Линклар


Россия Беларусга сотадиган гази нархини кескин арзонлаштирди.

Москвага келган Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашув арафасида бу ҳақда баëнот берган Бош вазир Владимир Путин газ нархининг кескин туширилиши Минск ҳукуматига камида 2 миллиард долларни тежаш имконини беражагини таъкидлади.

Путинга кўра¸ ҳозирга қадар ҳар минг куб метр Россия гази учун 244 доллар ҳақ тўлаëтган Беларус 2012 йилнинг январидан то 2014 йилга қадар айни миқдордаги газни 164 доллардан сотиб олади. Ҳозирда Европа давлатлари Россия газининг минг куб метри учун ўртача 400 доллар ҳақ тўламоқда.

Газ нархининг арзонлаштирилиши эвазига Беларусдаги газ қувурлари тизимининг қолган акциялари ҳам Россиянинг давлатга қарашли Газпром ширкати ихтиëрига ўтади.

Бу ҳақдаги келишувнинг бугун Россия ва Беларус президентлари томонидан имзоланиши кутилмоқда.

Шу пайтга қадар Белтрасгаз акцияларининг 50 фоизига эгалик қилиб келган Газпром кўпдан унинг қолганини ҳам сотиб олишга уринаëтган эди.

Кейинги ойлар ичи миллий ваюта қурби 65 фоизга қадрсизланиб кетгани оқибатида молиявий инқирозга юз тутган Беларус ҳукумати мамлакатдаги йирик иқтисодий иншоотларни Россияга сотиб юбормоқда.
XS
SM
MD
LG