Линклар

Яна ўша мавзу – Ўзбекистонда энергия тақчиллиги мавзуи. У ёқ-бу ёғи бир ойдан бери ўзбекистонликлар газ ва электр тақчиллигидан зорланади.


У ёқ-бу ёғи бир ойдан бери Озодлик уларнинг арзу ҳасратларини уларнинг ўзларига эшиттириб келаяпти.

Ўзбекистонда бирон бир расмий йўқки, энергия тақчиллиги сабабларини тушунтириб берсин.

Бу мавзу симиллаб оғриётган тишдай бўлиб қолди - ҳар доим ёдингизда, кеча-кундуз оғрийди.

Дўхтирга бориб олдириб ташлай десангиз – дўхтир йўқ. У ҳам кўмир бозорга кетган.


“Ҳеч йўқ 2 соатга свет беришсин, сув чиқарволайлик”

25 ноябр куни Эркин микрофонга ургутлик бир тингловчимиз қўнғироқ қилди.

Свет йўқ, сув йўқ, деди у. Микрофонни ёқай, дедим мен. Ёқа бошладим. Қўйинг, овозимни ёзманг, деди у.

Озодлик: Ëзмайми?

- Иложи бўлса, ëзманг. Одам қўрқади.

Озодлик: Унда нимага телeфон қилдингиз?

- Энди ўшалар эшитсин, ëзсангиз ҳам майли. Электр энергиясига масъул одамлар ҳеч бўлмaса кундуз куни ëқиб қўйса.

Озодлик: Қайси вилоят, қайси тумандансиз?

- Мен Ургут туманиданман.

Озодлик: Бир кеча-кундузда неча соат свет бераяпти?

- 20 минут бераяпти. У ҳам соат 11 дан кейин.

Озодлик: Ëлғон гапирмаяпсизми?

- Йўқ, мен нимага ëлғон гапираман?

Озодлик: Нечадан нечагача бераяпти?

- Аниқ соати йўқ. Ëқса ëқиб қолади, бўлмаса ўша ҳам бўлмайди. Сувга жуда қийналдик. Бизлар узоқ бир километрдан олиб келамиз свет ëнса ҳам.

Озодлик: Сувни қўйиб туринг. Светни сўраяпман. Светни 20 минут бераяпти дедингиз. Газ борми?

- Йўқ, бизларда газ йўқ. Бизлар ҳей адир жойда жойлашган. Пастдан бориб сув олиб келамиз.

Озодлик: Яна сувга ўтиб кетдингиз. Мен газни сўраяпман.

- Газ, умуман трубаси ҳам йўқ.

Озодлик: Уйни нима билан иситаяпсизлар?

- Ҳовлидан дарахтларни, майда-чуйда ўтинларни кесиб ëқаяпмизда шафтоли дегандай.

Озодлик: Кўмир бўлмайдими?

- Пул қани ака? Ҳозир қориннинг кўмирини кўриб турибмиз.

Озодлик: Бир тонна кўмир неча пул?

- 300 минг сўм.

Озодлик: Сиз шуни бозорга бориб “кўмир неча пул?” деб сўраб билдингизми ëки миш-миш гапми?

- Миш-миш эмас, аниқ биров олди. Бир халта кўмир 14 минг сўм. Газ, светни бир бало қилса бўлади. Сувга бачаларимиз касал бўлаяпти ҳар хил сувларни ичиб.

Озодлик: Сизнинг қишлоғингизга водопровод суви бормаганми қувур билан?

- Бизларнинг қишлоғимизга келган. Бизлар қишлоқдан бир километр чеккага кўчиб чиққанмиз. Қишлоқнинг ичига боришимиз учун бир километр. Сувни ўша ëқдан олиб келиб ичамиз. Ўзимизники ҳали янги бўлган қишлоқча. Лекин бу ерларда сув деган нарсалар йўқ.

Озодлик: Янги қишлоққа неча хўжалик кўчиб ўтгансизлар?

- 30 та.

Озодлик: 30 хўжалик шу ерга кўчиб борганига қанча бўлди?

- 10 йиллар бўлдида.

Озодлик: 10 йилдан бери водопровод бормаганми?

- Йўқ. Ҳамма камбағал. Одамларнинг пули кам. Ўзи қилса бўлади. Давлат қилиб бера олмайди энди.

Озодлик: Нимага 10 йилдан бери бугунга келиб арз қилаяпсиз?

- 10 йилдан бери мен бу нималарингизни билмасдим. Радиони, мана шунақа гапларни эшитиб, электрда ишлаëтганлар эшитсин мана шу гапимни. Ҳеч бўлмаса кундузи соат учдан бешгача ëқиб қўйса, бориб бачалар билан сув олиб келамиз пақир, канистрларда. Кейин ўшани бир сутка ичса бўлади.

Озодлик: Демак, свет йўқлиги учун сизлар артезиан қудуқларни ишлата олмаяпсизлар-а?

- Йўқ, умуман ишламаяпти. Ҳовузларнинг суви хазонлар тушиб, оптолнинг рангига ўхшаб кетган. Ичолмаяпмиз у сувларни. Халқ қийналаяпти.

Озодлик: Бир кеча-кундузда қанча беради дедингиз светни?

- 20-25 минутга ўчириб ëқади. Икки-уч марта ўчириб ëқади, шу билан йўқ.

Озодлик: Ўтган йил қанақа бўлган эди свет масаласи?

- Ҳар ҳолда яхши эди. Бундан кўра сал яхшироқ эди. Сув вақтида ëқар эди. Сувни вақтида олар эдик.

Озодлик: Нимага бир йилда шунчалик аҳвол оғир бўлиб кетди?

- Ким билади дейсиз. Ҳайронман, дейди ургутлик суҳбатдош.

25 ноябр куни Наманган шаҳрининг маҳаллаларидан биридан ҳам қўнғироқ қилишди. Маҳалламизда 4 кундан бери сув йўқ, дейишди.

Газ ва электр энергияси тақчиллигига кўникиб қолишган кўринди. Бу масалада ортиқча арз-дод қилишмади.


“Нега бир мусулмон бошқа мусулмонни “сотишга” шошади?”

Риштондан қўнғироқ қилган Қаюмжон деган тингловчимизнинг айтишича, у яшаб турган шаҳарда газ ва электр таъминоти “чидаса бўладиган даражада”.

“Чидаса бўладиган даража”нинг даражасига қизиқдик.

“Газ пастлиги учун овқат пишириб бўлмайди, свет бир кунда бир неча марта ўчиб турибди”, деди Қаюмжон.

Чидаётган Қаюмжон билан хайр-хўшни бошлаятувдик, у киши бизни тўхтатди.

- Сарвар ака, яна бир нималар борда. Сиëсатга оидроқ. Нимагадир мусулмон давлатлари “мусулмонман, Худо, Оллоҳ” деб юрамизу, лекин кўпроқ, дунë бўйича ҳам қараганингизда ноҳақликлар, нето ишлар, инсонга қарши ишлар кўпроқ мусулмон давлатларида бўлади. Нимага шунақа экан дейман. Ўзбекистонда ҳам бўлаяпти. Ноҳақ туҳмат билан одамларни қамаш, у қилиш, бу қилиш, одамларнинг уйларини бузиш, сиëсий тазйиқлар ҳам бўлади қилмаган ишини қилди, қилган ишини қилмади деб. Нимага шунақа?

Озодлик: Шу саволга ўзингизнинг жавобингиз борми?

- Жавобим йўқроқда. Шуни бир Қурултойга киритсангизлар бўлармиди демоқчиман сиëсатчиларни, дин пешволарини жалб қилиб туриб суҳбатга.

Озодлик: Бас бу масала устида ўйлаган экансиз, сизнинг ҳам ўзингизга яраша жавобингиз бордир. Айтинг тортинмасдан. Нима учун шунақа?

- Нима учун шунақа экан деб ўшанинг жавобини топа олмаяпманда. Бир мусулмон эмас деган халқлар, давлатлар мусулмонлардан кўра яхшироқ иш қилишади инсонлар тўғрисида. Масалан русларни ҳам динсиз¸ у-бу деймизу имкон даражасида мусулмонларнинг айрим қонун-қоидаларини қилишиб масалан одамларни дафн қиладиган бўлса, шунақа ишларни қилишади. Боре, менинг фуқаром эмас деб бизникиларга ўхшаб ташлаб юборавермайди.

Озодлик: Балки масаланинг жавоби одамларнинг бефарқлигидадир. Сизку Озодликка телефон қилиб гапираяпсиз. Ҳозир қўшнингизга олиб чиқингда шу телефонингизни. “Озодликка газ йўқлигини, свет ўчаëтганини айт” десангиз, қўшнингиз “Қўйинг ака, бошимни оғритманг” дейди. Балки шундадир?

- Ўшанақа ҳам бўлиши мумин. Ўшанақа кўп жавобгарлик ишларидан ўзимизни олиб қочадиган феълларимиз ҳам бор. Яна бир нимаси борки, мусулмонлар бир туриб олиб ҳаракат қилишмайди. Биттаси гапирган гапни, биттаси нариëққа олиб чиқиб сотишга ҳаракат қилади, дейди риштонлик Қаюмжон ака.

Риштонлик Қаюмжон саволларини кўндаланг қўйди.

Балки, Сиз тингловчи биларсиз жавобни?

************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG