Линклар

logo-print

Ховосда пахта пунктига ўт тушди

  • Садриддин Ашур

Озодлик манбаларининг айтишича, ёнғин оқибатида 100 тоннагача пахта йўқ бўлган.

Озодлик манбаларининг айтишича, ёнғин оқибатида 100 тоннагача пахта йўқ бўлган.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Амир Темур” номли пахта қабул қилиш пункти ёниб кетди. Озодлик манбаларининг маълум қилишларича, ҳар бирига 200-250 тонна пахта босилган “бунт”ларнинг камида тўққизтасига ўт тушган.


Ховос туманидаги “Амир Темур” пахта қабул қилиш пунктига ёнғин кетгани ҳақида Озодлик манбалари хабар берди.

Ховос туманида истиқомат қилувчи, маҳаллий пахта қабул қилиш пунктларидан бирининг собиқ ишчиси Адҳамжон Қосимовнинг “Амир Темур” пунктида ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, воқеа 20 ноябр куни тунда содир бўлган:

- 1 “Д” совхози бор эди, олдинги. Ховос районига қарайдида. Ўша ердаги пунктда тўққизта бунт бор экан. Ўша ëниб кетибди. Энди ҳозир шуни очистка қилиб, пахтани ташияпти экан,- дейди Адҳамжон Қосимов.

Унинг айтишича, ёнғин пахта намлигини сўрадиган “отсос”ларнинг биридан келиб чиққан:

- Шамол бўлган, отсосдан ёнғин чиққанда. Кейин бир-бирига ўтиб кетибдида, - дейди суҳбатдош.

Адҳамжон Қосимовнинг айтишича, камида 90-100 тонна пахта ёниб кетган ва ҳозир корхонадаги пахтанинг қолгани бошқа пунктларга ташилмоқда.

Аммо, айни воқеани кузатаётган сирдарёлик инсон ҳуқуқи фаоли Исроил Ризаевнинг айтишича, пунктдаги пахтанинг катта қисми ёниб кетган:

- Ўша воқеадан хабардор манбалар айтдики, 5 кун илгари 10 та бунт бутунлай ëниб кетган деяптилар. Ўқувчилар, талабалар, теримчилар терган бу йилги ҳосилни сақлашади ўша ерда, маълум муддатгача. Тепаларини брезент билан ëпиб қўйишади. Кейин биз ҳам қизиқиб сўрадик. Ҳар бир бунтда, энг каттасида 450 тоннагача пахта жамланар экан. Кичикроқларида 300 тоннагача. 10 та бунт баробар ëниб кетган деб хабар эшитдик. Тасдиқлашди,- дейди Исроил Ризаев.

Инсон ҳуқуқи фаолининг фикрича, бир ҳафтадан бери ёмғир тинмаётган Сирдарё вилоятида пахта хирмонига ўт тушишининг ўзи шубҳали ҳолдир. Исроил Ризаев, бу ўринда қоғозда “приписка” қилинган пахталар энди амалда “ёниб кул бўлгани”ни ҳам назардан соқит қилмаслик керак, дейди:

- Албатта кейинги пайтларда биз хабардор бўлиб турибмиз. Сурхондарëда ëнган пахта пунктлари ҳам бежиз эмас. Гап бўлаяпти, албатта бу тасдиқланган манба эмас. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган йигитлар, мана фермер танишларимиз бор. Шулар айтаяптики теоритический қўшиб ëзишнинг натижаси бу. Республика раҳбариятига яхши кўриниш учун, рапорт олиш учун, ўз планлари тўлмаган бўлса ҳам, режа муддатидан олдин бажарилди деб рапорт берилган. Лекин аслида қонуний текшириб қараганда шунчалик миқдорда пахта йўқлиги аниқ.

Энди мана эшитиб турибмиз, кейинги пайтларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўзбўямачиликлар тўғрисида республика ҳукуматининг алоҳида органлари текшираяпти эканлар. Масъулиятдан, жавобгарликдан қочиш учун ҳам ўзлари ўт қўйиб, камомадни ëпиш учун шунақа ҳаракатлар бўлаëтганлиги тўғрисида гапиришаяпти. Буни қишлоқ хўжалигида ишлайдиганлар айтаяпти,- дейди Исроил Ризаев.

“Ўзпахтасаноат” бирлашмасининг Сирдарё вилояти бўлими директори ўринбосари Ғулом Умиров Озодлик билан суҳбатда “Амир Темур” пахта қабул қилиш пунктида ёнғин чиққанини тасдиқлади. Бироқ, унинг айтишича, ёнғин кўлами катта бўлмаган:

- Э бўлмаган гап-э. Одамларимиз ҳозирги вақтда шу оёқ билан эмас тили билан юрадими, деб ўйлайманда. Ўзим бўлмадим, лекин узоқдан эшитдим. Где то бир 220 киломи пахта ëнган экан ўша пунктда, - дейди Ғулом Умиров.

Директор ўринбосарига кўра, ёнғин электр симларининг қисқа туташуви оқибатида келиб чиққан:

- Ўша кун жуда қаттиқ шамол бўлган. Столбадаги симлар бир-бирига теккандан кейин ўт чиқарадику, короткий замикание бўлган вақтда. По моему ўшаларнинг учқуни учиб келган. Шунақа деган версиялар бўлди деб эшитдим,- деди“Ўзпахтасаноат” бирлашмасининг Сирдарё вилоят бўлими директори ўринбосари Ғулом Умиров.

Шу йилнинг 20 октябрида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги минг тонна пахта сақланадиган пахта пункти ёниб кетган эди.

17 ноябрда эса Жарқўрғон-Термиз темир йўлида Жарқўрғондаги тола базасидан экспорт учун юкланган икки вагон тола ёниб кул бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG