Линклар

Бу талаб эса¸ Мисрни бошқаришни зудлик билан халқ қўлловини қозонган фуқаровий кенгашга топширишдир.

25 ноябр куни мамлакатда ҳарбийлар ҳукмронлиги тугатилишини талаб қилаëтган минглаб мисрликлар ўз овозлари қаттиқроқ эшитилиши талаби билан яна майдонга йиғилдилар.

Намойиш ташкилотчилари “сўнгги имкон куни” деб аталган жума намозидан сўнгги норозилик тадбирида¸ миллионга яқин одамнинг тўпланишига умид билдирдилар.

Етти кундан бери ҳовурдан тушмай давом этаëтган Таҳрир майдонидаги намойиш қатнашчилари Ҳусни Муборакдан сўнг мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олган ҳарбий кенгашнинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилмоқдалар.

Намойишчилар ҳарбий кенгашдан бошқарувчи зудлик билан фуқаровий ҳукуматига топширишни сўрамоқда ва 2012 йилнинг июн ойига белгиланган президент сайловларига мамлакатни ҳарбийлар эмас¸ фуқаровий ҳукумат ҳозирлаши лозимлигини таъкидламоқда.

Таҳрир майдонида йиғилганларнинг кўплари Миср байроғини кўтариб олган бўлса¸ яна кўплари “Халқ фуқаровий президент кенгашини истайди!” деган ëзувни кўтариб олган.

Ана шундай намойишчилардан бири Муҳаммад Алашру¸ феврал ойида Муборакни ҳокимиятдан ағдарган халқ ўзини алдашига қараб турмаслигини айтади.

- Мен бизнинг ҳафсаламизни пир қилган сиëсатчилардан очиқчасига сўрамоқчиман – сиз бизнинг ҳаëтимиз воситасида ҳокимият ўйинини давом эттирмоқчимисиз? дейди Муҳаммад.

Таҳрир майдонига чиққан норозилардан яна бири Собир Саад ўз талаблари¸ аксар халқ талаблари қондирилмагунча¸ майдонни тарк этмаслигини таъкидлайди.

Миср матбуотининг ëзишича¸ бир ҳафтадан бери кучайиб бораëтган норозилик намойишларини ҳовурдан тушириш мақсадида Мисрни бошқариб турган Ҳарбий кенгаш мамлакат собиқ Бош вазири¸ 78 яшар Камол Ғанзурийга фуқаровий ҳукумати тузиш вазифасини топширган.

Аммо бу янгилик Таҳрир майдонидагилар томонидан қабул қилинмади – улар фикрича¸ Ғанзурий Ҳусни Муборакнинг 30 йиллик ҳукмронлигига барҳам берган Миср ëшлари намояндаси эмас ва у асосий халқ ташвишидан бехабар эски амалдор.

- Биз халқ дардини тушунадиган Бош вазир истаймиз. Биз ҳавога ўт очиб¸ бизни тарқатишга уринаëтганлар намояндаси эмас¸ балки халқ манфаатлари учун хизмат қиладиган одамнинг ҳукуматга келишини истаймиз¸ деди Таҳрир майдонидаги намойишчилар вакили Таҳа Муҳаммад 25 ноябр куни.

АҚШда таҳсил олган Камол Ғанзурий 1996-1999 йиллар давомида Ҳусни Муборак томонидан тайинланган ҳукуматда Бош вазирлик қилган. Айни пайтда Ғанзурий Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг¸ ўзини ундан четлаштирган сиëсатчилардан саналади.

Ҳозирча Ғанзурийнинг ҳарбийлар таклифини қабул қилган-қилмаганига оид маълумот йўқ.

Қоҳира ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги намойишлардан сўнг Мисрнинг ҳарбийлар кенгаши томонидан тайинланган Эссам Шариф бошчилигидаги фуқаровий ҳукумати жорий ҳафта истеъфога чиқди.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баëнотига кўра¸ ҳафта давомида намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида юзага чиққан тўқнашувлар оқибатида ўлганлар сони 41 нафарга етган ва уларнинг аксари Таҳрир майдонида ўлдирилганлардир.

Ҳарбий кенгаш Таҳрир майдонида юз берган зўравонликлар учун кечирим сўради ва қурбонлар оиласига товон пули тўлашга ваъда берди.

Душанба куни Мисрда Муборак ҳокимиятдан кетганидан кейинги илк бор парламент сайловлари ўтказилиши режаланган¸ аммо мамлакатдаги сиëсий беқарорлик кучайиб бораëтган ҳозирги вазиятда сайловларнинг кечиктирилиши ҳақида тахминлар пайдо бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG