қаратилгани хусусида хавотир билдириб келади.

Медведевнинг дўқ-пўписасини НАТО расмийлари ҳам жавобсиз қолдирмади.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Москванинг Европа Иттифоқи чегаралари бўйлаб ракета мосламаларини ўрнатиш режасидан “афсусда” эканини маълум қилди.

Боз устига, АҚШ Давлат департаменти Россияга Европадаги Оддий қуроллар келишуви (ЕОҚК) асосида бошқа бирор ҳарбий маълумот тақдим этмаслигини баён қилди.

АҚШ Давлат Департаменти расмийси Виктория Нуланд Озодлик Радиосига берган интервьюсида масала хусусида бундай деди.

- Бундан буён мазкур келишув доирасида АҚШ ўз базаларида Россия назоратчиларини қабул қилмайди, шу жумладан шу келишувда кўрсатилган йиллик ҳарбий ахборотни беришни ҳам бас қилади. Билишимча, НАТОдаги бизнинг қўплаб бошқа иттифоқчиларимиз худди шундай иш тутади, - деди АҚШ Давлат департаменти расмийси Виктория Нуланд.

Нуланд хонимнинг сўзларига кўра, бунга Россиянинг 2007 йилдан буён Европадаги Оддий қуроллар келишувида (ЕОҚК) белгиланган мажбуриятларни бажармаётгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Европадаги Оддий қуроллар келишуви (ЕОҚК) 1990 йилда Парижда имзоланган ва икки йилдан кейин кучга кирган. Аввалига бу НАТО ва Варшава шартномаси ташкилоти ўртасидаги ўртасидаги ҳарбий мувозанатни сақлашга қаратилган ҳужжат бўлган.

Варшава шартномаси ташкилоти йўқ бўлиб кетганидан кейин 1999 йилда Стамбулда шартноманинг янги кўриниши имзоланди, бироқ Грузия ва Приднестровьедан қўшинларини олиб чиқишни истамаган Россия 2007 йилда бу тизимда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиш қарорини қабул қилган.

Ҳарбий кузатувчилар ЕОҚ келишуви ўз сиёсий ва ҳарбий аҳамиятини аллақачон йўқотиб бўлганини таъкидламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG