Линклар

“Ўзбекистон темир йўллари“ Ғалаба -Амузанг темир йўлида юз берган портлашга қарамай, Тожикистонга тегишли вагонларни қабул қилиб олаётганини билдирди.

Айни пайтда Тожикистон жанубига тегишли бўлган 270 юк вагони Ўзбекистон ҳудудида қолмоқда экан. Бу ўз навбатида ўзбекистонлик темир йўлчилар учун бу бир қатор муаммолар туғдираётгани айтилади.

UzDaily.uz ахборот агентлигининг “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатидаги манбага таяниб ёзишича, Ўзбекистон томони “Тожикистон темир йўллари” ширкатига расмий мурожаатида озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган 270 вагонни Қудуқли станцияси орқали Душанбе шаҳар вокзалига ташиш ва сўнгра мамлакат жанубига юборишни сўраган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъуллари Тожикистонга тегишли юқ вагонларининг темир йўлларда тўпланиб қолаётгани, темир йўлчилар учун қатор муаммолар туғдираётганини билдирган.

Аснода “Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийлари Ўзбекистон сўровини қондира олмасликларини айтмоқда.

- Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз таклифини қабул қила олмаймиз, чунки бунинг имкони йўқ. Яъни бу юк вагонларини марказда қабул қилиб, сўнгра уларни республика жанубига юбориш учун жуда катта маблағ сарфланади. Бу эса ширкатимиз учун катта иқтисодий зиён етказади, -деди “Тожикистон темир йўллари “ ширкати масъули Усмон Қаландаров.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари 16 ноябрдан 17 ноябрга ўтар кечаси Термиз шаҳрини Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳри билан боғлайдиган “Ғалаба-Амузанг” темир йўл участкасида портлаш содир бўлганини маълум қилганди.

Термиз темир йўлининг Амузанг йўналиши Тожикистоннинг Хатлон вилоятига озиқ-овқат ва ёнилғи маҳсулотлари олиб кириш учун хизмат қиладиган ягона темир йўл саналади.

Ўзбекистоннинг Термиз ва Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳари ўртасидаги 218 километрлик темир йўлдан тожикистонликлар 1974 йилдан бери фойдаланиб келади.

17 ноябрга ўтар кечаси ана шу темир йўлда рўй берган потлашдан сўнг Тожикистонга қатнайдиган пассажир ва юк поездлари ҳаракати ҳам тўхтатилганди.

Портлаш сабабини ўрганиш учун Ўзбекистонда тузилган ҳукумат комиссиясининг дастлабки тахминлари террорчилик хуружи экани маълум қилинганди.

Тожикистон томонининг эса бу версияга ишонмаётгани кузатилади.
Темир йўл ширкат раиси муовини Владимир Собкалов “Азия плюс” ахборот агентлигига бир ҳафтадан бери ўз идораси Ўзбекистондан Ғалаба-Амузанг темир йўлининг ишдан чиқишига олиб келган ҳодиса юзасидан аниқ маълумот олинмаганини маълум қилди.

“Айни пайтда кўприк ўзбек ҳуқуқ идоралари томонидан ўраб олинган ва бирор киши у ерга яқинлаштирилмаяпти. Шу сабабли биз ҳозиргача темир йўл ўтган кўприк ниманинг оқибатида бузилганидан хабарсизмиз”, деган Темир йўл ширкат раиси муовини Владимир Собкалов.

Шунингдек, тожик расмийси, Ғалаба-Амузанг темир йўлини тиклаш ишлари чўзилаётганидан шикоят қилиб, “ “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатида мавжуд имкониятлар билан кичкинча кўприкни кўпи билан бир кеча кундузда тузатиш мумкин эди”, дея таъкидлаган.

Тожикистон томони 17 ноябр куни “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига йўллаган телеграммасида Ғалаба-Амузанг темир йўлини тузатиш ишларида қатнашишга ҳозирлигини билдиргани айтилади.

Бироқ Собкаловнинг айтишича, ҳозиргача Ўзбекистон томон бу таклифга на оғзаки, на ёзма равишда жавоб қайтарган.

Озиқ - овқат маҳсулотлари юкланган Тожикистонга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида тўпланиб қолиши, кузатувчиларга кўра, мамлакат жанубида шакар, ёғ ва ун маҳсулотларини тақчиллаштирган.

- Кундалик эҳтиёж маҳсулотлари тақчиллиги эса нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлади, - дейди иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Айтиш лозимки, 2010 йил бошида ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида “вагон можароси” вужудга келган эди.

Ўшанда “Ўзбекистон тожикистонликларни иқтисодий қамал қилиган” ини даъво қилган тожик томони бу замирида сиёсий омиллар ётганини таъкидлаганди.

Ўзбекистон томони эса бунинг сабабини темир йўл ўтган айрим ҳудудларни сел ювиб кетгани билан изоҳлаганди.

Президентлар Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон аралашувидан сўнг бу муаммо ўз ечимини топган эди.
XS
SM
MD
LG