Линклар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида қирғиз фуқаролари ўзбек чегарачиларидан норози бўлиб, Сўх анклави йўлини тўсиб қўйишди.

Боткен вилоятига қарашли Сой қишлоғи аҳолиси бир ҳафта аввал Ўзбекистон чегара бекатларида назорат кучайтирилиб, қишлоққа ёки туман марказига юк олиб ўтиш тақиқлангани борасида вилоят ҳокимиятига мурожаат қилишган. Бироқ масала ҳал бўлмагани сабабли 25 ноябр куни Сой қишлоғининг юздан ортиқ ахолиси норозилик тариқасида Ўзбекистоннинг Сўх анклавига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйишди.

- Олдимизда жойлашган блок постдан юк ўтказишмайди. “Чечма қишлоғи томонидан айланиб ўтинглар”, дейишади. Бунинг учун биз 25 километр узоқликка боришимиз керак. Биз азалдан шу ердан қатнаб юрганмиз. Бироқ ўтказмай қўйишди. Боткенга ҳам боролмаймиз. Тоққа мол олиб кетаётсанг справканг бўлса ҳам ўтказмайди. Шу масалаларни ҳал қилиб берсин деб норозиликка чиқдик, - деди Сой қишлоғида яшовчи Абдуҳалил Жусубалиев.

Боткендан олинган маълумотларга кўра, 25 ноябр куни норозилик намойишига чиққанлар тушгача тарқамай тургани сабабли икки давлат маҳаллий чегарачилари Ўзбекистоннинг Сўх анклавида учрашув ўтказиб, масалани муҳокама қилишган.

Бироқ бу учрашувда норозилар вакиллари қатнашмади. Чегарачиларнинг учрашуви натижалари тўғрисида маҳаллий аҳолига тушдан кейин хабар келган. Сойлик Абдуҳалил Жусубалиевга кўра, ўзбек чегарачилари боткенликларнинг анклавдан юк олиб ўтишига тўсқинлик қилмасликларини айтган:

- Бизга келишиб учрашув натижасини айтишди. Бизнинг талабимиз йўлдан транзит сифатида беъмалол ўтишга рухсат беришсин. Бизга келишиб “Энди қанча юкинглар бўлса ҳам справка билан беъмалол ўтаверасизлар”, деб айтишди. Биз айтдик, шундай рухсат берилди деб ёзиб чегара постига осиб қўйинглар солдатлар кўрсин дедик. Акс ҳолда чегарачилар алмашганда бошқа аскар келиб олиб, ўзи хоҳлаганидек текшираверади, - деди Абдуҳалил Жусубалиев.

Сўнгги кунларда Боткен вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида турли келишмовчиликлар юзага келмоқда.

Бир неча кун аввал, Ўзбекистон чегарачилари Фарғона вилоятига қарашли Сўх анклавидаги чегара постларидан бирини Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Таян қишлоғи ҳудуди ичкарисига 3 километр олиб кирди. Боткен вилоят губернатори ўринбосари Саитжан Эратовнинг айтишича, улар бу масалани ҳал қилишни сўраб Қирғизистон чегара хизмати расмийларига мурожаат қилганлар бироқ шу кунгача бирон натижа бўлмаяпти.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, шу йилнинг 25 ноябр куни Фарғонада Боткен ҳамда Фарҳона вилоятлари ўртасиадаги чегараларда юзага келаётган масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачиларининг учрашуви режалаштирилган эди. Бироқ учрашув номаълум муддатга қолдирилган:

- Режа бўйича учрашув бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ бизнинг қўмондонимизни Бишкекка – Ҳукуматга чақириб қолишди. Агар учрашув бўлиб ўтса, мен албатта натижалари борасида сизга ҳабар қиламан, деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати ходимаси.

Чегара масалаларини ёритиб борувчи боткенлик журналист Асқар Баймуратов фикрича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачиларининг бу каби учрашувлари чегарада юзага келаётган муаммоларни вақтинча ҳал қилади.

- Бундай учрашувлар сиёсий вазиятлардан келиб чиқиб тез-тез бўлиб туради. Лекин масала тўлалигича эмас, фақат вақтинча ҳал қилинади. Менимча, чегаранинг делимитация-демаркация масалаларини тўла ҳал қилиш керак. Акс ҳолда чегарада низоли вазиятлар пайдо бўлаверади, -дейди Асқар Баймyратов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG