Линклар

Қирғизистон Ўзбекистонни чегарани бир томонлама ўзгартирганликда айбламоқда


Қирғиз расмийларининг 25 ноябр куни даъво қилишича¸ Сўх анклавидаги Ўзбекистон чегарачилари ўзаро чегара постини бир томонлама ўзгартирган ва Қирғизистон ҳудудига 3 километрча кириб олган.

Боткендаги ўнлаб қишлоқ аҳолиси Қўштут постидан ўтиб район марказига боради ва бу жараëнда ўзбек чегарачилари ва божхоначиларининг текширувига тутилмоқда¸ деб хабар берди қирғиз мухбирлари.

Боткен губернаторининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Саитжон Эратов¸ агар Бишкек ҳукумати бу масалада қўл қовуштириб ўтирса¸ Ўзбекистон чегарачиларининг уч чақирим эмас¸ эртага ўн чақиримга ҳам кириб келишидан огоҳлантирди.

Боткендаги 2022 чегара таянч пункти бошлиғи Нурбек Турганбаевга кўра¸ бу воқеа Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги мубоҳасали участкада содир бўлган. Қирғиз чегарачиси ўзбек чегарачилари қўлида бундай ҳаракатни қўллайдиган муайян ҳужжатлар бўлиши мумкинлигини эътироф этди.

- Бу муаммо устида икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш шуғулланаëтган махсус комиссия ишлаши керак¸ деди жумладан Турганбаев.

Айтилишича¸ бугун ўзбек-қирғиз расмийларининг чегара муаммоларига бағишланган навбатдаги йиғини бўлиб ўтмоқда. Мазкур музокараларга оид ҳозирча расмий хабар тарқатилмади.
XS
SM
MD
LG