Линклар

Чироқчи ИИБдаги маҳбус сирли равишда ўлди

  • Садриддин Ашур

Ҳибсда бўлган собиқ милициячи қандай қилиб ўзини осгани ҳозирча сир бўлиб қолмоқда.

Ҳибсда бўлган собиқ милициячи қандай қилиб ўзини осгани ҳозирча сир бўлиб қолмоқда.

Ҳибсдалиги пайтида ўлиб қолган ички ишлар идорасининг собиқ ходими, 28 ёшли Алмардон Рўзиқулов қорамол ўғирлаганликда айбланиб, ҳибсга олингани айтилмоқда. Марҳумнинг яқинлари унинг қийноқлардан ўлганини айтмоқдалар. Бироқ ички ишлар мулозимларига кўра, маҳбус тергов изоляторида ўзини осиб қўйган.


Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи туманининг Қорақия қишлоғида истиқомат қилган Алмардон Рўзиқуловнинг Чироқчи тумани ИИБ изоляторида ўлганлиги тўғрисидаги хабарни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатди.

Айтилишича, “1983 йилда туғилган Алмардон Рўзиқулов 20 ноябрь куни терговчилар томонидан қўлланилган ноинсоний қийноқ ва зўраки иқрорлик олишга уриниш даврида ўлган”.

Алмардон Рўзиқулов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) билан айбланиб, ҳибсга олингани айтилмоқда. “Эзгулик” хабарига кўра, Чироқчи туман ИИБга Қорақия қишлоғида қорамол ўғирлангани хусусида шикоят тушган. Ариза юзасидан туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан бир қанча гумондорлар сўроқ қилинган, айримлари ҳибсга олинган. Улар орасида Алмардон Рўзиқулов ҳам бўлган.

Алмардон Рўзиқуловнинг 82 ёшли отаси Мамай бобо бошчилигидаги қариндошлари Чироқчи туман ички ишлар бўлимидан Алмардон Рўзиқуловнинг ўлими юзасидан изоҳ талаб қилиб, ҳар куни ички ишлар биноси олдида йиғилаётгани айтилмоқда.

Бироқ, Алмардон Рўзиқулов ишини тергов қилган Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг терговчиси Анвар Холёров Озодлик билан суҳбатда, гумонланувчи шахснинг қийноқлар остида ўлганлигини рад этди. Унинг айтишича, Алмардон Рўзиқулов тергов изоляторида ўзини осиб қўйган:

- Бизлар ҳам Ўзбекистон республикасининг фуқаросимиз, инсонни қийноққа солиш мени терговчилик бурчимга ҳам, инсонийлик бурчимга ҳам тўғри келмайдику. Қийноққа солиш тақиқланган нарса ҳозир. Марҳумнинг танида ҳеч қандай жароҳат бўлмаса, исботини топмайдиган ҳеч қандай далил бўлмаса, у қандай ноинсоний қийноқ бўлади. Биз уни тергов изоляторида ўзини осган ҳолатда кўрамиз. Тергов изоляторининг ўзини масъул ходимлари бор. Терговчи у учун жавоб бермайди,- дейди терговчи Анвар Холёров.

Ички ишлар бўлими терговчиси Алмардон Рўзиқулов нима сабабдан ва қай тарзда ўзини осганлиги тафсилотларини гапирмади. Унинг айтишича, бу ҳолат туман прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда.

Бироқ, Чироқчи тумани ички ишлар бўлимининг исмини ошкор этмаган ходимининг Озодликка айтишича, Алмардон Рўзиқулов ўзини тергов изоляторида осиши мумкин бўлмаган. Унга кўра, Алмардон Рўзиқулов ички ишлар бўлимидаги коридорда ўзини осган. Бу воқеа қандай рўй берган, қандай у коридорда ўзини осиб қўйган, бу ҳақда бошқа маълумотга эга эмаслигини айтди, бу манба.

Маълумотларга кўра, Алмардон Рўзиқулов собиқ милиция ходими бўлган. У Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлаган, ички ишлар органлари сафида хизмат қилиб, истеъфога чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG