Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:35

АҚШда ўқиётган талабалар сони ошмоқда


Ўзбекистон президентининг "Умид" жамғармаси грантлари ҳисобига хорижда таҳсил олган кўпчилик талабаларнинг умидлари ушалмади.
Ўзбекистон президентининг "Умид" жамғармаси грантлари ҳисобига хорижда таҳсил олган кўпчилик талабаларнинг умидлари ушалмади.

Ўтган йили АҚШ ўқув юртларига ўқишга кирган ўзбекистонлик талабалар сони 560 кишини ташкил қилди. Бир нечта Интернет нашрлар эълон қилган хабарда Ўзбекистон АҚШда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллашига эътибор қаратди. Айтилишича, Қозоғистон 1890 нафар талабаси билан биринчи ўриндадир. Хабарда 560 нафар талаба Ўзбекистон томонидан юборилгани таъкидланганига қарамасдан, АҚШда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди. АҚШ ёки бошқа давлатларда таҳсил олган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги эса ватанига қайтиш иштиёқида эмас.


Америкадаги Халқаро таълим интистути ва АҚШ Таълим ва маданият идораси томонидан тайёрланган “Очиқ эшиклар” йиллик ҳисоботида айтилишича, 2010-2011 ўқув йилида Марказий Осиё давлатларидан жами 3188 талаба АҚШда таҳсил олган. Улардан 560 нафари Ўзбекистондан юборилган дейилади ҳисоботда.

АҚШда ўқиганлар давлатдан умидвор бўлмасин


Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги халқаро алоқалар бўлими ходими Ёқубжон Эргашев Америкадаги ўқув юртларида ўзбекистонлик йигит-қизлар ўқиётганидан бехабар эканини таъкидлади.

Чунки, унинг айтишича, ўзи ишлайдиган вазирлик АҚШ билан талабалар алмашиш бўйича келишиб олмаган.

- Йўқ. Биз Олий таълим вазирлиги бўлиб фақат давлатлараро тузилган битимлар ëки келишувлар асосида чет элга юборамиз. АҚШга биз ҳеч кимни юбормаймиз. Кўпроқ хорижий ҳамкорларнинг имкониятларини инобатга олган ҳолда, уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, лекин АҚШ томонидан бизга ҳеч қандай бундай таклифлар бўлмаган. Биз охирги йиллар давомида АҚШга юборган талабаларни эслай олмайман, дейди Ё. Эргашев.

Ўзбекистон ҳозирча талабаларни юбориш бўйича бошқа давлатлар билан эришилган келишувлар етарли, деб ҳисоблайди ва АҚШнинг тегишли идораларига бу борада мурожаат қилишга эҳтиёж йўқ, дея қўшимча қилди олий таълим вазирлиги мутасаддиси.

Интернет нашрларда берилган хабарда 560 нафар талаба АҚШга Ўзбекистон томонидан юборилгани айтилади. Лекин вазирлик расмийси Ё. Эргашев Америкага ўз ташаббуси билан кетган бу талабаларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилмаслигини маълум қилди.

- Ҳар бир фуқаро ўзи хусусий тарзда чет элда ўқиши мумкин, дейди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси.

Аслида, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин ўзбекистонлик ёшларнинг АҚШга ўқишга кетиши жуда қийинлашган.

Кейинги йилларда АҚШдаги таълим дастурларидан биридан грант олган ўзбекистонлик талабалар Тошкентдаги АҚШ элчихонасига виза олгани боргани учун Миллий хавфсизлик хизматига чақритирилгани ҳақида хабарлар бор.

Шунинг учун Америкадаги турли таълим дастурлари тақдим қиладиган грантлар ўзбек йигит-қизларга қўшни респубкликаларда уюштириладиган танловлар орқали берилади.

Америкада таҳсил олаётган ўзбекистонликлар орасида ўз ҳисобидан ёки АҚШ банкларидан кредит олиб ўқиётганлар ҳам кўпдир.

Қайтиб келардигу, лекин...


Берилаётган грантнинг асосий шартларидан бири сифатида, ўқишни тугатгач, талабалар ўз юртларида камида икки йил ишлаб бериши талаб қилинади. Лекин ўзбекистонлик ёшларнинг кўпчилиги бу шартларни айланиб ўтиб, АҚШда қолиб кетишга ҳаракат қилади.

"Очиқ эшиклар" ҳисоботида айтилишича ўтган ўқув йилида АҚШдаги ўзбекистонлик талабалар сони қарийб 10 фоизга кўпайган.

Фарғоналик 32 ёшли Меҳрибон 2006 йилда Американинг Оҳайо штатидаги университетда магистрлик даражасини олган, орадан икки йил ўтиб, 29 ёшида профессорлик унвонини ёқлаган. У ҳам кўплаб ёш мутахассислар каби Ўзбекистонга қайтиб келмаган.

- Чунки шароит йўқлиги учун, айниқса менинг йўналишим бўйича йўқ эди... Унақа соҳада Ўзбекистонда ўқитиш ҳали йўлга қўйилмаган.

Меҳрибон ҳозир декрет таътилида, лекин у каби мутахассислар Ўзбекистон у ёқда турсин, АҚШда ҳам кўп топилмагани боис, уни ўзи ўқиган университет мамлакатда олиб қолиш имконини қилди.

Лекин Меҳрибон ўзи ўзлаштирган таълимнинг янги соҳасини Ўзбекистон олийгоҳларида ҳам жорий қилишга катта ҳисса қўшиши мумкин эдику:

- .........(чуқур уф тортади)

Озодлик: Нимага уф тортаяпсиз?

Уф тортмадим, ўйланаяпман. Менимча, ҳозир шароит, Америкада ўқиб келганларга шароит йўқ. Яъни ижодий, ўзларини, масалан Америкада жуда кўп тарафлама мустақиллик берилади. Нафақат ишлашда, биринчи ўқишдан бошлашимизда қанақа ëзишимиз, нимани ëзишимиз, ўзимизнинг фикримизни билдиришимиз, асосий мақсад кейинчалик ишимизда ҳам шуни қўллашимиз керак.

Озодлик: Ўзбекистонда мустақил фикрлаб, мустақил ëзсангиз бўлмайдими?

Ўзбекистонда ҳали ҳам яхши ишлаб кетиш учун нима кўп, келиб олганингиздан кейин ҳам ўша ишда ўсишингиз учун албатта ўша ишхонанинг қонун-қоидаларига риоя қилишингиз шарт. Ҳозирча қонун-қоидалар, менимча эскича.

Бундан ташқари, умрининг бир неча йили, куч-ғайрати, ёнидан шунча пулини сармоя қилиб, таҳсил олган талабаларни уларга таклиф қилинаётган моддий шароитлар ҳам қизиқтиради, деб қўшимча қилади Меҳрибон.

Меҳрибоннинг айтишича, профессорлик унвонини ёқлаётган пайтда унинг стажёр ўқитувчи сифатида олган йиллик маоши 30 минг АҚШ долларидан ошган.

- Менинг ойлигим стипендиям ҳамда ўқишимга ўтаëтган пул бўлган. Яъни масалан бир йилга 22 минг (АҚШ доллари) тўлашим керак бўлса, ойлигим ҳисобидан ўтказилган. Тўламаганман ўзимнинг ўқишимга. Лекин ҳар ҳафта тўрт соат дарс ўтганман. 750-800 доллар ойига, дейди 32 ёшли профессор Меҳрибон.

Андижонлик Фурқатжон ўтган йили Британиядаги Кингстон университетида молия соҳасида магистрлик даражасини олган. У ҳозир Ўзбекистонда, лекин олдида ватанда қолиш ёки Лондонга қайтиб, у ерда ўйқишни давом эттириш кетиш тўғрисида қарор қилиш танлови турибди.

- Яхши бўлса, Тошкентда қолиб кетаманда энди. Шунга энди ният бор. Бориб келайликчи. Битириб қайтгандан кейин секин-секин, ҳали вақт бор, шошилганим йўқ..., дейди Фурқатжон.

Бир кун келиб қайтармиз


Ўзбекистонда 1996 йилда истеъдодли ёшларни хорижга жўнатиш мақсадида президентнинг “Умид” жамғармаси ташкил қилинган эди. 2009 йилда бу жамғарма фаолияти самарасиз, деб топилди чоғи, уни Ўзбекистон президентининг “Истеъдод” жамғармасига айлантиришди.

“Умид” жамғармаси грнатлари ёрдамида ўзбекистонлик юзлаб талабалар, хусусан АҚШдаги университетларда таҳсил олди. Лекин уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга қайтгач ўз мутахассисликлари бўйича иш тополмасдан яна АҚШ, Британия, Германия ва кўплаб бошқа мамлакатларга чиқиб кетишди.

Фарғоналик Меҳрибон Озодлик билан суҳбат сўнгида нафақат ўзи балки хориждаги ёш мутахассисларнинг кўпчилиги бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам ишлаш фурсати келишига умид қилишларини айтади.

- Лекин ҳамманинг албатта уйга бориб қайтиб бир кун ишлайман деган орзуси бор. Шароит бўлса, ҳамма қайтади.
XS
SM
MD
LG